ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: ««Энергетикада монополияни йўқ қилиб бўлмайди» — энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев»
  • 28.03.2022
  • 279

Ўзбекистон энергетика соҳасида монополияни йўқ қилиб бўлмайди. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев «Дарё» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.

Шерзод Хўжаев Фото: «Дарё»

Шерзод Хўжаевнинг таъкидлашича, дунёдаги барча давлатлар энергетика тизимида монополия мавжуд.

Энергетикада монополияни йўқ қилайлик, деган ташаббус билан чиқаётган одамлар ҳам бор. Бироқ, буни йўқ қилиб бўлмайди. Бирорта давлатда энергетиканинг қайсидир йўналишларида монополияси йўқ давлатнинг ўзи йўқ. Барибир бу сақланиб қолади. Монополия яхши нарса эмас. Лекин монополия бўлиши муқаррар бўлса, унда давлат монополияси бўлгани яхшироқ. Хусусий монополияда қайсидир компания ўзининг манфаатлари учун ишлайди, давлат манфаатлари учун эмас. Давлат монополияси бўлган йўналишларимизда, албатта, биринчи навбатда у корхоналарнинг молиявий барқарорлигини оширишимиз керак. Иккинчидан, давлат корхонаси, бу давлат ташкилоти дегани эмас. Корхонанинг эгаси давлат бўлгани билан унинг фикрлаши, иш юритиш тарзи барибир бизнес бўлиши керак. Яъни камроқ харажат, кўпроқ даромад. Мижозларининг ҳаммаси рози, хурсанд бўлишлари лозим, — деди вазир ўринбосари.

Суҳбат давомида Шерзод Хўжаев аксарият мамлакатлардагига нисбатан Ўзбекистонда энергия ресурслари нархи анча арзонлигига урғу берди.

Бу ерда қарашлар ҳар хил. Масалан, кимдир электр қиммат бўлса ҳам, доим бўлсин, дейди, бошқа биров қиммат эмас, арзон бўлиши кераклигини айтади. Шу ерда давлатнинг сиёсати ягона — адолатли нарх бўлиши керак. 25 йил арзон нархда сотдик, тармоқни ривожлантиришга пул сарфламадик, мана оқибатда қаерга етиб келдик. Йилига иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари 6-7 фоиз бўлса, энергияга талаб 10 фоизга ошади. Ана энди кўз олдингизга келтиринг, 25 йил давомида қилинмаган, қолиб кетган ишларимизни етказиб олиш учун қанча маблағ керак-ку, йиллик 10 фоиз ўсишни қоплаш учун қанча маблағ керак. Лекин тарифни ҳам ошириб бўлмайди, — деди вазирлик расмийси.

Аввалроқ Шерзод Хўжаев Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқарадиган янги станциялар қуриш ва энергетика тармоқларини ривожлантириш учун камида 20 миллиард доллар маблағ кераклигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, 24 март куни президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига старт берганди. Шунингдек, президент қарори билан Ўзбекистонда Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ташкил этилган.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев билан суҳбатнинг тўлиқ матни «Дарё»да эълон қилинади.

Манба: https://daryo.uz/k/2022/03/28/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>