Кеча, 26 октябрь куни Энергетика вазирлиги, “Ўзнефтгазинспекция”, “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖлар томонидан маҳаллий ОАВ вакиллари, журналист ва блогерларни Тошкент вилоятининг Ўрта-Чирчиқ туманидаги кўмир ёқилғисига мослаштирилган иссиқхоналар фаолияти ва уларнинг афзалликлари билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Журналистлар тумандаги кўмир ёрдамида фаолият юритаётган иссиқхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, “Komolabegim Agro Food” МЧЖга қарашли иссиқхона табиий газ ўрнига кўмирдан фойдаланадиган иссиқхоналардан бири ҳисобланади.
Табиий газ тобора қиймати юқори, нисбатан қимматбаҳо табиий захирага айланиб боряпти, ундан ёнилғи сифатида фойдаланиш ҳам вақт ўтган сайин қимматлашиб бормоқда.
Табиий газга нисбатан арзон бўлган ёқилғи тури – кўмирдан фойдаланишга ўтиш бизнесда маҳсулот таннархининг ошиб кетиши хавфини сезиларли даражада пасайтиради.
Журналистлар иссиқхона шароитида кўмир ёки табиий газ ёрдамида маҳсулот етиштириш учун сарф этиладиган умумий харажатлар ҳисоб-китоби билан таништирилди.
Таққослаш учун айтадиган бўлсак, Тошкент вилоятида бир хил табиий шароит, бир хил майдон (1 гектар учун) ва бир хил маҳсулот (помидор) етиштиришга ихтисослашган – кўмирда ишловчи иссиқхона ва табиий газда ишловчи иссиқхона хўжалиги фаолияти солиштирилганда кўмир ёқилғисида маҳсулот етиштириш табиий газга нисбатан 30 фоизгача арзон тушиши ёки мавсум давомида 150 млн сўмга яқин ёқилғи ресурслари тежалишига эришилиши маълум бўлди.
Тадбиркорнинг айтишига кўра, кўмир табиий газга нисбатан арзон ёқилғи бўлиб, маҳсулот таннархининг ошиб кетишига йўл қўймайди. Иссиқхона маҳсулот етиштириш учун мавсум давомида ўртача 432 млн сўм ҳаражат қилган ҳолда 1 млрд 320 млн сўм даромад олади. Бунда соф фойда 885 млн сўмни ташкил этади.
“Экология нуқтаи назаридан олганда, табиий газ ёқилганда кўмир ёнганидаги каби юқори ҳароратда азот оксиди ажралиб чиқади. Фақат кўмир ёқилғисидан фойдаланиш учун тозаловчи қўшимча ускуналар талаб этилади, яъни бу ускуналар атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтиришга хизмат қилади”, – дейди тадбиркор.
Юртимизда муқобил энергия манбалари қурилмаларини жорий этиш, хусусан энергия тежовчи технологияларни ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳамиятлиси, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш натижасида ҳам табиий ресурсларни тежашга ҳам харажатларни сезиларни даражада камайтиришга эришилади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2234
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati