Энергетика вазирлиги Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш лойиҳаси директори ўринбосари Баҳромбек Умарбеков энергия нархлари нега ошаётгани, эркин бозорга ўтиш зарурати, тарифлар кўтарилишининг таъминот яхшиланишига таъсири борасида Kun.uz мухбири саволларига жавоб берди.
Суҳбатимиз 23 июнь куни Тошкентда бошланган “Ўзбекистон энергетика форуми – 2022” доирасида бўлиб ўтди.
— Энергетика тармоғига хорижий инвесторларни жалб қилиш салоҳиятимиз қай даражада?
— Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига инвесторларни жалб қилиш потенциали ҳам, бу соҳага хорижий инвесторлар томонидан билдирилаётган қизиқиш ҳам юқори даражада. Биз бу борадаги ишларни тўғри амалга оширишимиз керак.
Энергетика вазирлигининг бу борадаги якуний режаси – эркин бозорни яратиш. Бунда инвесторларга ҳеч қандай кафолатлар берилмайди, фақатгина уларнинг хусусий мулк дахлсизлиги таъминланади. Улар маблағларини хавф-хатарга қўйган ҳолда, барча рискларни инобатга олиб Ўзбекистонда станция қуради ва мижозларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқарган электр энергиясини етказиб бериши мумкин бўлади.
Бозорни бир кунда яратиб бўлмайди, бу жуда мураккаб иш, аммо амалга ошириш имконсиз бўлган вазифа ҳам эмас. Кўплаб мамлакатлар бу йўлни босиб ўтган, биз уларнинг тажрибаларини ўрганяпмиз.
Эркин бозор муносабатларини жорий қилиш учун камида 2-3 йил вақт талаб этилади. Унгача олдимизда иккита йўл бор. Биринчиси, ташқи қарз эвазига станциялар қуришда давом этиш. Иккинчиси эса ДХШ асосида лойиҳаларни амалга ошириш. Бу энергияга бўлган дефицит ортиб кетмаслигининг олдини олишда жуда ҳам муҳим.
Аммо ДХШнинг ҳам ўзига яраша яхши ва ёмон томонлари бор. Яхши томони – давлатнинг суверен қарзи ошмаяпти, салбий томони эса билвосита кафолатлар остида пул жалб қилиш миқдори ўсиб бормоқда. Агар аҳвол ёмонлашиб, “Миллий электр тармоқлари” инвесторлардан харид қилаётган электр энергияси учун пул тўлай олмай қолса, ушбу билвосита қарзлар бевосита қарзларга айланади ва ушбу маблағларни Молия вазирлиги тўлаши керак бўлади. Шунинг учун ҳам тезроқ эркин бозор яратишимиз керак.
— Бугунги кунда электр энергияси аҳолига субсидияланган нархларда етказиб берилади. Бу ресурсларнинг асл таннархи қанча ўзи?
— Электр энергиясининг асл таннархини ҳисоблаб чиқиш Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг вазифаси ҳисобланади, афсуски менда бу борада аниқ рақамлар йўқ. Эксперт сифатида шуни айтишим мумкинки, электр энергияси таннархи тахминан 500-600 сўмни ташкил этади.
Аҳолига етказиб берилаётган маҳсулот нархи (ҳозирда 295 сўм – таҳр.) ва унинг таннархи ўртасида яхшигина тафовут мавжуд, шу сабабли ҳам тарифларни ошириш муҳокама қилинди. Бу борада истеъмолчилар билиши шарт бўлган айрим жиҳатлар бор: энергетика соҳасида тўртта компания мавжуд бўлиб, булар табиий монополия ҳисобланади. Шу сабабли ҳам улар инвестицияларни ДХШ асосида жалб қила олмайди. Маблағларни фақатгина суверен қарзни ошириш ва ўз балансига корпоратив кредит олиш йўли билан жалб қилиш мумкин. Айнан ушбу компанияларга корпоратив кредит олиш имкониятини яратиш учун ҳам тарифларни ошириш керак эди. Умуман олганда, тармоқ компаниялари катта зарар билан ишлаб келмоқда. Шу сабабли ҳам корпоратив қарз олиши катта муаммо ҳисобланади.
Соҳани трансформация қилишнинг ягона йўли суверен қарз жалб қилиш бўлиб қолмоқда, аммо бу борада ҳам маблағ жалб қилиш чегараланган. Натижада компанияларнинг ўсиши ҳам чекланган бўлиб қолмоқда.
— Тариф нархи ошганига яраша, ҳудудларни электр энергияси билан таъминлаш ҳам яхшиланадими?
