ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
“Uzbekistan GTL” заводида автоном электр энергияни ишлаб чиқариш қурилмаси ишга туширилди
  • 05.02.2022
  • 390

2022 йил 4 феврал куни “Uzbekistan GTL” заводида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқаруви Раиси Меҳриддин Абдуллаев иштирокида ўзининг электр энергиясини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун биринчи буғ турбинаси генератори ишга туширилди.
 


Умумий қуввати 90 МВтгача бўлган электр энергиясини ишлаб чиқариш қурилмасининг ишга туширилиши билан яқин кунларда GTL заводи нафақат ўзининг ишлаши учун зарур бўлган электр энергиясини ишлаб чиқаришни, балки республика миллий электр тармоғига қўшимча  45 МВтгача бўлган ҳажмда электр энергиясини етказиб беришни ҳам бошлайди.
 


Қўшимча ишлаб чиқариш қувватлар Шўртан газ-кимё мажмуаси, Шўртан нефт-газ қазиб чиқариш бошқармаси, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар, жумладан, турар-жой бинолари ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси билан таъминлаш имконини яратади.
 


 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ишчи гуруҳ ташрифи доирасида Бошқарув Раиси асосий нефт-газ корхоналарини, жумладан, газ конларида ўрнатилган компрессор станцияларини GTL заводи ишлаб чиқарилаётган электр энергияси негизида ягона автоном тармоққа улаш имкониятларини ўрганиш бўйича топшириқ берди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг энергетика тизимининг барқарорлигини ошириш ва асосий ишлаб чиқариш объектларини, биринчи навбатда, нефт ва газ қазиб олиш объектларини автоном электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича топшириқларини бажариш доирасида амалга оширилади.
 


Қайд этиш жоизки, GTL заводида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини автоном ишлаб чиқариш экологик жиҳатдан хавфсиз бўлиб, технологик жараён давомида ҳосил бўладиган ортиқча буғ ҳисобига амалга оширилади. Умуман олганда, GTL заводида қуввати 90 МВтгача бўлган электр энергиясини ишлаб чиқарадиган иккита буғ турбинали генератор ўрнатилган.  
 

 

Манба:  https://minenergy.uz/uz/news/view/1802

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>