Янгиликлар
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ вакиллари Сирдарё вилоятида ўтказилаётган Халқаро саноат кўргазмасида иштирок этишмоқда
  • 15.03.2022
  • 299

 Айни пайтда Гулистон шаҳрида «Made in Uzbekistan» халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади. Унда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Харидлар бўйича трансформация офиси ҳамда «Сирдарё магистрал электр тармоқлари» филиали мутахассислари амалиётда фойдаланилаётган электр ускуна-жиҳозлари, эҳтиёт қисмларни тадбиркорлар билан маҳаллийлаштириш дастури бўйича ишлаб чиқариш хусусида музокаралар олиб боришмоқда.

Саноат ярмаркасининг очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўз олиб, юртимизда анъанавий тарзда ўтказилаётган саноат кўргазмаси — юртимизда яратилган тадбиркорлик муҳитининг маҳсули эканини алоҳида эътироф этди.

Эслатиб ўтамиз, Саноат кўргазмасида ўнлаб йирик саноат корхоналари қаторида мамлакатимизнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган юздан зиёд ўрта ва кичик бизнес вакиллари, тадбиркорлар иштирок этишмоқда.

“Made in Uzbekistan” ҳалқаро саноат маҳсулотлари кўргазмасида 685 та тармоқ ва ҳудудий корхоналар 2 минг дан зиёд ўз маҳсулоти билан, шундан, Сирдарё вилоятидан 160 та корхона 500 турдан ортиқ маҳсулоти билан иштирок этишмоқда.

Ушбу кўргазма унда иштирок этувчи — қурилиш материаллари, электротехника, енгил саноат, фармацевтика ва автомобилсозлик саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларидаги тармоқ ва ҳудудий корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлабгина қолмай, кичик бизнес субъектлари учун ҳам улкан имкониятлар яратиши билан эътиборлидир.

Эслатиб ўтамиз, кўргазма очилишида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Ислом Жасимов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов, Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзае ва бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этишди.

Кўргазма Республикамизнинг саноат салоҳиятини акс эттиради. Унинг мақсади ва вазифалари — маҳаллий корхоналарнинг экспортга йўналтирилган маҳсулотларини намойиш этиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан барқарор, узоқ ва ишончли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Кўргазма экспозициялари тоғ-кон саноати, нефть-газ сектори, кимё ва фармацевтика тармоғи, қурилиш индустрияси, чарм-пойабзал, аграр сектор ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, банк-молия хизматлари, илмий ишланмалар ва Ўзбекистоннинг халқ амалий санъати ҳамда сайёҳлик салоҳиятини намойиш этади.

Кўргазма доирасида турли ҳудуд ва тармоқларнинг экспорт салоҳияти тақдимоти, тўқимачилик маҳсулотлари модаси намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш жараёни ва бошқалар бўлиб ўтади.

Кўргазма якунлари бўйича амалий натижалар - имзоланган шартномалар ва инвестиция келишувлари эълон қилинади, иштирокчилар эса турли номинацияларида тақдирланадилар.

Кўргазма эртага, 16 мартга қадар давом этади.

✍️  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>