Сўнгги йилларда Энергетика вазирлиги ва вазирлик тизимидаги ташкилотлар томонидан амалга оширилган йирик ишлар.
Соҳада ҳуқуқий база яратилди
Ушбу соҳада аввало ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳани ривожлантиришнинг янги босқичларига ўтиш мақсадида энергетика соҳасида 4 та Ўзбекистон Республикаси Қонуни яратилди.
Шунингдек, сўнгги уч йилда электр энергетикаси, нефть ва газ йўналишларида 40 та Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди. Шу билан бир қаторда, ушбу йўналишда 35 та Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Халқаро шартномалар
Ўтган 3 йилда Ўзбекистонда иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан умумий қиймати 6 млрд 919 млн долларга тенг 19 та битим имзоланди. Бу Ўзбекистонда инвесторлар томонидан 19 та замонавий электр станция қурилади, дегани ва қолаверса тарихий иш ҳисобланади.
Ишга туширилган электр станциялар
Олиб борилган ишлар натижасида 2021 йилда Навоий вилоятида биринчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Бу ҳам ўз навбатида мамлакатимиз тараққиётида тарихий жараён ҳисобланади.
Биргина жорий йилнинг ўтган 5 ойида (январь-май) юртимизнинг 4 та вилоятида 5 та янги иссиқлик ва 1 та қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди, йил якунига қадар 1 та иссиқлик электр станцияси ишга туширилади. Бу ҳам юртимиз равнақидаги олтин ҳарфлар билан битилажак саҳифалардан бири бўлади.
Шундай қилиб, бу борада охирги 5 йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича яратилган янги қувватлар ҳажми 5 000 мегаваттдан ошди. Бу аввалги 25 йилга нисбатан 1,5 баробарга кўпни ташкил қилди. Бу кўрсаткичнинг ҳам Ўзбекистон тарихида муҳим ўрин эгаллашига шубҳамиз йўқ!
Соҳада яна бир тарихий қадам ташлашди
Яъни, Ўзбекистон тарихида биринчи марта аҳоли хонадонида ўрнатилган қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди.
Электр тармоқларини янгилаш
Ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчиларга сифатли ва барқарор етказиш мақсадида сўнгги 5 йилда қарийб 41 000 километр электр узатиш тармоқлари ва 13 000 та трансформатор пунктлари янгиланди. (таққолаш учун, ўтган 25 йил мобайнида 9300 км электр узатиш тармоқлари, 4800 та трансформатор таъмирланган). Бунинг натижасида 7,3 мингдан ортиқ маҳалланинг электр таъминоти яхшиланди. Бу ҳам Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган натижа ҳисобланади.
GTL заводи ишга туширилди
Барчангизга маълум, ўтган йили Марказий Осиёда ягона, жаҳонда эса бешинчиси бўлган “Uzbekistan GTL” заводи ишга туширилди. Ушбу муҳташам заводнинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрнини таърифлашга ҳожат бўлмаса керак!
Ақлли электр ҳисоблагичлар ўрнатилди
Хабарингиз бор, ҳурматли президентимиз ташаббуси билан юртимиз аҳоли истеъмолчиларига электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилди. Яъни Ўзбекистондаги 7,5 миллионга яқин аҳоли истеъмолчиларига замонавий электр ҳисоблагичлар бепул ўрнатиб берилди.
Ақлли газ ҳисоблагичлар ўрнатилди
Худди шунингдек, табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилди. Яъни Ўзбекистондаги 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли истеъмолчиларига табиий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнларни руёбга чиқариш ҳам Ўзбекистон тарихидаги замонавий янгиликлар сирасига киради!
Қайта тикланувчи энергия манбалари ривожлантирилмоқда
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясига асосан юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари қувватини 8 000 мегаваттга, гидроэлектр станциялар қувватини эса 2 920 мегаваттга (жами 10 920 мегаватт) етказиш белгиланди. Бу ҳам Янги Ўзбекистон тараққиётида “Яшил энергетика”ни ривожлантириш борасидаги дастлабки, лекин дадил қадамларидан бири бўлмоқда!
Электр узатиш тармоқларини янгилаш
2026 йилга қадар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида республика ҳудудларида қарийб 80 000 километр узунликдаги магистрал ва паст кучланишли электр тармоқлари, 20 000 дан ортиқ трансформатор пункти ҳамда 200 дан зиёд подстанция қурилади ва янгиланади. Бунинг натижасида республика бўйича 8 300 дан ортиқ маҳалланинг электр таъминоти яхшиланади.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбари томонидан инсон қадрини улуғлаш борасида Ўзбекистон ёқилғи-энергетика тармоғида ҳам мана шу каби улкан ишлар тизимли равишда давом эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2029
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati