ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
«Ўзбекистон бўйлаб рўй берган электр таъминотидаги узилиш сабаблари ҳозир ҳам ўрганилмоқда» — энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев билан суҳбат
  • 29.03.2022
  • 283

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 24–26 март кунлари ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Дарё» нашрига интервью берди. Суҳбатда вазирлик расмийси энергетика соҳасидаги муаммолар, январда рўй берган блекаут ва электр энергияси билан боғлиқ саволларга жавоб берди.

Шерзод Хўжаев «Дарё»

«Кўп ишлаб чиқариш эмас, барқарорлик муҳим»

Мақсадимиз фақат электр энергиясини ишлаб чиқаришни кўпайтириш эмас. Кўпайтириш ўз йўлига, лекин кўпайтиришдан ташқари, унинг ишончлилиги ва барқарорлигини ҳам ошириш керак. Масалан, сиз ҳам, мен ҳам электр энергиясининг истеъмолчисимиз. Уйимизда «свет» ўчса, хафа бўлишимиз мумкин. Лекин қайсидир ишлаб чиқариш корхонасида электр энергиясида узилиш бўлса, у хафа бўлмайди, балки молиявий йўқотишларга дуч келади. Шунинг учун гап фақат етарли эканлигида эмас, барқарорликда. Инвестиция форумида иштирок этган халқаро ривожланиш бўйича ҳамкорларимиз билан жуда кўп иш қилганмиз. Аслида, уларнинг ёрдами билан кўплаб халқаро консултантлар ёллаганмиз. Улар билан ишлаб, ҳозирги кунгача маълум бир реформаларни амалга оширдик. Президентимиз ҳам «бизга ишониб келишяпти», деб айтиб ўтдилар. Европа, Яқин Шарқ компаниялари келиб, бу ерда ўзининг маблағи эвазига электростанциялар қурмоқда. Лекин бу етарли эмас.

«Энергетикада монополия йўқолмайди»

«Энергетикада монополияни йўқ қилайлик», деган ташаббус билан чиқаётган одамлар ҳам бор. Бироқ, буни йўқ қилиб бўлмайди. Бирорта давлатда энергетиканинг қайсидир йўналишларида монополияси йўқ давлатнинг ўзи йўқ. Барибир бу сақланиб қолади. Монополия ўзи яхши нарса эмас. Лекин монополия бўлиши муқаррар бўлса, унда давлат монополияси бўлгани яхшироқ. Хусусий монополияда қайсидир компания ўзининг манфаатлари учун ишлайди, давлат манфаатлари учун эмас. Давлат монополияси бўлган йўналишларимизда, албатта, биринчи навбатда у корхоналарнинг молиявий барқарорлигини оширишимиз керак. Иккинчидан, давлат корхонаси — бу давлат ташкилоти дегани эмас. Корхонанинг эгаси давлат бўлгани билан, унинг фикрлаши, иш юритиш тарзи барибир бизнес бўлиши керак. Камроқ харажат, кўпроқ даромад. Мижозларининг ҳаммаси рози, хурсанд бўлишлари лозим. Шунга қаратилган ишларни кўп қиламиз, Худо хоҳласа. Форумда анча-мунча келишувлар имзоланди. Шамол ва қуёш энергетикасини янада ривожлантирш бўйича қўшимча битимлар тузилди. Янада кўпроқ инвесторларни олиб келишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорациялари бизга ёрдам беради.

«Электр етиб бормаган хонадонлар сони жуда оз»

Аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш жуда муҳим масала. Биз қанчадир фоизи таъминланган ёки таъминланмаган, дейишимиз ноўрин. Чунки электр энергияси етиб бормаган хонадонлар сони жуда оз. Янги қурилган, ҳали тармоққа уланмагани бўлмаса, қолган ҳаммасига етиб борган. Лекин қанчалик барқарор етиб боряпти? Муаммо мана шу ерда. Электр бир соатга ўчса ҳам, узилиш дегани. Барибир узилиш, буни барқарор, деб бўлмайди. Лекин электр энергияси йўқ, ҳам деб бўлмайди. Чунки бир кунда 23 соат энергия олган бўлади. Шунинг учун асосий эътиборни барқарорликка қаратишимиз керак. Барқарорликка эътибор қаратишда фақат ишлаб чиқариш эмас, тармоқларни янгилаш ва ўз навбатида истеъмол маданиятини оширишимиз керак. Бунда ҳам гап кўп.

Охирги 2-3 йилда биз энергетикага ташқи қарз ҳисобидан лойиҳаларни амалга оширишдан кўра кўпроқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар томонга ўтиб кетяпмиз. Сурхондарёдаги электр станцияни оладиган бўлсак, у ерга шу станция керак эди. Биз ўзимиз қурамиз, десак, 1 миллиард 200 миллион доллар ташқи қарз олишимизга тўғри келарди. Ундан кўра, яхши муҳит яратиб берайлик, инвестор келсин. Инвестор ўзининг маблағларини шу лойиҳага сарфласин. Давлатнинг асосий вазифаси ҳам шу — муҳит яратиб бериш. Худди шунақа бошқа йўналишларда ҳам муҳит яратиб бериш керак. Энди яна битта нарсани унутмаслик керакки, бир томондан тўғри «нега ташқи қарз эвазига энергетика соҳасини ривожлантириш керак, энергетиклар ўзининг аравасини ўзи тортиши лозим, нимага давлат кафолати остида қарз олиб бериш керак», дейишади. Лекин унутмаслик лозимки, энергетика — бутун иқтисодиётнинг локомотиви. Биз ташқи қарз эвазига қурган станцияларимиз ёки тармоқларимиз етказиб берган энергетика бутун иқтисодиётни ривожлантиради. Лекин шундай бўлса ҳам, давлат кафолати остидаги ташқи қарзни жалб қилишдан босқичма-босқич воз кечишимиз керак. Бу борада аниқ мақсадимиз бор. Халқаро кредит рейтингларини олиш, компанияларимизни мустақил, давлат кафолатисиз кредит жалб қилишга имконияти бўлсин, бунинг учун компанияларда бошқарув тизимимизни, ходимларнинг фикрлашини ўзгартиришимиз керак. Шунингдек, янги технологияларни жорий қилмасдан туриб, етарли даражада самарадорликка эришиб бўлмайди. Албатта, биринчи навбатда ёш кадрларни тайёрлашга жуда катта эътибор қаратишимиз шарт. Технологияларни ёш кадрларимиз бу ерда татбиқ этиб, келажакда фойдаланади.

«Электр энергиясини бизнес учун эмас, ҳамкорлик учун экспорт қиламиз»

Бизда ҳозирги кунда электр энергияси фақат қўшни давлатларга экспорт қилиняпти. Мисол учун, Афғонистонга. Бу йўналишдаги экспортни фақат бизнес, деб баҳолаш нотўғри. Қўшнинг тинч — сен тинч, деган гап бор-ку. Бу ҳамкорлик учун муҳим. Лекин экспортимиз жуда кўпайиб ҳам кетгани йўқ, камайиб ҳам кетгани йўқ. Бир маромда кетмоқда.

«Электрни 25 йил арзон сотдик»

Катта шаҳарлардаги истеъмолчиларнинг истеъмол маданияти пастроқ бўлади, фикримча. Аслида, тескаридек туюлади. Чунки шаҳар ривожланган, истеъмол маданияти юқори, дейишади. Йўқ. Истеъмол маданияти исроф қилмаслик масаласидир. Мен доим айтаман, шаҳарда исроф қилинган электр энергияси қайсидир қишлоққа етиб бориши мумкин эди. Исроф қилиш керак эмас.

Аксарият мамлакатлар орасида қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонда энергия ресурсларининг нархи анча арзон. Бу ерда ҳам қарашлар ҳар хил. Кимдир айтади, қиммат бўлсин, лекин доим бўлсин, деб. Яна кимдир қиммат эмас, арзон бўлсин, дейди. Шу ерда давлатнинг сиёсати ягона — адолатли нарх бўлиши керак. 25 йил арзон нархда сотдик, тармоқни ривожлантиришга пул сарфламадик, мана, оқибатда қаерга етиб келдик. Йилига иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари 6-7 фоиз бўлса, энергияга талаб 10 фоизга ошади. Ана энди кўз олдингизга келтиринг, 25 йил давомида қилинмаган, қолиб кетган ишларимизни етказиб олиш учун қанча маблағ керак? Йиллик 10 фоиз ўсишни қоплаш учун қанча маблағ зарур? Лекин тарифни ҳам ошириб бўлмайди.

«Бизга 20 миллиард доллар керак»

2030 йилгача молиявий ресурларга бўлган эҳтиёжимизни ҳисоблаб чиққанимизда, электр энергиясини ишлаб чиқарадиган янги станциялар қуриш, тармоқларни ривожлантириш учун энг камида 20 миллиард доллар пул сарфлашимиз керак. 20 миллиард доллар давлат инвестицияси бўла олмайди. Бунинг 70-80 фоизи хусусий инвестиция бўлиши керак, яна 20-30 фоизини давлат сарфлаши мумкин. Қолганини хусусий сектор олиб келиши лозим. Хусусий сектор қачон олиб келади? Қачонки, ишонса. Кўришингиз мумкин, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларидан фарқли ўлароқ энергетикага ташқи инвесторларнинг ишончи катта. Республикадаги энг катта тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар асосида қурилаётган лойиҳаларнинг ҳаммаси энергетика соҳасида. Чунки инвестициялар тўғрисидаги, давлат хусусий шерикчилик тўғрисидаги қонунлар бор. Булар ишлаб чиқилаётганда хорижий экспертларнинг фикри инобатга олинган. Лекин ҳозир энергетика соҳасига оид янги қонун ишлаб чиққанмиз. Бунда Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари бизга жуда катта нуфузли юридик компанияни ёллаб берди, улар билан ишлаб чиқдик. Ҳужжатда дунёдаги ривожланган мамлакатларнинг энг илғор тажрибаси асос қилиб олинган. Тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиб олсак, қонунни парламентга киритамиз.

Олдимизда турган муҳим масала ҳам хусусий секторда ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарур. Ҳозирги қурилаётган станцияларимизнинг ҳаммаси хусусий секторга тегишли. Лекин кичик қувватли хусусий секторга ҳам имконият бериш бўйича босқичма-босқич президент қарорлари қабул қилиняпти. Яъни уларга ‘ўзинг учун ишлаб чиқар‘, маъносида ҳам рухсат бериш, ҳам қулай шароит яратиш зарур. Масалан, шунақа тадбиркорлар бор, «ўзим учун ишлаб чиқараман. Майли, сотгим келмайди, лекин ўзимни ўзим эҳтиёжимни қоплашга тайёрман», дейди. «Марҳамат, ўзинг учун фойдалан», деймиз. Бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ.

«Айбни кимгадир юклаш осон...»

Январь ойида Ўзбекистонда рўй берган электр энергияси таъминотидаги узилиш бўйича ҳисоб-китоблар қилинмоқда. Аммо мазкур ҳолат келиб чиқиши бўйича нимадир айтишга ҳали эрта. Кўпгина хорижий оммавий ахборот воситалари «айб Ўзбекистонда экан», деган маълумотлар бермоқда. Аммо гап айб кимдалигида эмас, гап техник нуқтаи назаридан қаерда нуқсон борлигида. Биз шулар тўғрисида ўйлашимиз керак. Буни «Ўзбекистонда, Қозоғистонда ёки Қирғзистонда келиб чиқди», дейишимиз нотўғри. Сабаби тармоқ географик нуқтаи назардан ишламайди, физика қонунларига бўйсунади. Қайси нуқтасида муаммо бўлса, учала мамлакат ҳам сезади. Бунинг энг асосий сабаби қурилмаларнинг эскилиги билан боғлиқ. 50-60 йил ишлаган қурилмадан «авария» чиқмаслигини талаб қилиш нотўғри.

Қозоғистонликлар ҳам масалага сал сиёсий тус бериб, «айб бизда эмас, қўшнида», деган маънода гапирди, лекин техник нуқтаи назардан улар ҳам айбини жуда яхши билиб, ҳис қилиб туришибди.

Умуман олганда, бундай «авария»лар тез-тез бўлиб туради. Қайсидир бир ҳудуддан бошланади, лекин унинг тарқаб кетишига бошқа нарсалар сабаб бўлади. Ана шуни ўрганяпмиз. Бундай ҳолат ярим сония ичида юз беради. Аниқ айбни кимгадир юклаш осон, лекин бунинг моҳиятига етиш керак.

Қозоғистонда ўз вақтида тариф ислоҳотларини шунақа ўтказишганки, электр энергиянинг нархи жуда оширилган. Келиб тушган маблағлар ҳисобидан магистрал тармоқларини янгилаб олишган. Бунинг плюси ҳам, минуси ҳам бор. Биз агар ҳозир бундай юқори тариф қилсак, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини анча қийнаб қўямиз. Нархлар кўтарилиб кетади.

Исломбек Умаралиев суҳбатлашди

Манба: https://daryo.uz/k/2022/03/29/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>