ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Ўзбекистон-Хитой: кимё ва газ-кимё саноатида стратегик ҳамкорлик ривожланади
  • 08.11.2022
  • 162

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Хитой Халқ Республикасининг кимё-муҳандислик миллий корпорацияси президенти Вэнь Ган бошчилигидаги делегация аъзолари учрашуви бўлиб ўтди.

Унда томонлар кимё саноатини янада ривожлантириш масалалари ва истиқболли йўналишларнинг кейинги босқичларини муҳокама қилди.  

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида кимё ва газ-кимё саноати соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга сезиларли даражада ошиб бораётгани ва бу борада айниқса, Кимё-муҳандислик миллий корпорациясининг (CNCЕC) ўрни юқори экани ҳақида сўз юритилди.  

– Мен сўнгги ўн йил ичида биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрдим ва кўриб турибманки, Ўзбекистон барча соҳаларда сезиларли даражада тараққий этганига гувоҳ бўлдим. Ишончим комилки, ҳамкорлигимиз келажакда янада ривожланади, – деди корпорация президенти Вэнь Ган.  

Ҳозирги кунда CNCЕCнинг “China National Chemical Engineering No. 7 Construction Co., Ltd.” компанияси томонидан кимё ва газ-кимё саноатининг “Аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, “Метанолни полипропиленга (МТР) қайта ишлаш мажмуаси қурилиши”, “Метанолни олефинларга (МТО) қайта ишлаш мажмуасини қуриш”, “Полибутиленадипаттерефталат (PBAT) ишлаб чиқаришни ташкил этиш” каби йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.  

Бундан ташқари хорижий томон оқова сувларни тозалаш иншоотлари ва инфратузилмасини қуриш, автомобиль йўллари қуриш, шунингдек, кам углеродли ривожланиш ва қайта тикланувчи яшил энергия манбалари лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этишдан манфаатдор эканлигини билдирди.  

Учрашув якунида  икки мамлакат ўртасида кимё ва газ-кимё саноатида стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги битим имзоланди.  

 

ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>