БИР ПАЙТЛАР ЗАМОНА ЗАЙЛИ БИЛАН “ИНТЕРНАЦИОНАЛ” + “ЛИК” КАБИ ЎЗАГИ У ЁҚДАН, ҚЎШИМЧАСИ ЭСА БУ ЁҚДАН БЎЛГАН СЎЗЛАР ЛУҒАТИМИЗДА ТИҚИЛИБ КЕТГАН ЭДИ. 1990 ЙИЛЛАР БОШИДА – ЎЗБЕК ТИЛИ ЭНДИГИНА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИНИ ОЛГАН ЧОҒДА АКСАР ОДАМЛАР РУСЧА Ё РУС ТИЛИ ОРҚАЛИ КИРИБ КЕЛГАН ҲАР БИР АТАМАНИ, ТОПСА – ЎЗБЕКЧА, ТОПМАСА – АРАБЧАЮ ФОРСЧА СЎЗЛАР БИЛАН АЛМАШТИРИБ, “ЎЗБЕКЧА”ЛАШТИРИШГА ТУШДИ, ҲАММА СЎЗ ВА АТАМА ЯСАШГА ИШҚИВОЗ БЎЛДИ.
Илгари “вазир” деганда эртаклардаги подшонинг ўнг ё чапида ўтирадиган саллали одамни тушунган бўлсак, энди “министр” ўрнини босди. Ғалати-ғалати янгича сўзлар ўйлаб топилди. Булардан, айниқса, “овознигор” (paдиo) ва “ойнасўз” (киоск) деганлари ажабтовур эди.
Майли-да, ишқилиб, шу тарзда ҳам ўзбек тили анча-мунча бойиб қолди. Бугун “муҳандис” ё “кутубхона”, “кимё” десангиз, ҳеч ким ҳайрон бўлмайди. Ахир, атиги қирқ йилча бурун ҳам булар ўзбек тилининг ўлимга ҳукм қилинган, луғатларда “арх.” ёки “эск.” белгиси қўйилиб, чормихга тортилган сўзлари эди-ку!
Аммо ҳозир тилнинг қувватини кеткизадиган, сўздай мўътабар нарсани ичи бўш шақилдоққа айлантирадиган янги иллат пайдо бўлди. Бу бир сўзга икки-уч маънони юклаш ё аксинча: бир неча тушунчани битта сўзда ифодалашда кўринади.
“Станция” ана шундай сўзлардан бири. Ростдан ҳам, нима деб берса бўлади уни? Биров “шохобча” дейишни таклиф қилди, бошқаси “тармоқ” деди, “автостанция”ни кўзда тутганлар эса “бекат”ни ёқлади.
Асли лотинчада “станция” тўхташ, тўхтаб туриш дегани. Истилоҳ сифатида бизга русчадан ўтган бу калиманинг қўлланиш доираси кенг – автостанция, телефон станцияси, радиостанция, темир йўл станцияси, санэпидстанция, ўсимликларни муҳофаза қилиш станцияси, метеорология станцияси, товар станцияси, тоғ-иқлим станцияси, қон қуйиш станцияси, таъминот станцияси, ёш техниклар (ёш табиатшунослар) станцияси, метро станцияси, насос станцияси, ёнилғи қуйиш станцияси, машина станцияси, таъмирлаш станцияси ва ҳоказо.
Ҳар ким ўз фикрини ўтказишга интилди. Ишбоши қилиб тайинланган Атамақўмда эса қатъий бир фикрни кесиб айтгулик савия ҳам, мавқе ҳам йўқ эди. Шунинг касрига аввалги “министр”лар дастлаб “нозир”, кейин “вазир” бўлишди. “Район” эса “ноҳия”, кейинроқ “туман” деб, “газета” – “рўзнома”, “куннома” ва яна “газета” деб, “журнал” эса “ойбитик”, “ойнома”, “мажалла”, сўнг тағин “журнал” деб аталди ва…
“Станция” масаласида ҳар ким ўз фикрида қолди. Бугунги кунда у “шохобча”, “тармоқ”, “бекат” (шоҳбекат) ва... яна қайтиб “станция” деб турфа тарзда қўлланяпти.
“Хўш, тўрт хил номланса, нима қипти?” деб сўраши мумкин тил масаласидан йироқроқ одамлар. Пичоқ ҳам, қайчи ҳам кесувчи асбоб, аммо уларни аралаштириш мумкин эмас. Демак, “станция” кабилар борасида аниқ бир хиллик керак, йўқса, тушунчалар аро бошбошдоқлик юзага келиб, давлат тилида иш юритишга тўсиқ бўлади ва охир-оқибат, она тилимизнинг эндиги тараққиётига халал беради. Станция – станциядир, ҳеч қандай шохобчаю тармоқчалар унинг маъносини ифодалай олмайди. Масалан, Марказий телеграф-телефон станцияси. У ниманинг шохобчасию ниманинг тармоғи?
