Янгиликлар
Бугун «Катта Қўйлиқ» маҳалласида «Болаларга беринг дунёни!» шиори остида катта байрам дастури бўлиб ўтди
  • 24.05.2022
  • 562

Бугун, 2022 йил 24 май куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани «Катта-Қўйлиқ» маҳалласида «Болаларга беринг дунёни!» шиори остида катта байрам дастури бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбарияти ҳамда мутахассислари, шунингдек, маҳалла фаоллари, меҳнат ва спорт фахрийлари, ҳокимият ва ҳомий ташкилотлардан вакиллар иштирок этишди.

 

 Болажонлар учун ташкил этилган байрам тадбири «Катта-Қўйлиқ» маҳалласидаги кўп қаватли тураржойлар орасида қурилган болалар майдончасида спорт усталарининг кўргазмали намойиш машқлари билан бошланди. Байрамнинг расмий қисмида сўзга чиққан маҳалла фаоллари, фахрийлар, спорт усталари мамлакатимизда болажонлар учун яратилган шароитлар, улар эришаётган ютуқларни алоҳида эътироф этишди.

 Тадбирда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Болалар ва ўсмирлар адабиёти Кенгаши раиси Ориф Тўхташ сўз олиб, болажонларни байрам билан қутлади. Тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик изҳор этиб, «Катта-Қўйлиқ» аҳлини маҳаллада шундай обод ва кўркам гўша барпо бўлгани, атроф кўкаламзорлаштирилиб, янги бинолар фойдаланишга топширилаётгани билан табриклади. Айниқса, болажонларга яратилган шароитлар тақсинга лойиқлигини алоҳида эътироф этди.

 
 Байрам тадбирида фаол иштирок этган болаларга “Ўзбекистон МЭТ” АЖ Ахборот хизматидан китоблар ва эсдалик совғалари, ҳомий ташкилотлар томонидан ўйинчоқ ва ширинликлар тарқатилди. Маҳалла фаоллари кам таъминланган оилалар фарзандларига кўнгилочар боғларга бепул чипталар тақдим этишди. Бундан ташқари, маҳаллада яшовчи бир неча нуроний отахон ва онахонларга санаторияга йўлланмалар берилаётгани, маҳалла фаолларининг ички туризм борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани айтиб ўтилди.

 Маҳаллада «Болаларга беринг дунёни!» шиори остида ташкил этилган байрам дастури таниқли санъаткорларнинг шодон куй-қўшиқларига уланиб кетди.

 

 Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан барча соҳаларга янгича ёндашувлар жорий қилинмоқда. Хусусан, жойларда "маҳаллабай" ишлаш тизими ташкил этилиб, умумхалқ байрамлари олдидан юртимизнинг барча ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

  Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимларига бириктирилган Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида "Ўзбекистон МЭТ" АЖ ишчи-ходимлари, хусусан «Катта-Қўйлиқ» маҳалласида «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали ходимларининг бир гуруҳ ходимлари иштирокида бир нечта ҳашар ҳамда “яшил макон” — кщкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.
 

 Яшнобод туманининг «Катта-Қўйлиқ» маҳалласи Тошкент шаҳридаги энг намунали маҳаллалардан бирига айланади, деган умиддамиз.

✍️ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

Ахборот хизмати

>