Янгиликлар
2021 йил САРҲИСОБИ. 23-сонли: “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиалининг 2021 йил якунлари ҳамда 2022 йил учун режалари тўғрисида маълумотнома
  • 25.02.2022
  • 500

 “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари“ АЖ “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиалида 246 нафар ишчи-ходимлар меҳнат фаолияти юритиб келмоқдалар.

“Ўзбекистон МЭТ” AЖ томонидан тузилган шартнома шартларига мувофиқ “Тошкент шаҳар МЭТ” филиалининг асосий вазифаси электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлаб сотиш ўртасида етказиб бериш (транспортировка) вазифасини бажаришдан иборат. “Тошкент шаҳар МЭТ” филиали Тошкент шаҳри аҳолисини мунтазам, узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлайди.

“Тошкент шаҳар МЭТ” филиали балансида умумий қуввати 3031,8 МВA бўлган 220 кВли 7 та подстанциялар мавжуд.
 

  2021 йил давомида “Тошкент шаҳар МЭТ” филиали жамоаси томонидан қуйидаги ҳажмда ишлар амалга оширилди:

1. Электр энергиясини транспортировка қилиш:

 “Тошкент шаҳар МЭТ” филиали тармоқларида электр энергиясини қабул қилиш 5 809 464,243 минг кВт•соатни, транспортировка қилинган электр энергия 59825,668 минг кВт•соатни, ҲЭТК ва истеъмолчиларига узатилган электр энергия 5 695 387,617 минг кВт•соатни ҳамда технологик сарф эса 54 250,958 минг кВт•соат (0,93%)ни ташкил этди.

 Филиал тасарруфидаги подстанциялар хўжалик истеъмоли учун 289,1 минг кВт•соат электр энергияси режа қилинган ва амалда 76,527 минг кВт•соат электр энергияси истеъмол қилинган. 2021 йил давомида 212,573 минг кВт•соат электр энергияси тежаб қолинган.

 Филиал подстанцияларида ўз эҳтиёжи истеъмоли учун 4756,347 минг кВт•соат электр энергияси режа қилинган ва амалда 2466,172 минг кВт•соат энергия истеъмол қилинган. 2021 йил давомида 2290,175 минг кВт•соат электр энергияси тежаб қолинди.

 2021 йилда подстанциялардаги бир нечта эскирган электр ҳисоблагичлар кўп функцияли ва ишончли бўлган замонавий ЭНЕРГОМЕРА СЕ 308 русумли ҳисоблагичларга алмаштирилди.

 

2. Таъмирлаш ишлари бўйича:

 Электр қурилмаларини таъмирлаш:

 Йил давомида 4 бирликдаги 10/110/220 кВли трансформаторларни тўлиқ таъмир қилиниши режалаштирилган, амалда 4 та трансформаторлар таъмирланган (белгиланган режага нисбатан 100 % кўрсатгичида) ва “Ўзэнергоинспекция” Тошкент шаҳар бўлими назоратидан ўтказилди.

Йил давомида 7 бирликдаги 110/220 кВли куч ўчиргичларини тўлиқ таъмир қилиниши режалаштирилган, амалда 8 та ўчиргичлар таъмирланган (белгиланган режага нисбатан 114 % кўрсатгичида) ва “Ўзэнергоинспекция” Тошкент шаҳар бўлими назоратидан ўтказилган.

 

 Йил давомида 22 бирликдаги 10/110/220 кВли трансформаторларни жорий таъмир қилиниши режалаштирилган, амалда 30 та трансформаторлар таъмирланган(белгиланган режага нисбатан 136 % кўрсатгичида).

Йил давомида 165 бирликдаги 6/10/35/110/220 кВли куч ўчиргичларини жорий таъмир қилиниши режалаштирилган, амалда 269 та ўчиргичлар таъмирланган (белгиланган режага нисбатан 163 % кўрсатгичида).

