Янгиликлар
“Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмаси йирик инвесторларни ягона платформада бирлаштирди
  • 26.04.2022
  • 251

Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида 25 апрель куни “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси иш бошлади.

Мамлакатимиз ҳаётидаги яна бир кенг кўламли муҳим воқеага айланган, ўнлаб мамлакатлардан келган турли соҳа вакилларининг профессионал мулоқоти учун яратилган ушбу ноёб майдонча Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини яна бир бор халқаро миқёсда намойиш этишга қаратилган.

Тадбирда саноат соҳасидаги энг замонавий технологиялар, ишланмалар тарғиб қилинади, ишбилармонлик алоқалари ўрнатилади, битимлар тузилади, саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳалар иақдим этилади.

Ўтган йил 5-7 апрель кунлари юртимизда илк бор ташкил этилган “Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги”да Ўзбекистон, Россия, Франция, Германия, Чехия, Япония, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва бошқа давлатлар ҳукумат ва ишбилармон доиралари делегациялари иштирок этган. Кўргазма натижасида жами 3,2 миллиард долларлик инвестиция битими, экспорт ва импорт шартномаси, турли келишув ҳужжатлари имзоланган.

Бу гал Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг инвестициявий ҳамда иқтисодий салоҳияти хусусида конструктив мулоқотга киришиш мақсадида Франция, Италия, Нидерландия, Ҳиндистон, шунингдек, МДҲ мамлакатларидан 200 га яқин хорижий компания, 1300 дан зиёд жисмоний шахс рўйхатдан ўтди.

Анжуманнинг "Марказий Осиё: технологик ютуқлар макони" мавзусидаги ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирок этди.

Марказий Осиё ва минтақамизга чегарадош мамлакатлар учун анъанавий йиллик саноат кооперацияси майдони вазифасини ўтайдиган кўргазманинг асосий қисмида металлургия ва материаллар, саноат автоматизацияси, машинасозлик ва бутловчи қисмлар бўлимлари жойлашган.

Сермазмун дастурга эга кун тартибидан энг долзарб мавзулар бўйича 20 дан зиёд ихтисослаштирилган сессиялар ўрин олган.

Иштирокчилар турли хил форматда – панель мунозараси, муҳокама, давра суҳбати ва бизнес учрашув шаклида Марказий Осиёнинг технологик ўсиш макони сифатидаги истиқболи, минтақа мамлакатларининг инвестициявий ва саноат салоҳиятини тақдим этиш имконига эга.

Икки ва кўп томонлама ҳамкорликка доир кенг кўламли масалаларни қамраб олган конгресс ҳамда В2В алоқалар биржаси ҳам кўзда тутилган.

Кўргазмада 5 та - Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон миллий экспозицияси, РФ 8 та ҳудудининг бирлашган стенди, 52 корхона, жумладан, Франция, Венгрия, Италия ва бошқа давлатлар компаниялари ўз маҳсулотини намойиш этмоқда.

Анжуманда ёш мутахассислар ва талабалар учун “Иннопром университети” махсус лойиҳаси доирасида маърузалар ўқилади. Йирик саноат компаниялари раҳбарлари, етакчи университетлар ректорлари замонавий ишлаб чиқаришни бошқариш усуллари ҳақида сўзлаб берадилар.

“Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасининг бу галги формати конструктивликка таянган янгича рангларда акс этиши билан ўзига хос аҳамият касб этади. Устуворлик ҳудудлар ўртасидаги фаол мулоқотга асосланган. Кўргазма мамлакатимизга кириб келаётган инвестиция ҳажми ўсишига, янги-янги лойиҳалар яратилишига замин яратади.

Анжуман 27 апрелгача давом этади.

Гўзал САТТОРОВА, ЎзА мухбири

Манба: https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>