Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «Қўшма корхона фаолиятини тўлиқ ишга қўйиш учун 220/35/6 кВ ли “Wang Da” подстанциясидаги ишлар тўлиқ якунланиши зарур»
  • 14.01.2022
  • 478

Мурожаат эгаси: Акмалов Элдор Содиқ ўғли

Электрон почта: kom-e@mail.ru

Мурожаат мазмуни: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Д.А.Исақуловга (17-сонли 12.01.2022 йилдан)

Ҳурматли Дадажон Айнақулович!

“Wang Da Rolling Steel” МЧЖ қўшма корхонаси 2018 йилда ташкил этилган ва Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги ягона бўлган йирик оғирсаноат корхонаси ҳисобланади.

Сирдарё вилояти Ширин шаҳрининг иқтисодий салоҳиятини кўтариш ва маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш борасида амалга ошираётган инвестиция дастуримиз давлатимиз раҳбарларининг мақтовига сазовор бўлмоқда.

Инвестиция лойиҳамизга асосан Сирдарё вилоятига 2018 ва 2022 йиллар давомида 25 млн АҚШ доллардан зиёд инвестиция киритишга эришилиб, жаҳон стандарти талабларига жавоб берувчи сифатли металлопрокат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи завод қурилишини якунладик.

Заводимизни электр энергияси билан таъминлаш борасидаги масала Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев эътиборларига тушиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов томонидан тасдиқланган.

2019 йил 23 декабрь кундаги 41-сонли баённома ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатларда ўз аксини топиб, натижада Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 01 мартдаги 69-F-сонли Фармойишига асосан заводимизга электр энергия етказиб берувчи 220/35/06 кВ “Wang Da” подстанцияси қурилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.12.2019 йилдаги 41-сонли протоколини 2-банди билан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан подстанция учун 2 та 40 мвт қувватга эга бўлган трансформатор билан таъминланиш вазифаси юклатилган.

“Wang Da” 220/35/6 подстанцияси қурилиш ишлари якунланган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар подстанцияга ўрнатилиши лозим бўлган Т1 40 Мвт қувватга эга бўлган трансформатор узлуксиз электр таъминоти ҳаво тармоғига уланмаган. Ҳозирда ушбу трансформатор “Энерготаъмир” АЖ корхонасида таъмирланмоқда.

Бажарилган таъмир ишлари якунида Т1 40 мвт қувватга эга бўлган трансформатор чўлғамлари синовдан ўтказилган. “Энерготаъмир” АЖ томонидан 19.11.21 йил кунида тақдим этилган синов баённомасига кўра, юқори кучланиш чўлғамларининг изоляция қаршилиги 375 Мом га тенг бўлган. Ваҳоланки, “Электр ускуналарини синов меъёрлари ва қоидалари” талабларига кўра юқори кучланишли трансформатор чўлғамларнинг изоляция қаршилиги 500 Мом дан кам бўлмаслиги кўрсатилган. Аслида эса, Т1 40 мвт қувватга эга бўлган трансформаторнинг чўлғамларининг изоляция қаршилиги 375 Мом га тенг бўлиб, белгиланган меъёрдам анча кам.

Ҳозирда, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ходимлари томонидан 2021 йилнинг декабрь ойидан бошлаб трансформаторни қиздириш, трансформатор мойини регенерация — дегазация ишларини амалга ошириш орқали трансформаторнинг изоляция қаршилигини созлаб, белгиланган меъёрга келтириш ишлари бажарилмоқда кўрмоқдалар.

Ушбу ишларни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқарма бошлиғи А.Султанов, “Сирдарё МЭТ” филиали муҳандиси М.Ю.Соколов ўз назоратига олиб, Т1 трансформаторни “Энерготаъмир” АЖ муҳандислари билан бирга таъмирлаш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Лекин, бугунги кунга қадар, Т1 трансформаторнинг ҳолати бўйича ижобий натижаларга эришилмаган. Т1 трансформатори подстанцияга ўрнатилиб, шу ҳолатда ишга туширилса кутилмаган авария ҳолати юз бериш эҳтимоли жуда катта.

