Янгиликлар
Бугун Ёзувчилар уюшмасида “ўзбек адабиётида энергетиклар ҳаёти тўғрисидаги биринчи бадиий нашр” дея эътироф этилган китоб тақдимоти бўлиб ўтди
  • 21.01.2022
  • 411

  Бугун, 2022 йил 21 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта тадбирлар залида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари — муаллиф Рўзиқул Раимовнинг “Бир хатонинг минг жафоси” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосарлари Х.Б.Элмуродов ҳамда С.С.Артиковлар иштирок этишди.

 

  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда, шунингдек,  бир қатор ижодкорлар, олимлар, китобсевар мухлислар, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ишчи-ходимлари иштирок этишди.

 Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид кириш сўзи билан очиб бериб, муаллиф Рўзиқул Раимовнинг касбий фаолияти, реал воқеалар асосида ёзилган бадиий асарнинг адабиётдаги, жамиятдаги ва соҳа вакиллари орасидаги аҳамияти ҳақида гапирди. Халқ шоири муаллифни китоб чоп этилгани билан қутлаб, унга ижодий баркамоллик, касбий муваффақиятлар тилади.

  Шунингдек, тадбирда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосарлари Х.Б.Элмуродов сўз олиб, Рўзиқул Облақулович Раимовни янги китоб тақдимоти билан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ номидан табриклади. Холиқ Бобоёровичнинг эътироф этишича, “Бир хатонинг минг жафоси” нашри бадиий асар бўлса-да, соҳа вакиллари учун, айниқса ёш энергетиклар учун амалий қўлланма вазифасини ўташи мумкин. Негаки унда хавфсизлик техникаси ва бошқа ўнлаб меъёрий ҳужжатлар-у қўлланмаларда мавжуд бўлмаган жиҳатлар — кеча-ю кундуз халқимиз хизматида бўладиган энергетикларнинг ҳис-туйғулари, ички кечинмалари мужассам. Бу эса ёш энергетиклар, монтёр ва чилангарлар учун хавфсизлик техникаси тадбирлари ва назорат имтиҳонларида кўпам эътиборга олинмайдиган руҳий-ҳаётий ҳолатларни акс эттириб бергани билан ҳам қадрлидир.

 

  Китоб тақдимоти тадбирида, шунингдек, бир гуруҳ ижодкорлар, олимлар, муаллиф ижоди билан яқиндан таниш бўлган ҳарбий хизматлар сўзга чиқиб, рисола таркибидаги ҳаётий ҳикояларнинг бадиий савияси, асар қаҳрамонларининг кечинмалари, муаллифнинг соҳа долзарб масалаларига ёндашувини таҳлил қилишди.

  Тадбирда сўз олганлар ичида ҳатто асар қаҳрамонларидан бири, ўз хизмат вазифасини ўтаётганда биргина хато туфайли ногирон бўлиб қолган энергетик сўзга чиқиб, ўз меҳнат фаолиятида маълум тартиб-қоидага риоя этмагани учун бир умр ногирон бўлиб қолгани ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, китоб таркибидаги ҳикояларда, минг афсуски, ҳаётдан бевақт кўз юмиб кетган ҳамкасбларининг қисмати бор. Тадбир иштирокчиси бу аянчли қисматлар бошқа энергетиклар учун сабоқ мактаби бўлиши лозимлиги ҳақида гапирди.

 

  Тадбир сўнггида муаллифга сўз берилди. Айни пайтда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимида меҳнат фаолиятини давом эттираётган Рўзиқул Облақулович тадбир иштирокчиларига “Бир хатонинг минг жафоси” асарининг яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Ижодкор ва ҳамкасб дўстларининг кўмагини алоҳида эътироф этиб, китобни чоп этишда ёрдам берганларга ўз миннатдорлигини изҳор этди.

  Муаллиф, энергетика соҳаси, хусусан электр энергетика тармоғининг фидоий ишчи-ходимлари, уларнинг кўзга кўринмас меҳнатлари доим эътироф этилиб, билим-тажрибаси мунтазам ошириб борилиши ғоят муҳим масала эканлигини таъкидлади.

 

  Эслатиб ўтамиз, “Бир хатонинг минг жафоси” китоби 20 минг нусхада чоп этилиб, унга соҳанинг кўзга кўринган вакиллари тақриз ёзиб беришган.

  Умид қиламизки, электр энергетика соҳасининг тажрибали мутахассиси муаллифлигида ёзилган китоб китобсеварларга манзур бўлади, уни соҳанинг барча вакиллари севиб мутолаа қилишади.

  ✍️ Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>