 

Бино ва иншоотларни таъмирлаш ишлари бўйича 220/110/10 кВли “Тракторсоз” подстанцияси биносининг том қисми эски қопламалари демонтаж қилиниб тўлиқ, замонавий профнастил қопламаларига алмаштирилди.

Автотранспорт воситаларини таъмирлаш ишлари бўйича:

 Таъмирлаш-созлаш, қурилиш-монтаж ва эксплуатация ишларини амалга оширишда Филиал балансида бўлган автотранспорт воситалари ва механизмларининг хизмати ҳам алоҳида ўрин тутади. Йил давомида филиал тасарруфидаги 18 дона махсус автотранспорт ва механизмлар таъмирланиб, жами 133 772 745,0 сўмлик ишлар бажарилди.  

 

3. Модернизация ва реконструкция лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрь санасидаги 3284-сонли «Жаҳон банки иштирокида магистрал тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш инвест лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги 22 дона подстанцияларида амалга оширилаётган модернизация ва реконструкция ишлари доирасида, «Тошкент шаҳар МЭТ» филиали таркибидаги энерготизимни ташкил қилувчи 220 кВли «Қўйлиқ», «Юксак», «Озодлик» подстанцияларида ҳам маънан, ҳам жисмонан эскирган электр қурилмаларни замонавийларига алмаштириш ишлари олиб борилди.

 “Юксак” подстанциясини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси учун Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган қуввати 200 МВА бўлган Т-6 автотрансформатор “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг 2021 йил 12 июлдаги ДИ-44-сонли баённомадаги топшириғига биноан “4-сонли монтаж бошқармаси” АЖ томонидан фундаментга ўрнатилиб, монтаж қилинди.

“Қўйлиқ” ва “Озодлик” подстанцияларига модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси учун Хитой Халқ Республикасидан контейнерларда келтирилган 110-220 кВ уч қутбли ажратгичлар қабул қилиб олинди.

“Озодлик” подстанциясида 10 кВли комплект тақсимловчи қурилма КРУН-10 кВ ўрнатилди.

 

4. Фавқулодда вазиятлар ва ходимлар билан ишлаш:

 2021 йилда корхона объектларида бахтсиз ҳодисалар ёки 1-даражали носозликлар кузатилмади.

 Жорий йилда Филиал тасарруфидаги “Келес” подстанциясида мавжуд бўлган, техник ўқитиш хонасида мунтазам равишда ходимларни назарий билимини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ташкиллаштирилди.

  Филиалнинг барча объектларида аварияли ҳолатларни олдини олиш ва тезкор бартараф этиш кўникмаларини ходимларда ривожлантиришга йўналтирилган аварияга қарши 4 марта ва ёнғинга қарши 2 марта амалий машғулотлар ўтказилди.

 

   Бундан ташқари ўтган йил мобайнида ходимларнинг билим-савияларини аниқлаш ва уларни малакасини ошириш мақсадида 190 нафар ходимлар тасдиқланган режа асосида билим синовидан ўтказилди.

 "Қўйлиқ" подстансиясида қуввати 200 МВA бўлган OSFPSZ – 200000/220 русумидаги трансформатор ишга туширилди.

   2021 йилда “Тракторсоз” подстанциясида қуввати 125 МВA бўлган AТДЦТН – 125000/220/110/10 русумидаги трансформатор ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида шаҳар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа ижросини таъминлаш бўйича “Тошкент шаҳар МЭТ” филиали тасарруфидаги подстанциялар ҳудудидаги бўш ер майдонларига манзарали ва мевали дарахтлар экилди.

 
 

Филиалда байрам тадбирларини муносиб ўтказишга, ходимларнинг руҳиятини кўтариш уларда ишчанлик, серғайратлик кўникмаларини ривожлантириш учун ҳам алоҳида этибор берилади. Бунга далил сифатида филиалимизда йил давомида ўтказилган байрам тадбирларидан қуйида лавҳалар келтирамиз:

 

“8-март – Халқаро хотин-қизлар куни” байрамидан лавҳалар

 

 Ходимлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларидан лавҳалар

 

Коронавирус касаллигининг зиёнини камайтиришга ҳисса қўшиш мақсадида “Вакцина – нажот” тадбири ташкиллаштирилди ва ходимлар ихтиёрий равишда касалликка қарши эмландилар.

