Янгиликлар
2021 йил сарҳисоби. 22-сонли: “Қашқадарё магистрал электр тармоқлари” филиали томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот
  • 18.02.2022
  • 487

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби.

 

 «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиалининг асосий вазифаси, бошқа магистрал электр тармоқлари каби, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналардан қабул қилиб, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига узатиш, шу билан бирга, қўшни давлатларнинг электр энергетикаси тизимлари ҳамда магистрал электр тармоқлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш, юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларда мавжуд электр қурилма ва жиҳозларини жорий ҳамда мавсумий таъмирлаш, бундан ташқари, тармоқда қурилиш-монтаж ва модернизация-реконструкция ишларида иштирок этишдан иборат.

Филиалда ўтган 2021 йил давомида электртармоқ хўжалиги объектлари, яъни 500 кВ ли «Ғузор», 220 кВли «Қарши», «Пачкамар», «ШГХК», «Муборак», «Муборак-2», «Косон», «Кўкдумалоқ», «Талимаржон НС-7» ва Туркманистон Республикаси ҳудудида жойлашган "НС-1", "НС-2", "НС-3", "НС-4", "НС-5", "НС-6" подстанциялари умумий узунлиги 1756,306 км. Шундан, 110 кВли 20,11 км, 220 кВли 1254,55 км, 500 кВли 481,646 километрни ташкил этади.

2021 йилда режага мувофиқ "Қашқадарё МЭТ" филиали тасарруфидаги 110–500 кВли электр узатиш линияларига техник хизмат кўрсатилган ҳолда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мисол учун, 500 кВ ли «Ғузор» подстанцияси 500 кВ ли кириш ва чиқиш 4 та линия мавжуд бўлиб, Л-507, Л-519, Л-513, Л-520 лардан иборат. Л-507 ҳаво электр узатиш тармоғи "Ғузор"-"Сурхон" 500 кВ, Л-519 ҳаво электр узатиш тармоғи Ғузор-Сурхон 500 кВ, Л-513 ҳаво электр узатиш тармоғи Ғузор-Талимаржон ИЭС, Л-520 ҳаво электр узатиш тармоғи Ғузор-Суғдиёна 500 кВ билан боғланган.

220 кВли «Қарши» подстанцияси 220 Л-К-К ҳаво электр узатиш тармоғи Қарши–Косон 220 кВ, Л-Қарши ҳаво электр узатиш тармоғи Навоий ИЭС, Л-33-К1, Л-33-К2 ҳаво электр узатиш тармоғи Қарши–Талимаржон ИЭС, Л-К-Ш ҳаво электр узатиш тармоғи ШГХК-220 кВ, Л-К-Г ҳаво электр узатиш тармоғи Ғузор 500 кВ билан боғланган.

220 кВли «Пачкамар» подстанцияси Ғузор 500кВ билан боғланган бўлиб, асосан Дехқонобод калий ўғитлар заводига, Темир йул ҳамда Ғузор туманининг ярмини электр энергияси билан таъминлайди.

 

220 кВли «ШГХК» подстанцияси Ғузор, Қарши, Талимаржон ИЭС билан боғланган бўлиб, асосан Шўртан ГХК заводини ва янги қурилаётган GTL заводини электр энергияси билан таъминлайди.

220 кВли «Муборак» подстанцияси Л-32-М ҳаво электр узатиш тармоғи орқали Муборак ИЭМ , Л-М-КБ ҳаво электр узатиш тармоғи орқали Бухоро вилояти билан боғланган. Асосий вазифаси — Муборак тумани истемолчиларини ва Муборак газни қайта ишлаш заводини электр энергияси билан таъминлашдан иборат.

220 кВли «Муборак-2» подстанцияси Л-32-М2, Л-Т-М2 ҳаво электр узатиш тармоғи орқали Муборак газни қайта ишлаш заводини электр энергияси билан таъминлайди.

220 кВли «Косон» подстанцияси Л-К-К ҳаво электр узатиш тармоғи Қарши 220 кВ, Л-32-К ҳаво электр узатиш тармоғи орқали Муборак ИЭМ билан боғланган. Асосий фаолияти Косон тумани истемолчилари, Темир йул ва Косон ёғ заводини электр энергияси билан таъминлашдан иборат.

220 кВли «Кўкдумалоқ» подстанцияси ишлаб чиқариш зонасида жойлашган бўлиб, Л-Кўкдумалоқ Бухоро вилоятидаги Турон-220кВ ва Л-33-КД Талимаржон ИЭС билан боғланган. Асосий вазифаси Лукойл бурғулаш конларини электр энергияси билан таъминлашдан иборат.

220 кВли «Амир Темур» подстанцияси Шаҳрисабз тумани, Кеш массивида жойлашган бўлиб, Л- Амир Темур -1, Л- Амир Темур -2 ҳаво электр узатиш тармоғи орқали 500 кВ ли «Ғузор» подстанцияси билан боғланган, асосий вазифаси Л-Конч-цемент ҳаво электр узатиш тармоғи орқали Китоб туманидаги цемент ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Яккабоғ, Китоб, Чироқчи, Шаҳрисабз туманларини электр энергияси билан таъминлашдан иборат.

 

«Талимаржон НС-7» ва Туркманистон Республикаси ҳудудида жойлашган "НС-1", "НС-2", "НС-3", "НС-4", "НС-5", "НС-6" подстанциялари Л-33-6-1, Л-33-6-2 ҳаво электр узатиш тармоғи орқали Талимаржон ИЭС билан "НС-3" подстанцияси Л-Насосная ҳаво электр узатиш тармоғи орқали Ғузор 500 кВ билан боғланган бўлиб, асосан Талимаржон шаҳри ва КМК насосларини тўлиқ таъминлайди.

Жумладан: 2021 йил мобайнида филиал тармоқлари орқали 6 072 658,684 минг кВт•соат электр энергияси “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари“АЖ га етказиб берилди. Электр энергиясини узатиш жараёнидаги технологик сарф 200 524,684 минг кВт•соатни ёки 1.64 % ташкил қилди.

Сирасини айтганда, электр қурилмаларни сифатли эксплуатация қилиш олдимиздаги муҳим вазифаларимиздан биридир. 2021 йил мобайнида 110–500 кВли электр узатиш линияларининг 224,48 километр қисмида мукаммал таъмир ишлари бажарилди, бу тасдиқланган режага асосан 100 фоизни ташкил этади. Жорий таъмир ишлари электр узатиш линияларининг 129,6 километр қисмида бажарилиб, белгиланган режага асосан 100 фоиз кўрсаткичига эришилди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ маблағлари ҳисобига харид қилинган замонавий ЛК-70/220 русумидаги полимерли изоляторларидан 30 донаси филиал тасаруффидаги 220 кВ ли электр узатиш линияларида ўрнатилди. Жисмонан ва маънан эскирган ПФ-60 ва ПС-70 русумидаги изоляторлар алмаштирилди ўрнига 2535 дона ПСД-70Е русумидаги изоляторлар ўрнатилди. Бу орқали линияларда электр энергиясини ўтказишдаги мустаҳкамлиги оширилди.

 Л-Қарши, Л-К-К, Л-М-КБ, Л-32-М2, Л-32-К ҳаво электр узатиш тармоғларида 17 дона ёрилган темир-бетон устунлар демонтаж ва монтаж қилинди.

ХЛ-220кВ Л-К-К ҳаво линиясининг 60–61-рақамли устунлар оралиғидаги катта ўлчамни (негабарит) тўғирлаш мақсадида СЛ-22 русумли 60-а-рақамли қўшимча таянч устун ўрнатилди.

Шу билан бир қаторда, 220 кВли ўчиргичларнинг 2 донаси ва 1 дона трансформатор мукаммал таъмирланди. Бу тасдиқланган режага асосан 100 фоизни ташкил этади. Шунингдек, 149 дона ўчиргичларда жорий таъмир ишлари бажарилди.

Бундан ташқари, мавжуд ҳаво компрессорларининг 3 донаси мукаммал ва 3 донаси жорий таъмирланди. 34 дона трансформаторларда жорий таъмирлаш ишлари тасдиқланган режага кўра ташкил этилиб, амалиётлар тўлиқ бажарилди.

