Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги 18-20 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Энергетика, энергия тежамкорлик, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2022”, ва “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2022” халқаро кўргазма тадбирларини расмий қўллаб-қувватлади.
Ушбу кўргазмалар жорий йилнинг июнь ойида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Халқаро энергетика форумини ҳам ўз ичига олган “Энергетика тадбирлари блоки”нинг ажралмас қисмига айланади.
Ушбу тадбирлар “Iteca Exhibitions” кўргазма компанияси томонидан ташкил этилмоқда ва пандемия сабабли икки йиллик танаффусдан сўнг биринчи марта ўтказилмоқда.
Анъанага кўра, энергетика кўргазмаси тадбирлари илғор технология ва ускуналар билан танишиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, соҳада маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида тажриба алмашишга қаратилган.
Германия, Туркия ва Россиянинг қатор вилоятлари компаниялари ўз миллий павильонларини намойиш этишни режалаштирмоқда. Бугунги кунга қадар 15 та мамлакатдан 153 та компания май ойидаги кўргазмаларда иштирок этишини тасдиқлади.
Қўшимча маълумот учун “Iteca Exhibitions” матбуот хизматига мурожаат қилишингиз мумкин.
Тел. 71 205 18 18, pr@iteca.uz, www.oilgas.uz, www.power-uzbekistan.uz
Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/1936
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати