ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
daryo.uz: «Ўзбекистонда АЭС қурилишига қаршиман» — Расул Кушербаев
  • 21.10.2022
  • 212

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «АзонТВ» лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилаётган атом электр станцияси (АЭС)ни қайта кўриб чиқиш кераклиги ҳақида фикр билдирди.

Мени ҳайрон қолдирадиган нарса — экологик манфаатларни ҳимоя қиладиган партия атом электростанция қурилишини қўллаб-қувватлаганини бирон-бир мамлакатда кўрмаганман. Буни Ўзбекистонда кўрганман холос. Яъни АЭС қурилишини экопартия қўллаб-қувватлаётганидан шокда қоляпман. Менимча, бундай ҳолат фақат бизда бўлса керак.

Менинг шахсий фикрим, атом электростанциясини қуриш экология учун хавфли, хавфи юқори. Бунга кафолатлар бериляпти, лекин бизнинг режамизда ҳам турибди. Мана яқинда энергетика вазири тайинланди, у кишидан сўралди. Нима бўляпти десам, «Мана музокаралар кетяпти», деб кўп ижобий гаплар айтяпти.

Ҳалиям шубҳадаман ва ҳалиям буни қайта кўриш керак деган фикрдаман. Чунки бутун дунё бундан воз кечаётган вақтда биз энди ўтяпмиз. Бу нарса келажак билан боғлиқ. Тўғрисини айтганда, бошқа муқобил вариантлар кўрганимиз маъқул.

Бу гапларни айтяпман, ҳозир менга қарши ҳужумлар бошланади. Аммо мен қаршиман. Энергиянинг бошқа муқобил йўли изланиши керак. Ҳеч қандай экологияга зарар келтирмайди, юз фоиз биз кафолат берамиз, дегани билан у бугунги кунда айтилаётган баёнот 10 йилдан кейин нима бўлишига ким кафолат беради?

Ҳозирги дунёда бўлаётган ўзгаришлар, шу жумладан, мана уруш ҳолатлари келиб чиқяпти, станциялар қанчалик хавф остида қолиб кетиши мумкин. Кимлардир ундан ўйинчоқ сифатида ёки «ричаг» сифатида фойдаланиши мумкин. Биз келажакда ҳеч қандай «ричаг»лар қолдирмайдиган йўлини топишимиз керак. Ўн йилдан кейин континентал бўлган табиатимиз қандай аҳволда бўлишини билмаймиз. Шамолнинг ҳозирги массалари қаердан кириб келяпти, у эртага ўзгариши мумкин. Бир неча йил олдин кўрдикки, энг хавфсиз деган жойларда талафотлар кўрилди, Сирдарё вилояти ва бошқа ерда кўрдик.

50, 100 йиллар давомида чанг кўрмаган Тошкентда ўтган йили катта чанг-бўронларини гувоҳи бўлдик.

2019 йилда «Росатом» раҳбари Ўзбекистонда АЭС бўлишининг иқтисодий фойдаси ҳақида гапирганди. Унинг айтишича, АЭСга инвестиция қилинган ҳар бир доллар маҳаллий етказиб берувчиларга 1,9 доллар, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотига 4,3 доллар ва солиқ тушумлари шаклида бюджетга 1,4 доллар даромад келтириши мумкин.

 

«2019—2029 йилларда Ўзбекистон Республикада атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент қарорига кўра, Ўзбекистон атом электр станцияси қурилишини 2022 йилдан эрта бошламайди.

Ҳужжатга кўра, мамлакатдаги илк атом электр станциясини барпо этиш уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич — 2019—2020 йилларда АЭС қуриладиган жой аниқланади, 2020—2021 йилларда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. 2022 йилдан эса объект қурилишига киришилади.

Россия дизайни асосида қуриладиган ушбу АЭС қиймати тахминан 11 миллиард долларга баҳоланганди.

 

Манба: https://daryo.uz/k/2022/10/20/ozbekistonda-aes-qurilishiga-qarshiman-rasul-kusherbayev/

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>