ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Ўзбекистон – Туркманистон: томонлар ҳукуматлараро келишувлар асосида ҳамкорлик қилади
  • 24.10.2022
  • 175

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан айни пайтда расмий ташриф билан Ашхобод шаҳрида бўлиб турибди.

Ўзбек ва туркман халқлари қадимдан яқин дўст, аҳил қўшни, стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар билан бир дарёдан сув ичиб яшаб келган. Ушбу халқларнинг тарихий илдизлари ва дини бирлиги, тили, маданияти, анъаналарининг муштараклиги Ўзбекистон –Туркманистон ҳамкорлигининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлиги энергетика соҳаси, хусусан, электр энергетика тармоғида ҳам ҳукуматлараро келишувларга мувофиқ амалга ошириб келинмоқда.

Президентнинг мазкур расмий ташрифи доирасида бир қатор учрашув ва тадбирлар ўтказилмоқда.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов ва Туркманистон энергетика вазири Хажимуҳаммет Режепмуродов ўртасида ишчи тартибдаги учрашуви ташкил этилди. Шунингдек, унда Ўзбекистондан «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ҳамда «Туркменэнерго» давлат электр энергетика корпорацияси раиси Дурди Элясов ҳам иштирок этди.

Томонлар ҳукуматлараро келишувларга мувофиқ амалга оширилаётган лойиҳалар, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр жиҳозларини Туркманистон бозорига олиб киришдаги ҳамкорлик, шу жумладан, Туркманистондан Ўзбекистонга электр энергияси импорти, Туркманистондан Ўзбекистон магистрал электр тармоқлари орқали Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига электр энергияси транзити масалаларини муҳокама этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси 15-йиғилишининг (2019 йил 23 ноябрь, Ашхобод шаҳри) қарорига кўра, Туркманистон Республикасидан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш масаласи юзасидан келишувга эришилган. Келишувга мувофиқ 2019 йилнинг декабрь ойидан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Туркменэнерго» давлат энергетика корпорацияси ўртасида Туркманистондан Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.

ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/ozbekiston-turkmaniston-tomonlar-hukumatlararo-kelishuvlar-asosida-hamkorlik-qiladi_418033

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>