Бунинг моддий зарари-чи? Бирор вазирлик номида битта сўз ўзгарса, шу вазирликнинг марказий идораси олдидаги мармар тахтага зарҳал билан ёзиладиган одам бўйи пешлавҳадан тортиб, унинг барча вилоят ва туманлардаги шўъбаларида жами муҳрлар, бланка, пешлавҳа ва бошқа ҳужжатлар янгиланади. Бунинг учун шунча идораю ташкилотнинг низомлари ҳам ўзгартирилиши шарт – қайта кўриб чиқилиб, тасдиқланади. Давлатнинг, яъни халқнинг бошқа эҳтиёжга яраши мумкин бўлган миллион-миллион сўм ақчаси ана шу биргина хатони бартараф этишга сарф бўлади. Атамачилик ишида тўғри йўл тутилса, бояги маблағни бирор мактаб қуришга, ё нафақа пулини сал оширишга ёинки автобус йўлкирасини бироз бўлса-да, камайтиришга асқотиб қоларди. Бу битта сўз устидаги ғалва...
Тилимиз, айниқса, термин ва атамалар борасида орқага кетаётганга ўхшайди. Чунки атамачиликни бошқарадиган марказ йўқ, бори ҳам ёпиб юборилган. Шунинг касрига, ҳар ким “атамашунос” бўлиб кетди. Масалан, ҳар бир туман электр тармоқлари идорасига кирсангиз, қатор турган ойнабанд киосклар тепасига “ТАСВИРЧИ” деб ёзиб қўйилганига кўзингиз тушади. Аммо... бу жойда ўтирадиган ходимлар нимани тасвирлайди? Разм солсак, “ОПЕРАТОР”ни бирор аканг қарағай тилбузар “кинооператор” билан бир хил деб ўйлаб, уни ҳам “тасвирчи”га айлантириб юборган кўринади. Ҳолбуки, бу “тасвирчи”лар қарзингизни ҳисоблаб беради, сурат олмайди.
Тошкентнинг Чилонзорида бир маҳкама тепасида “ТАРЖИМАЛАР” деган ёзувни кўрдим. Бироқ бу жойда ҳеч нарсани таржима қилишмас, балки пулингизни бошқа жойга ўтказиб беришар экан. Русча у ҳам “перевод”-да. Таржимани... бошқатдан таржима қилишга тўғри келади.
Ажабтовур тарзда ўгирилаётган сўзлардан яна бири – “операция”, ҳозир “амалиёт” деб юритиляпти. Мен “операция” қандай қилиб “амалиёт” бўлиб қолганини яхши эслайман. Ўшанда Марказий банк ўз соҳасига оид атамаларни давлат тилига ўтказишга ёрдам беришни сўраб, Тил ва адабиёт институтининг таржимонлар гуруҳига мурожаат қилди. Ўзбекчалаштирилиши сўралган тушунчалардан бири Марказий банкнинг “Операционное управление”си экан. Агар буни жўнгина қилиб “Операция бошқармаси” десак, аёнки, бундай “таржима”нинг бировга кераги бўлмайди. Банк иши билан танишиб чиқишга тўғри келди. Маълум бўлишича, бояги бошқарма банкнинг юраги – жами амалий ишларни бажарувчи, ҳисоб-китобларни олиб борувчи муассаса экан. Мен уни “Амалиёт бошқармаси” деб ўгириб тақдим этдим. Бошқа атамалар қатори бу янгича номланиш ҳам қабул қилинди ва қўлланяпти. Аммо бу дегани қаерда “операция” сўзи учраса, дарров уни “амалиёт” билан алмаштириш кераклигини билдирмайди (чунки, агар “амалиёт”ни қайтариб рус тилига таржима қилсангиз, аксар ҳолда “практика” бўлади).
Нима дейсизки, орадан бирор йил ўтиб-ўтмай, газеталарда “Борис Ельциннинг юрагига амалиёт ўтказилди” деган хабарлар босилиб турибди-да! Шоввозлар “операция” энди “амалиёт” бўпти, деб тушунишганга ўхшайди. Кейинроқ бу юмшатилиб, “жарроҳлик амалиёти” дейила бошлади.
Аммо-лекин, одамлар қабул қилмаса, яъни нутқида ишлатмаса бекор. Ҳозиргача бирор киши тиббий операцияни “амалиёт” деганини эшитганим йўқ. Демак, қабул бўлмабди – “операция”нинг ўзи тузук экан.
Тил ижтимоий ҳодиса, аммо сиёсий нарса эмас. Бинобарин, унга сиёсатни аралаштириш, тил жараёнини сиёсий иродага бўйсундириш маҳол. Тилга фармон бериб бўлмайди. Демак, қайси тилдан кирган бўлишидан қатъи назар, она тилига қабул қилинган ва қўлланаётган сўзларни “ҳайдаб” чиқариш ҳам имкондан хориж. “Ҳайдалган” ана шундай сўзлардан бири “станция”, яна бири “операция” бўлса, улар ҳам вақт ўтиб, худди бир пайтлар янгилаб кўрилган, аммо ижобат бўлмаган “газета”, “журнал”, “радио”, “телевизор” сўзлари сингари ўзбек тили лексиконига қайтяпти.
