Янгиликлар
ҚАНЧА САРФЛАСАНГИЗ ҲАМ, ҚАЙТА ТИКЛАНАВЕРАДИ...
  • 28.06.2022
  • 324

Долзарб мавзу

ҚАНЧА САРФЛАСАНГИЗ ҲАМ, ҚАЙТА ТИКЛАНАВЕРАДИ...

Ер юзида аҳоли сонининг ошиши, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши билан бирга, барча турдаги маҳсулотлар қатори энергия ресурсларидан фойдаланишга бўлган талаб ҳам кун сайин ортиб боряпти. Олимларнинг фикрича, энергия ресурсларидан ҳозиргидай даражада фойдаланишда давом этсак, дунёдаги нефть захираси 50-60 йилга, табиий газ 70-75 йилга, кўмир эса 150-160 йилга етади, холос. Бу масаланинг ечими сифатида жаҳонда муқобил энергия манбалари, яъни табиатда қайта тикланадиган қуёш, шамол, сув кабилардан энергия олиш жадаллашиб бормоқда.

Муқобил энергия манбалари ва энергия ташувчилардан фойдаланишнинг долзарблиги сайёрамизда сўнгги ўн йилликларда юзага келган глобал экологик муаммолар — иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши ва бошқа сабаблар билан ҳам боғлиқ. Таҳлилларга кўра, ҳар йили атмосфера қатламига биргина саноат корхоналаридан 5 миллиард тоннадан ортиқ карбонат ангидрид, 300 миллион тонна атрофида углерод оксиди чиқарилади. Ачинарлиси, дунёда атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажми ўтган асрнинг 50-йилларига нисбатан қарийб 4 баробарга ортган ва у барқарор ўсиш тенденциясига эга.

Шу боис, муқобил энергетика дунёда инновацион ривожланишнинг муқаррар омилига айланиб бормоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш электроэнергия ва иссиқлик ҳосил қилишнинг янги технологик базаси шаклланишига олиб келади, электроэнергетика самарадорлигини оширади, янги иш ўринлари яратиб, инсонлар ҳаёт сифати ошишига хизмат қилади. Қолаверса, атмосферага тарқалаётган заҳарли газлар ҳажми кескин камайиб, экологик шароит яхшиланади, техноген фалокатлар таҳдиди камаяди.

Маълумотларга кўра, ҳозир жаҳонда энергия ишлаб чиқаришнинг 0,04 фоиздан камроқ қисмигина қуёш энергетикасига тўғри келмоқда. Агар Ердаги чўлларнинг бор-йўғи 4 фоизи қуёш панеллари билан қопланса, ҳосил бўладиган энергия бутун инсониятнинг энергия талабини қондиришга етар экан. Шу сабабли, бугунги кунда дунёнинг 65 дан ортиқ мамлакати ўз олдига қуёш, шамол, сув энергияси, шунингдек, водород, биогаз ва бошқа муқобил энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланишни мақсад қилиб қўйган. Бу борадаги ҳаракатлар ҳам кун сайин фаоллашиб боряпти.

Муқобил энергия қурилмалари учун компенсация тўланади

Юртимизда электр энергияга талаб айниқса, охирги йилларда ўсиб бормоқда. Бу иқтисодиёт ва саноат тармоқларининг ривожланиши, аҳолининг электротехника ускуналаридан фойдаланиш кўрсаткичи ошиб бораётгани билан боғлиқ. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда бир йилда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинади. Бугунги кунда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб ҳам бор. Келгуси 5 йилда эса бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт соатга ошиши кутилмоқда.

Бу рақамлар жорий йил 10 июнь куни давлатимиз раҳбари раислигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда келтирилгани бежиз эмас. Гап шундаки, электр энергияга талаб ортиб бораётган ҳозирги шароитда хонадонлар ва барча корхона-ташкилотларда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтириш зарурати юқори. Бу борадаги ишларни барча ҳудудларда янада кенгроқ амалга ошириш бўйича вазифалар ҳам белгиланди.

Аслида, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича катта салоҳиятга эга давлатлардан. Экспертларнинг баҳолашича, юртимиздаги муқобил энергетика қайта тикланмайдиган органик ёнилғи ресурсларидан бир неча баробар кўпроқ. Бу имкониятнинг 97 фоизга яқини қуёш энергиясига тўғри келади. Яъни, диёримизда бир йилда 320 кун қуёшли ҳисобланади. Бу борада қуёш энергетикаси ривожланган Испаниядан ҳам ўзишимиз мумкин экан. Қолаверса, шамол эсувчи ҳудудлар, шунингдек, электроэнергия ҳосил қилишда фойдаланиш мумкин бўлган тоғ дарёларимиз мавжуд.

Шу боис, юртимиз шароитида қуёш ресурслари, кичик гидроэнергетика, шамол ресурслари, биомасса ва геотермал энергия муҳим саналади. Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергетика олисдаги, тоғли ва бориш қийин бўлган туманларда жойлашган аҳоли пунктлари учун иқтисодий асосланган энергия манбаи бўлиши мумкин. Бундай бой табиий салоҳиятдан белгиланган мақсадда фойдаланиш керак, юқори самарали қайта тикланувчи энергия манбаларини амалиётда кенг қўллаш лозим.

Масалан, Ўзбекистонда бир йилда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилиниши катта кўрсаткич. Агар бунинг 10 фоизини иқтисод қилишни ўргансак, бу 1 миллиард долларни бошқа эҳтиёжлар учун сарфлашимиз мумкин бўлади, дегани. Афсуски, юртбошимиз таъкидлаганидек, ҳамма ҳудудларда ҳам мутасаддилар бу масаланинг қанчалик муҳимлигини тушуниб етмаган.

Аслида, муқобил энергия манбалари, биринчи навбатда, ҳар бир фуқаронинг хонадонида яхши яшашига шароит яратишга қаратилган. Бу борада 2019 йилда алоҳида жамғарма ташкил қилиниб, аҳолига бюджетдан субсидия бериш тизими жорий этилди. Лекин бирорта вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ёки вазирда ўз тизимидаги ташкилотларда энергия истеъмоли, уни тежаш, муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш бўйича ҳисоб-китоб йўқлиги, улар жорий қилинган субсидия ва компенсациядан ўз тармоғи ёки ҳудудида фойдаланиш бўйича жон куйдирмагани танқид қилинди. Шу боис, энди юртимизда муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилмоқда. Бунда аҳоли ва тадбиркорларга ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади, ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Ушбу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилади. Муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш истагида бўлган аҳоли ва тадбиркорлар бу имкониятлардан фойдаланиши учун бирон-бир идорага боришга мажбур бўлмайди. Барча ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал бўлади. Ҳудудларда ушбу амалиёт шу йил 1 сентябрдан жорий этилади.

Арзон ва экологик тоза энергия

Умуман, йиғилишда белгиланган вазифалар, тизимда тақдим этилаётган имтиёзларни кўриб, ҳар бир кишининг ўз хонадонига муқобил энергия қурилмасини ўрнатишга қизиқиши ортиши табиий. Тўғри-да, қайта тикланувчи энергия манбаи ҳам арзон, ҳам экологик тоза. Хонадон томига ўрнатиладиган қуёш панели элас-элас тараладиган қуёш нуридан ҳам энергия олиб, захирасига тўплаб боради, керак вақтда уни сарфлаб, уй соҳибига беминнат хизмат қилаверади.

Бундай қурилмаларнинг кўп ўрнатилиши мамлакат иқтисодиётига ҳам фойда. Электр энергия муқобил энергия манбаларидан олингани сари, табиий манбалар тежалади. Энергетика тармоқларидаги юкламаларни енгиллаштириш, аварияларнинг олдини олиш, тармоқлардаги технологик йўқотишларни пасайтириш имконияти ошади. Асосийси, экологик тоза, “яшил” энергияга ўтиш жараёни фаоллашади.

Масалан, Китоб тумани “Янгиобод” массивидаги жами 96 та хонадонга эга 4 та кўп қаватли уйда қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобига йилига 100 минг киловатт соат электр энергияси иқтисод қилинмоқда. Нафақат хонадонлар, балки ижтимоий соҳа объектларида ҳам босқичма-босқич муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш бошланган. Мутасаддиларга келгуси йил Инвестиция дастури маблағларининг камида 15 фоизини шундай қурилмаларни ўрнатишга йўналтириш топширилди. 2023 йилдан ижтимоий соҳа объектларида камида 25 фоиз иссиқ сув истеъмоли ва ташқи ёритишни муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаби киритилади.

Шамол кўрсаткичлари юқори бўлган ҳудудларда эса шамол генераторларидан фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Айрим вилоятларда фермерлар ўз боғи ва дала майдонларига шамол генератори ўрнатиб, зарур электр энергияни ушбу қурилма орқали олишни бошлаб юборган.

Мутахассислариннг ҳисоб-китоблари бўйича, сайёрамизнинг шамол энергия салоҳияти жаҳонда ҳозир ишлатилаётган электр энергия ҳажмига нисбатан 30 маротаба юқори. Бу ер юзасига яқин ҳаво қатлами, яъни 100 метр баландликкача шамол энергиясининг имконияти холос. 100 метр ва ундан баландда шамол тезлиги янада кучли ва ундаги энергия берадиган шамол қувватининг имконияти ҳам анчайин катта.

Мамлакатимиз шамол ресурсларига бой ҳудудлардан ҳисобланади. Ер юзасига яқин ҳаво — 10 метр баландликда эсадиган шамолнинг электр энергия берадиган қуввати юртимизда бир йилда ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг 25 фоизини ташкил қилади. Агар 100 метр баландликкача шамолдан электр энергия олинса, ҳозиргидан каттароқ ҳажмда энергия олиш мумкин бўлади.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, профессор

 

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2022 йил 24 июнь кунги 125-сони мутолаа учун ҳавола қилинади.

Газетанинг интернетдаги www.yuz.uz веб-сайти орқали ҳам янгиликлардан бохабар бўлиб боришингиз мумкин.

Ушбу pdf файл газета таҳририяти томонидан тақдим этилди.

Kanalga ulanish ⇒  https://t.me/gazetalar_sharhi

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>