— Албатта, нарх ошиши, сифатга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши керак. Аммо бу бирданига содир бўлмайди. Масалан, машина ҳайдаётганингизда ҳам тезланиш педалини босганингизда, бирданига ўзингиз хоҳлаган тезликка эриша олмайсиз. Бунинг учун маълум вақт талаб қилинади. Шу жиҳатдан, нарх ошганиданоқ электр станция қуриб бўлмайди, бунга ҳам 4-5 йил вақт керак. Лойиҳа тайёрлангунча 1 йил, молиявий манбаларни аниқлаштириб олгунча яна 1 йил, қуриб битгазгунча эса яна 3 йил муддат талаб этилади.
Ҳозирги нарх ошиши келажакдаги тақчилликларнинг олдини олиш учун амалга оширилмоқда.
Иккинчидан, биздаги электр энергияси тақчиллиги мавсумий характерга эга. Қиш ва ёз мавсумида тармоқларга юклама ошади. Келажакда бу муаммонинг олдини олиш учун тайёргарлик ишларини амалга оширишимиз керак. Энергетика вазирлиги томонидан маълум ҳудудларда атайлаб тақчиллик юзага келтирилмайди. Баъзида 25 январда юзага келган “блэкаут”га ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун, маълум бир туманда маълум бир вақтда электр энергияси ўчириб турилиши мумкин. Бу навбатма-навбат амалга оширилади.
— Кўмирдан иситиш воситаси сифатида воз кечиш борасида халқаро ҳамжамият олдида мажбуриятларни ўз бўйнимизга олганмиз. Бу қандай амалга оширилади?
— Бу узоқ муддатли режа. Эртага ёки индинга бу ишни амалга оширишнинг иложи йўқ. Масалан, Германия ҳам газ нархи ошиб кетгани боис ўзининг кўмир станцияларини қайта ишга туширишни режалаштирмоқда.
Биз эътибор қаратишимиз керак бўлган энг муҳим жиҳат – урбaнизация масаласи. Охирги йилларда “Обод қишлоқ” каби дастурлар натижасида қишлоқлар сони кенгайиб кетди, урбанизация улуши эса ўсмаяпти.
Хўш, урбанизация энергетика тармоғига нима беради? Одамлар жипслашиб, шаҳарларда яшаса, улар марказий иситиш тизимига уланади. Бу анча арзонга тушади. Урбанизация улуши қанчалик ошса, кўмирда уйини иситувчи хонадонларнинг сони шунчалик камайиб бораверади.
— Ўзбекистонда яшил энергетикага ўтиш бўйича нималар қилиняпти?
— Яшил энергетика – ҳавога зарарли газларни чиқармаган ҳолда, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобланади. Буларга биринчи ўринда шамол, қуёш ва гидроэлектрстанциялар киради. Баъзи экспертлар атом электр станциясини ҳам яшил энергетикага қўшишади, аммо бу баҳсли мавзу. Чунки ундан чиқадиган радиоактив моддани маълум бир жойда сақлаш муаммоси бор.
Яшил энергетика бизга керак, бу тармоқ ривожланяпти. Бу борада ГЭСлар жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки қуёш ва шамол электрстанциялари электр энергияси ишлаб чиқаришда мўътадил эмас. Табиат ҳодисаларига боғлиқлик жиҳати жуда ҳам юқори даражада. Бу – уларнинг камчилик томони. Ушбу муаммоларни ГЭСлар орқали ҳал қилиш мумкин. Ҳозирги замонавий технологиялар ёрдамида ГЭСларда ишлаб чиқарилаётган токни секундлар ичида ошириш ёки камайтириш имконияти бор. Шу жиҳатдан юзага келадиган номутаносибликларнинг олдини олиш мумкин.
— Нима сабабдан аксарият лойиҳалар хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда?
— Ҳамма учун танловларни очиқ эълон қиламиз. Аммо маҳаллий капитал эгалари хорижий инвесторларга нисбатан каттароқ даромад талаб қилади. Хорижий мамлакатларда капитал кўп бўлгани учун камроқ даромадга ҳам рози бўлган ҳолда инвестициялар киритишлари мумкин.
Масалан, араб мамлакатларида ички инвестиция имкониятлари чеклангани боис ўз пулларини ташқи бозорларга ҳам жалб қилишга ҳаракат қилишади. Бизнинг ички бозорда эса инвестиция имкониятлари жуда ҳам кўп, аммо капитал кам. Шу жиҳатдан маҳаллий инвесторларимиз биринчи навбатда юқори даромад келтирадиган тармоқларга маблағ жалб қилишни маъқул кўрмоқда.
Хорижий инвесторлар энергетика тармоғимизга узоқ муддатга пул тикишга тайёр ва улар талаб қилаётган даромад даражаси ҳам анчайин паст. Бу бизнинг иқтисодиётимиз ўсишига жуда ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Энергетика соҳаси қанчалик рақобатбардош бўлса, бу бошқа тармоқлардаги ўсишга ҳам катта таъсир кўрсатади.
Достон Аҳроров суҳбатлашди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати