Янгиликлар
РАҚОБАТЛИ БОЗОРГА ЎТИШ — энергетика соҳасида шаффоф муҳитни яратишга хизмат қилади
  • 04.07.2022
  • 309

Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 23 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказган эди.

Йиғилишда мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли талаби тобора ўсиб, ёқилғи-энергетика тармоғи шунга мутаносиб модернизация қилинаётгани алоҳида эътироф этилди. Бу ишлар давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 мартдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси асосида олиб борилмоқда.

 

Йиғилишда соҳага рақобатли бозор механизмларини олиб кириш жараёнида ягона харид қилувчи вазифасини “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖдан ажратиш, ушбу вазифани бажариш учун алоҳида ташкилот ташкил этиш, ташкилотимизнинг фақат электр энергиясини етказиб бериш ва транспортировка билан шуғулланиши масаласи кўриб чиқилди.

Маълумки, трансформация жараёни кам ишчи кучи билан юқори самарадорликка эришишнинг муҳим омили сифатида мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Акциядорлик жамиятимизни трансформация қилиш ҳам иқтисодий ва инсон ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, тизимга рақамли технологияларни ва дастурий таъминотларни жалб этиш, бошқарувда инсон омилини қисқартириб, адолатли тизимларни яратиш, коррупциянинг олдини олиш, ишлаб чиқаришда таннархни пасайтириш, операцион самарадорликни ошириш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш, электр энергетика тизими хавфсизлигини ошириш каби муҳим ижтимоий, иқтисодий ва технологик жараёнларни ўз ичига олади.

Бугунги кунда Акциядорлик жамиятимиз таркибида 14 та ҳудудий магистрал электр тармоқлари, марказий реле ҳимояси ва автоматика хизмати, лойиҳалаштирувчи, қурилиш ва бошқа хизматлар кўрсатувчи функционал филиаллар, шунингдек, жамиятга қарашли 85 та подстанция ва 11 минг 400 километрдан ортиқ 220-500 кВли магистрал ҳаво электр узатиш линиялари мавжуд. Тизимда 4 минг 300 нафарга яқин мутахассис-ходимлар фаолият юритиб келмоқда.

 

Замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш ва қўллаш, жамият харажатларини қисқартириш, даромадлиликни ва инвестицион жозибадорликни ошириш, халқаро бозорларга чиқиш, шунингдек, жамиятнинг истиқболдаги ривожи учун соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖни трансформация қилишнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

2021 йилда бу борада энергетика компанияларида халқаро стандартлар асосида молиявий ҳисобот тайёрлаш тизимини тўлиқ жорий этиш бўйича “Ernst & Young” LLC аудиторлик ташкилоти билан шартнома имзоланди. 2019-2020 йиллар учун жамиятимиз молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари талабларига мувофиқ, тўлиқ аудиторлик текширувидан ўтказилди ва ижобий хулоса олинди.

Манба: https://kun.uz/44023881

Магистрал электр тармоқларини ривожлантириш узоқ муддатли (камида 10 йиллик) режасини ишлаб чиқиш учун хорижий экспертлар танлови якунланиб, ғолиб компания – MRC Consultants and Transaction Advisers S.L. (Испания) билан шартнома имзоланди.

“Янги 500 кВ кучланишли “Ҳалқа” нимстанцияси ҳамда 220 кВ ва 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш” инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги қарори билан тасдиқланди. “Иссиқликэлектрлойиҳа” АЖ томонидан лойиҳа тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилди.

Ихтисослашган лойиҳа институтларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси энерготизимидаги барча магистрал электр тармоқларининг рақамли модели ва интерактив харитаси яратилди.

Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилаётган хусусий электр станцияларини республика энерготизимига улаш ва уларни бошқаришни таъминлаш ҳамда ушбу ишларни тўғри ташкил этиш бўйича Осиё тараққиёт банки томонидан ёлланган Adalid Asesores y Consultores (ADAYC) консалтинг компанияси билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Хусусан, 2021 йил 27 август куни Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси билан Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси тўлиқ қувватда ишга туширилди. Жорий йилда эса Франциянинг “Тотал Эрен” компанияси билан Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси фойдаланишга топширилди.

Жорий йилда ҳам тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича ўз олдимизга бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз. Энергия тежамкорликни янада ошириш, соҳага оид бўлмаган фаолият турларини аутсорсингга бериш, рақамлаштириш ва рақамли трансформацияни амалга ошириш, автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви тизими (SCADA/ EMS/ RTU)ни жорий этиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ресурсларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими (ERP) ни яратиш устида ишлаш, ходимлар иш самарадорлигини баҳолашнинг KPI тизимини жорий этиш каби вазифалар шулар жумласидандир.

Йиғилишда олдимизга бу борадаги ишларни жадаллаштириш, операцион харажатлар ва йўқотишларни камайтириш, соҳа фаолиятини рақамлаштириш, ушбу йўналишда ишловчи малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича кўплаб топшириқлар қўйилди.

2026 ва 2030 йилларгача тизим фаолиятини ривожлантириш бўйича аниқ дастурларимиз бор. Тақдимотда ундаги вазифалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Дадажон ИСАҚУЛОВ,

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси

 

Манба: «Янги Ўзбекистон» газетасининг 2022 йил 30 июнь кунги 129-сони

 https://t.me/gazetalar_sharhi/15824

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>