Келиб тушган мурожаатлар
ФУҚАРО МУРОЖААТИ: АНДИЖОН ВИЛОЯТИ, ОЛТИНКЎЛ ТУМАНИ, ДАЛВАРЗИН МАҲАЛЛАСИДАНМАН...
  • 13.11.2019
  • 1036

  ...Андижон вилояти, Олтинкўл тумани, Далварзин маҳалласидан Тоҳир Бурундуков исмли фуқароман. Электр таъминотида маълум чекловлар бўлаётганини тушундик, тушунолмаганимиз ҳудудимиздаги ўчишларда «адолатсизлик» бўлмоқда, ҳоким ва унинг ўринбосарлари яшайдиган ҳудуд ҳамда намунали уйлар тушган ҳудудда чекловлар нисбатан кам, бизнинг маҳаллада эса соатлаб таъминотда узилиш бўлади. Биз истеъмолчи сифатида пулини тўлаётганимиздан сўнг электр таъминоти шартномада кўрсатилганидек узлуксиз ва сифатли бўлиши лозим. Туман ҳудудий электр тармоқлари «Буни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ диспетчерлик хизматидан ўчираяпти, бизга боғлиқмас», деган жавоб қилишмоқда...

   ФУҚАРО МУРОЖААТИГА ЖАВОБ

   «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ асосан «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тасарруфидаги станцияларда ишлаб чиқарилган электр энергияни юқори кучланишли ҳаво тармоқлари орқали транспортировка қилиш билан шуғулланади ва истеъмолчилар (юридик ҳамда жисмоний шахслар) билан шартномалар имзоламайди. Бироқ энерготизимда барқарорлик, яъни электр энергия хавфсизлигини таъминлаш мақсадида техник-муҳандислик мувозанатни сақлаб туриш билан шуғулланувчи миллий диспетчерлик бошқармаси фаолиятини мувофиқлаштиради.

   Миллий диспетчерлик хизматининг маълумотларига кўра, Андижон вилоятида худди Республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги каби турли фавқулотда авариялар содир бўлганда, таъмирлаш ишлари олиб борилаётган пайтда, шунингдек, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, энерготизим мувозанатини сақлаш учун электр таъминотида вақтинча чекловлар содир бўлиши мумкин. Туман (шаҳар) миқёсидаги энерготизим мувозанатини барқарорлаштириш «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудлардаги бўлимлари диспетчерларига юклатилган вазифа. Улар ҳам зарурият бўлмаганда ҳудуд жойлашуви ёки бошқа кўрсаткичларга кўра электр таъминотини тармоқдан узишмайди.

   Жорий режимларда Андижон вилояти «Ҳудудий электр тармоқлари»га кунига 14,4 млн.кВт•соат электр энергияси етказиб берилиб, бу шартномавий миқдордан 1,27 млн. кВт•соатга кўпроқ дегани. Ой бошидан эса ушбу вилоятга шартномавий миқдордан 11,0 млн. кВт.соат кўпроқ электр энергияси етказиб берилган. Шундай экан, электр таъминотидаги узилишларга асосий сабаб техник носозликларни бартараф этиш чоғида хавфсизлик қоидаларига биноан вақтинча узилишлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

   Фуқаро Тоҳир Бурундуков ушбу масалада «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ вилоят ва туман бўлимларига мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.

   Қўшимча маълумот: фуқаро мурожаатини ўрганишимиз натижасида Андижон вилоятидаги магистрал ҳамда ҳудудий электр тармоқлари масъуллари билан боғландик. Маълум бўлишича, фуқаро Тоҳир Бурундуков бундан олдин ҳам бир неча марта электр таъминотидаги носозликлардан шикоят қилиб мурожаат қилган. Мурожаатлар ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилган. Шикоятларнинг мазмуни деярли бир хил ва арзномаларда талаб битта — электр таъминоти узлуксиз бўлмоғи лозим. Истеъмолчи ўз талабида ҳақ. Бироқ шуни унутмаслик керакки, электр таъминоти мураккаб технологик жараён. Унда турли носозликлар бўлиши мумкин. Ҳозирда энерготизим барқарор фаолият кўрсатиши учун бир қатор ишлар олиб борилмоқда ва бу маълум вақт ҳамда маблағ талаб этадиган босқичли жараён.

   Бугун, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазирлиги ва тизим тасарруфидаги ташкилотлар иштирокида ўтказилган брифингда ҳам журналистлар томонидан шу ва шу каби саволлар берилди. Соҳа мутахассислари ОАВ вакилларининг саволларига батафсил жавоб бериб, тизим фаолияти ва муаммоларини очиқ ошкор қилишди. Амалга оширилган ишлар ва ечими топилган кўплаб масалалар ҳам эътироф этилди. Фуқаро Т.Бурундуковга ОАВ эълонларини кузатиб бориш ҳамда электр таъминоти тизимида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими хусусидаги «Электр энергияси бўйича чекловлар ўрнатилишига мажбур бўлинмоқда!» номли таҳлилий мақола (http://uza.uz) билан танишишни тавсия этамиз.

   Бундан ташқари, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати фуқаро Т.Бурундуковга ҳам истеъмолчи, ҳам фуқаролар номидан жамоат фикрини етказувчи жонкуяр сифатида Олтинкўл туманидаги мазкур масалани кўтариб чиққани учун миннатдорлик билдиради.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>