ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Куни тун ишлаган вазирлик ЁХУД тунлари ҳам ухламай тизимни оёққа турғазган вазир Алишер Султоновнинг бир ҳафталик фаолиятига қисқача назар
  • 31.01.2022
  • 260

 ЎзА кузатуви: Ўзбекистон амалдорлари ҳафта давомида қандай ишлар билан шуғулланди?

Лойиҳамиз Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов ва у раҳбарлик қилаётган жамоанинг ўтган 24-29 январь кунларида режа бўйича ишлари ва ҳафта давомида амалга оширган ишларига бағишланади.

Сир эмас,  24-29 январь кунлар нафақат Энергетика вазирлиги учун, балки халқимиз учун синовли ҳафта бўлди. Cабаби, барчамизга маълумки, 25 январь куни соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келди.

Ўзбекистон тарихида кузатилмаган бу катта авария сабабли мамлакатимизнинг барча ҳудудларида электр энергияси таъминотида батамом узилиш бўлди...

Одатда, Энергетика вазири Алишер Султоновнинг ҳафталик режаси ҳар ҳафтанинг жума куни тузилган бўлар ва шулар асосида иш бошланар экан. Лекин, мана шундай фавқулодда ҳолатларда тезлик билан қарор қабул қилишга тўғри келган.
Мамлакат электр таъминотида кенг кўламли узилиш рўй берганда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев назоратлари остида Бош вазир бошчилигида Республика даражасида комиссия тузилди.

Юртбошимиз ҳар бир сонияни назорат остига олди. Вазир бошчилигида Энергетика жамоасининг барча ҳодимлари куну-тун вазият барқарорлашиб, электр энергия ва газ таъминоти яхшиланмагунча ҳаракатдан тўхтамади. Бирламчи мақсад: Вазир республика энергетика тизимидаги бундай фавқулодда ҳолатни имкон қадар катта йўқотишларсиз ҳал қилишга қарор қилди. У вазирлик ва тизимдаги ташкилотлар раҳбарлари ва  жамоасига  ҳар бир ишни режали ташкил қилиш бўйича буйруқ берди.

Содир бўлган ҳолат бўйича ҳукуматга маълум қилинди. Аҳоли ва истеъмолчиларга мавжуд вазиятнинг сонияларигача хабардор қилиш бўйича вазирлик Матбуот хизмати ва тизимдаги матбуот хизмати раҳбарларига топшириқ берди.

Жорий йилнинг 25 январь куни соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келганини бартараф этишга  вазирлик ва тизим ташкилотлари ҳамда ҳудудлардаги корхоналари жамоаси якдиллик билан курашишга киришди. Уларнинг куну тун ишлашлари ва ҳар бир ишни берилган буйруқ асосида бажарганлари сабаблари Тошкент шаҳри ва вилоятларда қисқа вақт ичида электр энергияси таъминотини тиклашга эришди.

Вазирлик матбуот хизмати жорий йилнинг 24 январида Мирзо Улуғбек туманидаги “Горная” подстанциясидаги носозлик ва уни бартараф этиш борасида берилган хабардан то 29 январь кунигача ҳар бир ҳолат, энергия тизимида олиб  борилган ҳар бир иш, соҳадаги машаққатли вазиятлар ва республикамиз ҳудудларида электр энергия таъминотини қайта тиклаш жараёни бўйича узлуксиз ахборот бериб борилди.

Айтиш жоизки, тизимдаги фавқулодда вазиятга ечим топиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишда вазир Алишер Султоновнинг чиқарган ҳар бир қарори ва берган топшириғи қўл келди.

26 январь куни соат 10:00 да Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган брифингда республикамизда электр энергияси таъминоти 70 фоизга тиклангани маълум қилинди.

Шу куни Халқаро пресс-клуби ўзининг навбатдаги сессиясида энергия таъминотига бағишлаб ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси энергетика, транспорт, фавқулодда вазиятлар, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги вазирликлари, ҳамда “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖлари мутасаддилари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев электр энергия узилиши бўйича муносабат билдирар экан, халқимиз, мутасаддилар ва барча ОАВ-блогерларга ҳамкорлик, фидойилик учун миннатдорлик билдирди.

Электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар, ўз навбатида, магистрал газ қувурлари ва маҳаллий тармоқларида босимнинг пасайишига сабаб бўлди. Соҳа мутахассислари томонидан босимни тиклаш ва истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш бўйича барча зарур чоралар кўрилди.

Вазирлик томонидан тезкор кўрилган чоралар сабабли 27 январь куни табиий газ истеъмолчиларининг 67 фоизида ижобий натижага эришилди. Республикамиз ҳудудларида электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ҳолат шу куни соат 16:00 да барча ҳудудларда электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланишга эришилди.

28 январь вазирлик жамоаси яна бир синовга дуч келди. Қашқадарёда кўтарилган кучли шамол шу ҳудуддаги айрим туман ва шаҳарларда электр энергия узилишига олиб келди.  

“Бугун Қашқадарё вилоятида эсган кучли шамол электр узатиш тармоқларига жиддий зарар етказди. Бу видеода Ғузор туманида шамолдан шикастланган 110 кВли устуни. Ҳозирда махсус бригадалар томонидан ушбу носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Ўтаётган ҳафта вазирлик  фаолиятида узлуксиз ишларни амалга ошириш, тизимдаги ислоҳотларни изчил давом эттиришни бош масала қилиб қўйди.

Электр таъминотидаги узилиш халқимиз олдига ҳам муҳим вазифаларни қўйдики, бу электр энергиясини тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва ўз вақтида тўловларни амалга ошириш, муҳими, энергияни тежаш ҳамда уни самарали ишлатишдир.

Хулоса шуки,  ушбу олти кунлик тизимдаги фаолият Энергетика вазири ва унинг жамоасининг синовлардан машаққатли ўтиш ҳафтаси бўлди, десак адашмаган бўламиз.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА мухбири

Манба: https://uza.uz/uz/posts/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>