Менимча, бунда бош йўналиш – ўзга тиллардан кириб келган ва атамаларимиз қаторидан ўрин олган ҳар битта сўзни шу ҳолича қолдириш ё алмаштириш масаласи кўриб чиқилар экан, бу сўз асли байналмилалми ё фақат бир тилдагина мавжуд бўлиб, ўзбекчага ана шу тилдан қабул қилинганми, дастлаб шуни аниқлаш керак. Башарти сўз халқаро бўлса, уни она тилимизда ҳам қолдириш, фақат бир миллат тилидан олинган бўлса, уни халқаро эквиваленти билан алмаштирган маъқул.
Жуда кўп атамалар кўп маъноли. Бу уларни иккинчи тилда қўллашда мушкулот келтириб чиқаради. Масалан, позиция – мавқе,
позиция – нуқтаи назар, позиция – эгалланган ер. Уларни бошқа тилда қўллашда ҳушёр бўлиш керак. Чунончи, “фалон ҳарбий бўлинманинг мавқеи” дейиш бўлинма эгаллаган позицияни эмас, шу бўлинманинг полкдаги обрўсини англатади.
Ҳозир бизда реестр ҳам – рўйхат, список ҳам – рўйхат бўлиб кетган. Копияни ҳам нусха деб айтяпмиз, экземплярни ҳам. Яна бир мисол: направление – йўналишдир, аммо маршрут – маршрутлигича қолгани маъқул. Йўқса, илмий аниқлик бой берилади, тилнинг ифодавий имкониятлари кўпайиш ўрнига озаяди.
Энди авваллари Худонинг берган куни ўн марталаб эшитадиганимиз “план” сўзини олинг. Ҳозир “режа”, “шартнома режаси”, “шартномавий мажбурият” каби ғалати-ғалати шаклларда қўлланяпти. Аммо улардан ҳеч қайсиси, ўша қисқагина, қулай бўлган “план”нинг маъносини бера олмайди, ҳеч ким (агар радиога интервю бераётган бўлмаса) тилини бураб, “шартномавий режани адо этдик” демайди.
Давлат тили тўғрисидаги қонун чиққанида асосий эътибор русийзабон аҳолига ўзбек тилини ўргатишга қаратилди. Сон-саноқсиз текин курслар очилди. Аҳолининг нари борса беш фоизини ташкил этадиган русийзабонларга ўзбек тилида сўзлашишни ўргатиб қўйиш биланоқ лисонимиз давлат тили бўлиб қолмаганига ва бу хато иш бўлганига бугун шоҳидмиз. Давлатнинг миллионлаб маблағи ҳисобига бир-иккита “узбекча” сўз ўрганганлар бугун Россияда, Исроилу Канадага кетиб, у ёқдаги ўзбек тилини билмайдиганларга “Нонни нанна дейдилар”, деб ўргатиб юрган бўлса ҳам ажаб эмас.
Моҳиятан шу каби бошқа бир хато бугун давом этяпти – қандай қилиб бўлса-да, атамаларга ўзбекча кўйлак кийдиришга зўр беряпмиз. Борингки, бир неча юз сўз ва атамани шу зайлда эплаб-сеплаб “ўзбекча” қилиб олармиз. Аммо бу она тилимиз мавқеини оширишга эмас, ўзбек терминологиясини барбод қилишга олиб келиши тайин. Яна анойи бўлиб кутганимиз қолади.
Ўзбек тили давлат тили бўлишининг бор-йўғи иккита “кичкина” шарти бор: биринчидан, барча идора ва ташкилотларда давлат тилида иш юритишнигина эмас, ишлаб чиқаришни ҳам она тилимизга ўтказишимиз керак ва иккинчидан, давлат тилида иш юритиш сифатини тобора яхшилаш лозим. Бусиз қонун... қоғозда қола беради.
Биздаги тил мавқеига бир мисол. Асака автомашиналарининг мутлақ кўпчилигини қоракўз ўзбегим сотиб олиб минади. Лекин бирорта машинанинг йўриқнома китобчаси ўзбек тилида эмас, бу китоблар – ҳар йили минглаб машинани сотиб олишга ваъда бериб, ўз юртига экспорт қилдириб, сўнг шунча харажатга чув тушириб, ортга қайтариб юборадиган мамлакатнинг давлат тилида.
Нега шунақа? Чунки шу завод раҳбарларининг ҳеч бири миллатпарвар эмас. Миллатпарвар бўлмаган одам ватанпарвар ҳам бўлмайди. Энди бу гапни ҳам исботлаш шарт эмасдир?
Тил – миллатни, халқни ва мамлакатни яхлит қилиб тутиб турадиган омил. Шундай экан, тилга қувват бериш миллатни, халқни қўллашдир, юртни қўриқлашнинг дебочасидир.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
Манба: https://21asr.uz/k/Tanqid/2017
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz»
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати