Янгиликлар
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ 2021 йил учун молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича Ernst & Young'дан ижобий хулоса олди
  • 06.07.2022
  • 382

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2021 йил учун тузилган молиявий ҳисоботига Ernst & Young халқаро компанияси томонидан ижобий аудиторлик хулосаси берилди.
 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4611-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Исақулов Дадажон Айнақулович олиб бораётган кенг кўламли ишлар натижасида жаҳондаги йирик тўртта аудитор-консалтинг компанияларидан бири ҳисобланган, “Ernst & Young” МЧЖ компанияси томонидан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2019–2020 йиллардаги ҳисоботи учун ижобий аудиторлик хулосалари берилган эди.

2021 йил якунлари бўйича “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда тўлиқ жорий қилиш ҳамда уни аудитдан ўтказиш бўйича энергетика тармоғидаги корхоналар миқёсида биринчилардан бўлиб ижобий аудиторлик хулосасини олди ва яна бир ютуққа эришди.

“Ernst & Young” МЧЖ аудиторлик компанияси мутахассислари томонидан МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботни аудитдан ўтказиш йўналишидаги ишлар 2022 йилнинг апрель ойидан бошлаб жорий йилнинг июнь ойи якунига қадар бўлган даврни қамраб олди.

Шуни таъкидлаш жоизки, МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботлар бўйича кетма-кет уч йил давомида қўлга киритилган ижобий аудиторлик хулосаси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан кейинги ютуқларга эришиш, шу жумладан халқаро кредит рейтинги қўлга киритилиши учун муҳим қадам бўлиб ҳисобланади.

 

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Ахборот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2039

>