Янгиликлар
САЙЛОВЛАРДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШ — ФУҚАРОЛИК БУРЧИМИЗ!
  • 09.12.2019
  • 911

     Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар 2019 йил 22 декабрь куни (соат 8:00 дан 22:00 га қадар)  ўтказилади.

     Ушбу муҳим сиёсий тадбир муносабати билан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамият Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Н.Хидирова, раис ўринбосари Ю.Юсупбеков ва жамият матбуот котиби У.Урунов иштирокида Тошкент шаҳрида жойлашган «Тошкент магистрал электр тармоқлари», «Тошкент шаҳри магистрал электр тармоқлари» филиаллари, бундан ташқари, Жамият тасарруфидаги Тошкент тиббиёт-санитария қисми, «Energo IТ» ва «Магистралтармоққурилиш» ташкилотлари ҳамда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ марказий аппарати ходимларига 2019 йил 22 декабрда бўладиган сайловларда фаол иштирок этиш фуқаролик бурчимиз эканлиги ҳақида давра суҳбатлари ташкил этишди.

     Йиғилишда бўлим ва филиалларнинг раҳбарияти, бошқарма ва хизматларнинг ишчи-ходимлари иштирок этишди.

     Шу ўринда юқорида санаб ўтилган учрашувларда таъкидланган, сайловчиларга ас қотиши мумкин бўлган айрим тавсиялар билан ўртоқлашамиз.

     ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ

Сайлов куни сайловчи овоз бериш биносига келиб, участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт, фуқаролик паспортини йўқотган фуқароларга ички ишлар органлари томонидан берилган вақтинчалик маълумотнома, ҳарбий гувоҳнома ва жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома) кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин УСК аъзоси томонидан унга сайлов бюллетени берилади.

     Сайловчи бюллетенни олгач, уни яширин овоз бериш хонасида тўлдиради.

     Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

     Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «✔» ёхуд «х» мазкур учта белгидан хоҳлаган биттасини қўяди.

     Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.

     Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли. (Бундан УСК аъзолари, кузатувчи ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно).

     Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштириб берилади.

     САЙЛОВЧИНИНГ ТУРГАН ЖОЙИДА ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ

     Сайловчиларнинг сайлов куни ёки сайлов кунига қадар қилган ёзма ёки оғзаки илтимосига биноан улар турган жойда фақат сайлов куни УСК томонидан овоз бериш жараёнини ташкил этади.

     УСК аъзоси мурожаатлар қайдлов дафтарига сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, мурожаат қилинган вақт ҳақида тегишли ёзувлар киритади ва УСК аъзоси имзоси билан тасдиқланади.

     Комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига боради, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди.

     Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

     Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

     Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.

     Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

     Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.

     Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

     Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурсидир.

     Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади.

     Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

     Участка сайлов комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор этади.

     Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилади.

     Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

     Сайловчи участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

     Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади. 

     Сайловчи айрим сабабларга кўра чет давлатда бўлса, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида рўйхатдан ўтиб, овоз бериш жараёнида иштирок этади.

 

Манба: http://elections.uz/uz/

Сайлов участкалари ҳақида маълумот: http://elections.uz/uz/

 

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

 Ахборот хизмати

>