ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
daryo.uz — «Электр энергияси нархининг ошиши ўғринча фойдаланувчилар кўпайишига сабаб бўлмайди» — Улуғбек Мустафоев
  • 01.06.2022
  • 232

Ўзбекистонда 1 июлдан бошлаб, электр энергияси ва табиий газ нархи табақалаштирилган тартибда оширилиши белгиланмоқда. Нархлар кўтарилиши токдан ўғринча фойдаланиш ҳолатларига сабаб бўлмайдими? Ушбу саволга 31 май куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев жавоб қайтарди.

Улуғбек Мустафоев

Фото: «Дарё»

Улуғбек Мустафоевнинг айтишича, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишни олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриб келинмоқда.

«Ҳақиқатан ҳам электр энергиясидан ўғринча фойдаланиш ҳолатлари доим аниқланади. Бизда электр энергиясини ишлаб чиқаришдан истеъмолчига етказиб бериш тизими жорий қилинган. Масалан, 100 кВтдан 90 кВт етиб бориши керак. Қолган 10 кВт норматив бўйича табиий йўқотишлар ва бошқаларга кетади. Агар ўша 90 кВтнинг эгаси топилмаса, жойлардаги мутахассисларимиз маҳалла кенгашлари раислари билан бирга трансформатордан топилмаган электр энергиясини уйма-уй юриб аниқлашади. Керак бўлса, кечаси ҳам рейдлар ўтказяпмиз. Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлар топилмоқда ва уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш масаласи йўлга қўйилган. Биз нафақат жазолаш, балки ҳолатнинг олдини олиш учун тушунтириш ишларини олиб борамиз. Бу ресурс энергетика вазирлиги ёки компанияники эмаслиги, халқнинг табиий бойлиги эканини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Ўйлаймизки, истеъмолчиларимиз жойларда қилаётган амалий ишларимизни тўғри тушунади. Электр энергия ва табиий газдан ўғринча фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб кетмайди. Бизда бундай хавотир йўқ. Бунинг олдини олиш учун мутахассисларимиз ҳам, техник шароитлар ҳам етарли», – деди компания раҳбари.

Аввалроқ ҳукуматнинг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганди. Қарор лойиҳасида электр энергияси ва табиий газ нархларини ижтимоий норма асосида белгилаш ва ошириш назарда тутилмоқда. Ҳужжатга кўра, аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм, 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм этиб белгиланмоқда. 1 куб метр табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 минг 200 сўм бўлади. Иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 минг 200 сўмни ташкил қилади. Суюлтирилган газ ҳар куби учун 1 минг 600 сўмдан сотилади.

Манба: https://daryo.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>