Янгиликлар
Акциядорлик жамиятида Осиё Тараққиёт Банки кўмагида ташкил этилган тренинг машғулотлари бўлиб ўтмоқда
  • 10.11.2022
  • 238

Бугун, 2022 йил 10 ноябрь куни  Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ходимлари учун Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) кўмагида «Электр энергиясини сотиб олиш шартномасини бошқариш — ҳуқуқий ва техник масалалар» мавзусидаги тренинг машғулотлари бошланди. Мазкур тренинг машғулоти электр энергиясини сотиб олиш шартномасининг ҳуқуқий ва техник жиҳатларини ўрганишга, шу йўналишдаги масалаларни таҳлил қилиш орқали муҳокама қилишга йўналтирилган бўлиб, халқаро молия институти ташаббуси билан ўтказилмоқда.

Тадбирни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти  бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари С.С.Артиков очиб бериб, машғулотлар ҳар томонлама самарали бўлишини тилади.

Тренингнинг ҳуқуқий қисми қуйидагиларни қамраб олади: шартномаларни бошқариш, сифат мониторинги юритиш ва унинг асосий қоидаларини амалга ошириш, хатарларни тақсимлаш ва суғурта қилиш. Шунингдек, электр станцияларинг тармоққа уланиши, операцион талаблари, электр станцияларини қуриш ва бошқаришга қўйиладиган талаблар, тўлов қоидалари, аккредитив очиш, компенсация тўланиши ва қайтариш механизмлари, молиявий ҳимоя механизмлари, мустақил муҳандиснинг роли ва юридик харажатлар йўналишларида билим ва малакани ошириш шулар жумласидан.

Тренинг машғулотларининг техник қисми қуйидагиларга бағишланади: электр станциясини амалга ошириш, синовдан ўтказиш ва ишга тушириш пайтида томонларнинг мажбуриятлари, электр станциясини белгиланган талабларига мувофиқ сақлаш, оператив ва назорат қилиш қоидалари, диспетчерлик, шунингдек, электр энергиясини сақлаш тизимларини (батареяларни) киритиш.

Лойиҳаларни тайёрлаш билан шуғулланадиган барча даражадаги мутахассислар, яъни  юридик гуруҳ, техниклар, операторлардан тортиб молиявий-иқтисодий бўлимгача электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этадиган барча ходимларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш мақсадида ушбу тренинг машғулотлари ўтказилмоқда.

Тренинг машғулотларини мутахассислар: White & Case халқаро юридик компанияси ҳамкори Ричард Хилл  ҳамда Suntrace компаниясининг халқаро техник консультанти, лойиҳалаш бўйича катта менеджер Йенс Роденхаузер олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Электр энергиясини сотиб олиш шартномасини бошқариш — ҳуқуқий ва техник масалалар» мавзусидаги тренинг машғулотлари 10–11 ноябрь кунлари «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг катта мажлислар залида давом этади.

 

✍️ Ш.Иноғомов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ишлаш бўлими бошлиғи

 

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>