Янгиликлар
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари А.Назиров бошчилигидаги делегация вакилларининг 2022 йил 3-4 август кунлари Душанбе (Тожикистон) шаҳридаги хизмат сафари натижалари тўғрисида ҳисобот
  • 16.08.2022
  • 349

I. Ташриф мавзуси ва иштирокчилари

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган замонавий рақамли технологияларини жорий этиш мақсадида диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш бўйича янги дастурий-аппарат комплекс (SCADA) ҳамда электр энергиясини бошқариш тизимини EMS жорий қилиш лойиҳаси бўйича Тожикистон Республикаси “Барки Точик” очиқ акциядорлик холдинг компанияси томонидан фойдаланилаётган SCADA тизими билан танишиш, иш жараёнларини, ютуқ ва камчиликларини ўрганиш мақсадида тегишли мутахассисларнинг Душанбе шаҳрига хизмат сафари ташкил этилди.

II. Ташриф объектлари ва ўрганилган масалалар

Хизмат сафари давомида делегация аъзолари иш жараёнлари билан танишиш мақсадида “Барки Точик” ОАХК Марказий диспетчерлик хизматида, 500 кВ кучланишли “Душанбе” ва “Регар” подстанцияларида бўлиб, SCADA/EMS дастурий мажмуа ҳамда иш режимлари билан танишдилар. Мутахассислар томонидан марказий диспетчерлик бошқарув хизматидан гидроэлектрстанциялардаги сув сатҳи ва сарфи тўғрисидаги маълумотларни тезкорлик билан қабул қилиш ва мониторинг қилиш имкониятлари тўғрисида маълумотлар берилди. Шу билан бирга, SCADA/EMS дастурий мажмуа ёрдамида электр режимларини бошқаришда қурилмалар жорий ҳолатини назорат қилиш ва таъмир жараёнларини ташкиллаштириш самарадорлиги ҳамда энерготизим ҳолатини баҳолашда аниқлик даражаси ҳақида маълумотлар алмашилди.

Дастурий мажмуа электр қурилмалари ҳимоя воситалари билан мутаносиб ишлаши, хусусан, ҳар хил ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган ҳимоя қурилмалари билан бир вақтнинг ўзида паралел ишлаши ва уларга техник хизмат кўрсатишда подстанция ходимлари ўз тажрибаларини бўлишди.

Шу жумладан, қурилмаларни бошқаришда автоматлаштирилган тизимнинг афзалликлари ва камчиликлари тўғрисида мутахассислар билан давра суҳбатлари ўтказилди. Уларнинг ишлаши ҳамда тизимни дастурий эксплуатация қилиш, сигналларни узатиш ва қабул қилиш воситалари, маълумотларни қайта ишлаш маркази, ахборот ва киберхавфсизлик чораларини кўриш ишлари билан яқиндан танишилди.

SCADA/EMS дастурий мажмуани энерготизимга қўллашда марказий диспетчерлик хизмати жойлашув хоналари шароитлари, ходимларнинг жойлашуви, дам олиш хоналари ва ташриф буюрувчи шахсларни иш жараёнига ҳалал бермасдан кузатиш имкониятлари билан танишилди. Ушбу мажмуани электр энергиясини тижорат ҳисобининг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) билан параллел иш режимлари ва ўзаро маълумот алмашинуви бўйича мутахассислар ўз тажрибалари билан бўлишди. Маълумотлар қайта ишлаш ва сақлаш қурилмаларини жойлаштириш талаблари, комуникацион тармоқларни тортиш имкониятлари ўрганилди.

III. Олинган кўникмалар ва якуний хулоса

Шунингдек, компаниянинг тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда тендерларни амалга оширишдаги тажрибаси бўйича маълумотлар олинди. Лойиҳанинг тендер ҳужжатларини ишлаб чиқишда, техник талабларда маълумот алмашинувда муҳим бўлган сигналлар рўйхатини шакллантиришда чуқур таҳлил ва сўровномалар асосида ўрганишлар олиб бориш мақсадга мувофиқлиги аниқланди.

Муносиб кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ҳам кенг қамровда амалга ошириш бўйича тавсиялар олинди. Бу орқали лойиҳанинг эксплуатация қилишда қийинчиликларнинг кескин камайишига эришилиши мумкинлиги келтириб ўтилди.

Ушбу хизмат сафаридан олинган хулосалар келгусида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда “Диспетчерлик назорати ва маълумотлар йиғиш тизими (SCADA), энергияни бошқариш тизимини  (EMS) жорий этиш ва модернизация қилиш” лойиҳасини сифатли жорий қилинишида ҳамда ушбу тизим энерготизим бошқарувида тўғри тадбиқ этилиб тизимни барқарор ишлашида соҳага иқтисодий самара келтиради.

“Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари А.Назиров бошчилигидаги делегация аъзолари номидан Маҳмуджон Муқимов, SCADA лойиҳаси менежери

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>