220 кВли «Қарши» подстанциясининг маъмурий ҳамда ёрдамчи биноларнинг ташқи фасад қисмларида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойихасини амалга ошириш учун "Қашқадарё МЭТ" филиали таркибидаги подстанцияларига 3106 дона манзарали ва мевали кўчатлар экилди.

 

Элекр тармоқлари корхоналарида эксплутация ишлари ва бошқа турдаги қурилиш-таъмирлаш ишларни амалга оширишда автотранспорт воситалари ҳамда механизмларнинг муносиб ўрни бор. Жорий йилда филиал тасаруффидаги мавжуд 47 дона махсус автотранспорт ва механизмларни таъмирлаш мақсадида 528,0 млн. сўмлик ишлар бажарилди, транспорт воситалари 64 дона автошина ва 19 дона аккумулятор билан жиҳозланди.

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ маблағлари ҳисобидан 1 дона янги EQUINOX автомашинаси ҳамда 1 дона янги DONGFENG махсус автомашинаси харид қилинди ва автопарк таркиби янгиланди.

 

 Бир сўз билан айтганда, юқорида қайд этилган ишлар, ўз-ўзидан маълумки, филиалда фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг самарали меҳнатлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Ҳар томонлама етук, билимли мутахассисларни тайёрлаш, уларни мунтазам равишда малакаларини ошириб бориш, филиалнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Филиалда ёш муҳандис-техник ходимларни тайёрлаш борасида «устоз-шогирд» анъаналари асосида ишлар ташкил этилган. 2021 йил мобайнида ходимларнинг билим-савияларини аниқлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида 391 нафар ходимлар билим синовларидан ўтказилди.

 Авария ва ёнғин ҳолатларнинг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган амалий машғулотлар тасдиқланган режалар асосида ҳар бир подстанция кесимида 45 марта ўтказилганидан ҳам ҳикмат борки, масъулиятли вазифаларни бажарувчи ходимларнинг билим-тажрибаси тез-тез турли машғулотларда синаб-такрорланиб турилиши лозим.

Бундан ташқари, объектларда келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғин ҳолатларини олдини олиш бўйича ходимларнинг тайёргарликларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимларни жалб этган ҳолда ёнғинга қарши 1 марта амалий машғулот ўтказилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрь санасидаги 3284-сонли «Жаҳон банки иштирокида магистрал тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ нинг 22 та подстанцияларида амалга оширилаётган модернизация ва реконструкция ишлари доирасида, «Қашқадарё МЭТ» филиали таркибидаги энерготизимни ташкил қилувчи 220 кВ ли «Қарши», «Муборак», «Косон»,"Талимаржон-НС-2", "НС-3", "НС-4", "НС-6" ва 500 кВ ли «Ғузор» подстанцияларида маънан ва жисмонан эскирган электр қурилмаларни замонавийларига алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, «Талимаржон-НС-2» подстанцияда маънан ва жисмонан эскирган автотрансформаторни янги энергосамарадор кўрсаткичларга эга бўлган, ўтказгич қуввати 63 МВА бўлган автотрансформаторга алмаштириш ишлари бажарилди.

«Муборак» подстанциясида 10 дона автотрансформатор учун ажратгичлар янгисига алмаштирилди.

«Қарши» подстанциясида 9 дона автотрансформатор учун ток трансформаторлари янгисига алмаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 май куни Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган сайёр йиғилишининг 587-сонли баённомаси 37-бандини — “Шаҳрисабз шаҳрини узлуксиз электр энергия билан таъминлаш” бажариш бўйича ҳозирги кунда Шаҳрисабз тумани Кеш массивида жойлашган янги 220кВ кучланишли "Амир Темур" подстанциясига ўтказгич қуввати 125 МВА бўлган автотрансформатор ўрнатилди. 220кВ ли Л-Амир Темур-1, Л-Амир Темур-2 электр узатиш тармоғи темирғбетон устун қурилиш ишлари тўлиқ тугатилди. Л-Амир Темур-1 ҳаво электр узатиш тармоғи фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 июндаги 23-сон Баёни ижроси бўйича умумий қуввати 250МВА бўлган 220/35/10 кВ кучланишли GTL подстанцияси қабул қилинмоқда.

Қашқадарё МЭТ филиали томонидан “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ нинг 220кВ кучланишли "Пачкамар" подстанциясидаги Жарқудук-1, Жарқудук-2 ва 220кВ кучланишли "Кўкдумалоқ" подстанциясидаги Хаузак-1, Хаузак-2 ячейкалари электр қурилмаларига тезкор ва техник хизмат кўрсатиш ишларини бажариб келмоқда. 2022 йилда “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ билан 268,5 млн сўмлик шартнома имзоланди.

"Қашқадарё МЭТ" филиали 2022 йилда ишлатилмаётган биноларни ижарага қўйиш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари бўйича ҳисоб-рақамга 303,3 млн сўм пул маблағи туширган.

2021 йил давомида филиалда маданият ва маърифат ишлари бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

“Қашқадарё МЭТ” филиалида 14 — январь Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимлари ўртасида 500 кВ кучланишли “Ғузор” подсьтанциясида волейбол мусобақаси ўтказилди ва ғолиб жамоага эсталик совғалари топширилди.

Филиал таркибида фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг меҳнати ўзгача қадрли. Уларга бўлган ҳурмат ва эътибор кўриниши сифатида ҳар йили байрам тадбирлари ўтказилиб келинади. 2021 йилда ҳам 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрамида ҳам тантанали тадбир ўтказилди.

 

Бундан ташкари, филиал ходимларига 21 март — Наврўз умумҳалқ байрами муносабати билан тантанали байрам дастурхони ташкил қилинди.

Ходимларнинг фарзандларини дам олиш мавсумида жами 36 нафар болажонларни “Нурафшон” болалар оромгоҳида дам олдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан янги қурилган "Қашқадарё МЭТ" филиали маъмурий биносининг очилиш маросими тантанали равишда ўтказилди. Тадбирда “Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари С.С.Артиков, Қашқадарё вилояти Нуроний жамғармаси раҳбари Январ Иноятов ҳамда турдош ташкилот вакиллари, энергетика соҳаси фахрийлари иштирок этишди. Очилиш маросимида байрам дастурхони тузалиб, байрам тадбири таниқли санъаткорлар иштирокида ўтказилди.

 

Бундан ташкари, филиалда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳамда коррупцияга қарши курашни тарғиб қилишга бағишланган давра суҳбатлари, шу билан бирга, «8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами муносабати билан турли тадбирлар ўтказилди. Янги йил муносабати билан барча подстанцияларда ва бўлимларда байрам дастурхони ташкил қилинди.

Ишчи-ходимлар ва оила аъзоларига 8 номдаги турли ихтисосликка эга санаторияларга соғлигини тиклаш учун йўлланма олиб берилди. Ходимларни соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам пуллари ажратилди.

 2021 йил давомида эришилган ижобий натижалар самоқли бўлгани қаторида, камчиликлар ҳам йўл қўйилган. Хусусан, 3 маротаба подстанция электр қурилмаларида фавқулотда ўчиш қайд этилди. Фавқулотда ўчишга сабаб бўлган таъсир омиллар тезкор аниқланиб, барча носозликлар бартараф этилди.

«Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали жамоаси 2022 йилда ҳам белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида «2022 йилда бажариладиган ишлар режаси»ни ишлаб чиқди.

Филиал ходимларининг ҳаракатлари замирида жамоада соғлом ва беталофат иш муҳитини яратиш, электр энергетика тармоғининг илғор жамоаси сифатида шаклланиш ҳамда Президентимизнинг 2017 йил 16 сентябрь санасида тасдиқлаган ПҚ-3284-сонли «Жаҳон банки иштирокида магистрал тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш инвест лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини ўз вақтида таъминлашга эришиш каби устивор вазифаларга қаратилган.

✍️ Шерзод Холиёров, «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали директори

 

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>