 

     2021 йил давомида эришилган ижобий натижалар салмоқли бўлгани билан, баъзи камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Хусусан, электр энергиясини узатиш жараёнида, подстанция электр қурилмаларида 7 маротаба фавқулотда ўчишлар қайд этилди. Барча фавқулотда ўчишлар “иккинчи даражали тўхталиш” сифатида белгиланди. Фавқулотда ўчишнинг сабаб ва омиллари тезкор аниқланди ва бартараф этилди. Будай носозликлар такрорланмаслиги учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

 «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали жамоаси 2021 йилда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида, «2021 йилда бажариладиган тадбирлар ва ишлар режаси» ишлаб чиқилиб ва шу режа асосида ишлар ташкил қилиб борилди.

  «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали жамоаси томонидан 2022 йилда амалга ошириладиган ишлар қуйидагича:

 - “Тошкент шаҳар МЭТ” филиали ходимларининг ишлаб чиқариш интизоми, хавфсизлик техникаси ва техник фойдаланиш қоидаларига риоя этишини таъминлаш;
 - тасдиқланган жадвалларга мувофиқ электр қурилмаларида тўлиқ (4 та трансформатор ва 8 та ўчиргич) ҳамда жорий (26 та трансформатор ва 317 та ўчиргич )таъмирлаш ишларини бажариш;
 - тармоқлардаги электр энергияси технологик сарфининг стандарт ҳажмларини таъминлаш бўйича техник меъёрларни, ХЭ ва ЎЭ учун электр энергиясини истеъмол қилишнинг ташкилий-техник тадбирларини бажариш;
 - фавқулодда вазиятларда ҳаракатчанлик ва тезкорликни таъминлаш учун транспорт воситаларини яхши ҳолатда сақлаш;
 - 1-даражали бахтсиз ҳодисалар ва носозликларнинг олдини олиш ва 2-даражали носозликларни камайтириш бўйича ишларни кучайтириш;
 - Тўлиқ қурилиш режасини ўз вақтида бажариш;
 - Пудратчиларни зарур материаллар ва маблағлар билан ўз вақтида таъминлаш;
 - Тугалланмаган ишлар ҳажмини камайтириш;
 - Тўлиқ таъмирлаш ишларини бажариш;
 - “Тошкент шаҳар МЭТ филиали энергия тежаш дастури”нинг бажарилишини таъминлаш;
 - Энергия аудити (энергетика аудити) бўйича тавсияларнинг бажарилишини таъминлаш;
 - Модернизация лойиҳаси бўйича ускуналарни ўрнатиш.

  Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, 2021 йил давомида "Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари" филиали томонидан эришилган барча ижобий натижалар, ташаббуслар-у, саъй-ҳаракатларининг замирида — филиал подстанцияларидан қувват олувчи барча истеъмолчиларга ишончли, сифатли ва узлуксиз электр энергиясини етказиб бериш, электр энергияси тармоғининг барқарор ишлашини таъминлаш, ўз соҳасини ривожланиши учун ҳисса қўшиш, соғлом ва беталофат иш муҳитини яратиш, халқимизнинг фаровон ҳаёти ва юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишдек олий мақсадлар мужассам.

 

 Филиалимиз 2022 йилда ҳам айни шу руҳда барча белгиланган ишларни давом эттиришга ҳамда юрт фаровонлиги, инсонларни ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун ишончли, сифатли ва узлуксиз электр энергиясини етказиб беришга тайёр ва бундан ҳеч қачон чарчамайди.

✍️ Анвар Расулов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали директори

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>