220/35/6 “Wang Da” подстанцияси Ўзбекистон энергия тизимини 220 кВ кучланишга эга бўлган ҳаво линиясига уланганлиги боис, Т1 40 мвт қувватга эга бўлган трансформаторда қисқа туташув содир бўлса, энерго тизимга катта зиён етиши мумкин.

220/35/6 кВ кучланишли “Wang Da” подстанциясини қуриш ишларини Бош пудратчи сифатида 19.11.2019 йилдаги 192-КС-сонли Пудрат шартномасига асосан “4-сонли монтаж бошқармаси” АЖ (МУ-4) олган бўлса-да, бугунга қадар объектни Буюртмачига ўз вақтида тўлиқ соз ҳолатда фойдаланишга топширмаганлиги оқибатида, корхонамиз жуда катта иқтисодий зарар кўрмоқда. Заводимиз Давлат дастурига киритган режа ва тадбирларини ўз муддатида бажара олмаяпти. Булар қаторида Ширин шаҳрида янги иш ўринлари яратиш ва экспортни йўлга қўйиш каби долзарб масалалар ҳам бор.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2021 йил 01 мартдаги 69-F-сонли Фармойишига асосан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан подстанция қурилиши учун зарур бўлган электр ускуналарини сотиб олиш учун 26.05.2021 йилда ажратган 14.3 млрд сўм бюджет ссудасини “Сирдарё ХЭТК” АЖ билан 11.03.2021 йилда имзоланган 95-сонли шартнома талаблари асосида қайтаришимиз лозим. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банк Сирдарё вилоят филиали томонидан 13.11.2018 йилда имзоланган 2018/622-сонли кредит шартномасига асосан ажратилган 8 млн АҚШ доллар миқдоридаги кредит қарздорликни муддатида тўлаш мажбуриятини олганмиз.

Қисқа қилиб айтганда, ҳозирда “Wang Da Rolling Steel” МЧЖ қўшма корхонаси ўз иш фаолиятини бошлаган бўлса-да, электр таъминотидаги белгиланган тўлиқ қувват мавжуд эмас, натижада завод 40% куч билан кунига олти соат ишлаб, ишлаб чиқариш жараёнида подстанциядан 25 мвт электр қувватини истеъмол қилмоқда. Бу эса юқоридаги кўрсатиб ўтилган завод олдида турган катта сарф-харажатларни қоплаш учун етарли эмас ва молиявий танқисликни келтириб чиқармоқда.

Ҳурматли Дадахон Айнақулович, юқоридагиларга кўра “Wang Da Rolling Steel” МЧЖ қўшма корхонаси ишлаб чиқариш фаолиятини 100% тўлиқ йўлга қўйиш мақсадида, қурилган Wang Da 220/35/6 подстанциясига ўрнатилиши лозим бўлган Т1 40 мвт қувватга эга бўлган трансформаторни ўрнига, бошқа — соз ҳолдаги трансформаторга алмаштириб, 220/35/6 “Wang Da” подстанциясини 2022 йил 25 январь кунига қадар тўлиқ қувватда ишга туширилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.

Ҳурмат билан,

“Wang Da Rolling Steel” МЧЖ қўшма корхонаси директори Э.Акмалов

 

Мурожаатга жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 декабрдаги 41-сонли йиғилиш баённомасига Сирдарё вилоятининг “Сирдарё эркин иқтисодий зонаси” таркибидаги Ширин шаҳрида ташкил этилган “Wang Da Group” МЧЖ ҚКнинг “Металлни қайта ишлаш заводи”ни электр энергияси билан таъминлаш учун қурилаётган 220/35/6 кВ “Wang Da” подстанцияси орқали электр энергияси билан таъминлаш учун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга оид бўлган вазифаларни бажаришга тайёрлигини маълум қилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ томонидан “4-сонли монтаж бошқармаси” АЖга жорий йилнинг январь ойи якунига қадар “Wang Da 220/35/6 кВли подстанциясини тўлиқ қувватда ишга туширилиши бўйича топшириқ берилди.

 

✍ Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси

 

???? «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>