ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Электр энергияси соҳасида 41 мингдан ортиқ мурожаат бўлган
  • 21.10.2022
  • 245

Аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича давлат органларига қилган мурожаатларини тезкор ва сифатли кўриб чиқиш энг долзарб масалалардан биридир. Бу борада мамлакатимизда тизимли ишлар ташкил этилмоқда.

Биргина Энергетика вазирлигига шу йилнинг тўққиз ойи мобайнида 1 минг 629 та, тизим ташкилотларига 82 минг 804 та мурожаат келиб тушган. Шундан 41 минг 412 таси электр энергияси, 40 минг 766 таси табиий ва суюлтирилган газ, 219 таси кўмир ҳамда 2 минг 36 таси бошқа масалаларга оид мурожаатлардир. Мазкур мурожаатлар ўз вақтида кўрилиб, назоратга олинган.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг қўшма йиғилишида Энергетика вазирлигининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Унда юқоридаги рақамлар айтиб ўтилди.  

— Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиб келинади, — деди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев. — Мурожаатларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш мақсадида жорий йилда 11 та магистрал подстанция модернизация қилиниб, уларнинг қуввати 1 616 МВАга оширилган. Шунингдек, паст кучланишли тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш дастури доирасида 4 минг 320,7 км электр узатиш тармоқлари, 537 та трансформатор пункти янгидан қурилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2 минг 727,3 км электр узатиш тармоқлари, 710 та трансформатор ўрнатилган, йил якунига қадар яна 400 таси ўрнатилади.  

Шунингдек, йиғилишда аҳолини газ билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  

—  Қўмитамизга тақдим этилган ахборотга кўра, аҳолига табиий газни барқарор етказиб бериш мақсадида жорий йилда 11,8 км магистрал газ қувурларининг нуқсонли қисми алмаштирилган, 17 та газ тақсимлаш станцияси реконструкция қилиниб, 89 та компрессор станциясида газ ҳайдаш агрегатлари таъмирланган, — деди депутат Наврўз Юсупов. — Шунингдек, табиий газ таъминоти бўйича 157,3 км газ тармоқлари ва 299 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланган. Таъкидлаш жоизки, аҳолининг табиий газ ва электр энергияси, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, бензин ва метан ёқилғиси таъминоти билан боғлиқ бир қатор масалалар борасидаги мурожаатлари, эътирозлари талай. Биз депутатлар сайлов округларида бўлганимизда, сайловчиларнинг ушбу йўналишдаги мурожаатлари кўп эканлигига гувоҳ бўламиз. Вазирлик ва мутасадди вакиллар аҳолидан энг кўп бўладиган мурожаатларга, шунингдек, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган муаммоларга доимий эътибор қаратиб, уларга ўз муносабатини билдириб бориши мақсадга мувофиқ.  

Йиғилишда депутатлар сайлов округларида дуч келган муаммолар, сайловчилар мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда қатор саволларни ўртага ташлади. Вазирликка мурожаатларни белгиланган муддатларда сифатли ижросини таъминлаш юзасидан назоратни янада кучайтириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.  

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/elektr-energiyasi-sohasida-41-mingdan-ortiq-murozhaat-bolgan_417789

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>