Янгиликлар
“Самарқанд магистрал электр тармоқлари” корхонаси: Мақсадимиз – электр таъминотида узилишлар бўлмаслигига эришиш
  • 25.08.2022
  • 259

Кейинги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга қаратилган катта ўзгаришлар амалга ошириляпти. Масалан, ҳудудларда эркин иқтисодий зоналар, технопарклар, кластерлар ташкил этиляпти. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Хавфсиз шаҳар” каби стратегик дастурлар асосида шаҳару қишлоқларда улкан бунёдкорликлар қилинмоқдаки, уларнинг қиёфаси мутлақо янгиланяпти. Шунга яраша туризм ҳам тараққий топмоқда.

Жамият ва давлат ҳаётида кузатилаётган бу каби шиддатли ривожланиш суръатлари, энг аввало, электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ҳам ўсишига олиб келмоқда. Аммо электр энергияси ишлаб чиқариш осонмас. Унинг ортида катта меҳнат, катта заҳмат ётибди. Бунда энергетикларнинг туну кун меҳнати, ускуналарнинг узлуксиз ишлаши ва уларнинг ўз вақтида назоратидек масъулият мужассам.

Бу юмушларни бажаришда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги корхона ишчи-мутахассислари фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, айни кунларда «Самарқанд магистрал электр тармоқлари» филиали энергетикларининг хайрли ташвиши ҳар қачонгидан ортган. Чунки жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари кўҳна кентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити бўлиб ўтади.

- ШҲТ саммити олдидан тайёргарлик ишларини 2021 йил май ойидан бошлаганмиз, - дейди «Самарқанд магистрал электр тармоқлари” филиали директори Маҳмуд Пардаев. – Самарқанд тумани ҳудудидаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ва Самарқанд шаҳрини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Бош вазир томонидан 2021 йил 19 майда дастур тасдиқланди. Унга асосан зиммамизга Ургут туманидаги 500 кВли "Сўғдиёна" нимстанциясидан Самарқанд тумани ҳудудидаги 220 кВли “Чўпон-ота” нимстанцияси оралиғида узунлиги 38,7 километр бўлган 220 кВли ҳаво электр тармоғи тортиб келиш вазифаси юкланди. Ўтган 1 йил давомида пудратчи ташкилотлар - “4-сонли МБ” ҳамда “Gridson” акциядорлик жамиятлари билан биргаликда ушбу лойиҳани амалга оширдик.

Бунинг учун 198 та темир-бетон таянч устунлари ўрнатилди,38,7 километрга электр тармоқ сим-кабеллари тортилди. “Чўпон-ота” нимстанциясида эса катта қурилиш-монтаж ва модернизация ишлари олиб борилди. Хусусан, битта автотрансформатор, 8 та 220 кВли катта кучланишга эга электр ажратгич, 4 та 110 кВли электр ажратгич, 2 та 220 кВли элегаз ўчиргичини алмаштириш, 4 та 110 кВли элегаз ўчиргичини алмаштириш, шунингдек юқори кучланишли ток трансформаторларини алмаштириш қурилмалари ўрнатилди. Бу каби ишлар “Сўғдиёна” нимстанциясида ҳам бажарилди. Жумладан, бир неча эскирган электр қурилмалар замонавийларига алмаштирилди.

Шу ўринда вилоятимиз аҳолиси ва ҳудуддаги корхона-ташкилотларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида амалга оширилган яна бир лойиҳа ҳақида ҳам қисқача тўхталмоқчиман.

Президентимизнинг “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига кўра, шу йилнинг май ойида Нуробод туманида қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси электр тармоқларига қувват узатишни бошлади.

Мазкур электр станция йилига 260 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 80 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлайди. Станция фаолияти натижасида йилига 78 миллион куб метр табиий газ тежалади.

Вилоятимизда электр таъминотини яхшилаш бўйича бу каби яна бир неча лойиҳалар амалга ошириляпти. Бу лойиҳалардан кўзланган пировард мақсад, албатта, электр таъминотида узилишлар бўлмаслигига эришиш ва истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашдан иборат.

Манба: https://zarnews.uz/wvbg

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>