Янгиликлар
Энергетика соҳасида аёл-мутахассисларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
  • 31.05.2022
  • 388

2022 йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Қирғизистон Республикаси энергетика саноатидаги аёллар Уюшмаси президенти Алтинай Абдикеримова бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир давомида энергетика соҳасидаги профессионал хотин-қизларни бирлаштирган мустақил орган сифатида ташкил этилган Уюшма фаолияти билан таништирилди.
 

 
 

Ушбу орган ҳар томонлама энергетик аёлларни қўллаб-қувватлайди, ғояларни тарғиб қилади, улар учун бу ерда аёлларнинг энергетика соҳасидаги фаолиятини муҳокама қилиш имконияти мавжуд бўлган умумий ҳудуд яратади. Ушбу ташаббуснинг мақсади аёллар ва қизларни бирлаштириш, таълим, мураббийлик ташаббусларини муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун платформа яратиш, Қирғизистоннинг энергетика соҳасидаги етакчи аёллар сонининг кўпайиши ва аёлларнинг бу соҳада карьерага интилиши учун гендер мувозанатини таъминлашдан иборат.
 

 
 

Учрашувда Энергетика вазирлигининг Гендер масалалари бўйича раиси Эльмира Бекмуродова Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тизимидаги ушбу йўналишдаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва хотин-қизларни ҳимоя қилиш, хотин-қизлар тадбиркорлиги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари қабул қилингани таъкидланди.
 

 
 

Э.Бекмуродова таъкидлаганидек, кейинги йилларда Энергетика вазирлиги, тизимдаги корхона ва ташкилотларда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Энергетика вазирлиги тизимида бандлик соҳасида аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратилган. Мониторинг шуни кўрсатадики, ишга жойлашишда жинсга қараб рад этиш ёки ишдан бўшатиш ҳоллари кузатилмаган.
 

 
 

Гендер тенглигини жорий этиш борасида сезиларли ижобий қадамлар ташланди, чунки биргина вазирлик марказий аппаратида 15 нафар хотин-қиз фаолият юритади, улардан 4 нафари раҳбарлик лавозимларида ишлайди.

Бугунги кунга қадар ёқилғи-энергетика комплекси тизимида 120 минг 730 киши меҳнат қилмоқда. Улардан 13 минг 700 нафари хотин-қизлар бўлиб, 3 120 нафари олий маълумотли, 7 500 нафари ўрта махсус, 3 800 нафари ўрта маълумотли.


Умуман олганда, Энергетика вазирлиги тизимида аёллар ва эркаклар саломатлигини сақлашни таъминловчи хавфсиз меҳнат шароитлари яратилган.

Учрашув “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштириш тизимини жорий этиш маркази”да (ДАТА центр) давом эттирилиб, унда Энергетика вазирлиги, шунингдек, тизим ташкилотлари ва  акциядорлик жамиятларининг Гендер кенгашлари раислари ва вакиллари учрашди.
 

 
 

Қирғизистон Республикаси Энергетика соҳаси аёллари уюшмаси делегацияси “Ўзатом” агентлигининг Ядро технологиялари ахборот маркази билан ҳам танишди.
 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

 

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/1961

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>