“Сирдарё вилоятида қуввати 1 600 МВт бўлган буғ-газ иссиқлик электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва EDF (Франция) Nebras Power (Қатар) ва Sojitz (Япония) компаниялари консорциуми ўртасида электр энергиясини сотиб олиш бўйича битим имзоланди.
Битим Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Консорциум вице-президенти Беатрис Буффон хоним ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раиси Дадажон Исақулов томонидан имзоланди.
Лойиҳа доирасида Сирдарё вилояти, Ширин шаҳрида 55 гектар майдонда замонавий “H-class”даги қўшма циклда ишлайдиган газ ва буғ турбинали иссиқлик электр станцияси қурилиши режалаштирилган бўлиб, 2026 йилнинг январь ойида ишга туширилиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 12 млрд кВт.соатни ташкил этади. Станциянинг фойдали иш коэффициенти 60%дан юқори бўлади ва бунинг натижасида йилига 1,1 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади.
Аҳамиятлиси, станция қурилиши давомида 2 500 нафар, ишга тушгач эса 120 нафар янги иш ўрни яратилади.
Айтиш жоизки, Марказий Осиё ва МДҲ давлатларида очиқ тендер савдолари орқали амалга оширилаётган энг йирик инвестиция лойиҳаларидан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро молия корпорациясининг техник кўмагида ўтказилган очиқ тендерда 2021 йилнинг 19 ноябрь куни EDF- NEBRAS-Sojitz компаниялар концорциуми (Франция, Қатар ва Япония) ғолиб чиққан эди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/1886
✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati