Янгиликлар
Қораўзак туманида шамол электр станциясини қуриш бўйича битимлар имзоланди
  • 17.12.2021
  • 301

  Жорий йилнинг 17 декабрь куни “ACWA Power” (Саудия Арабистони) компанияси билан Қорақалпоғистон Республикасида қуриладиган 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси (ШЭС) лойиҳаси бўйича битимлар имзоланди. Лойиҳа қиймати 108 миллион долларни ташкил этди.

  Қораўзак шамол электр станцияси лойиҳаси Ўзбекистондаги биринчи шамол энергетикаси лойиҳаси бўлиб, унинг инвестори очиқ тендер натижаларига кўра танланган “ACWA Power” компанияси бир кВт.соат электр энергияси учун 2,5695 АҚШ цент тарифини таклиф қилиб, тендерда ғолиб чиқди.

  Лойиҳани амалга ошириш учун махсус ташкил этилган “ACWA Power Wind Karatau FE LLC” МЧЖ компанияси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ билан 25 йил муддатга электр энергиясини сотиб олиш шартномасини имзолади. Шунингдек, “ACWA Power Wind Karatau FE LLC” МЧЖ ва “ACWA Power” компаниялари Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимни (GSA) имзоладилар.

  Ҳужжатларни имзолаш маросимида Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вакиллари иштирок этди.
 

 
 

  Қораўзак туманидаги шамол электр станцияси “ACWA Power” компаниясининг Ўзбекистондаги тўртинчи лойиҳаси ҳисобланади. Компания, хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Сирдарё вилоятида иккита буғ-газ қурилмасига эга иссиқлик электр станциясини қуриш” лойиҳасини амалга оширишда ҳамкор ҳисобланади.

  “Қораўзак шамол электр станцияси учун электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартноманинг имзоланиши мамлакатимиз ва компаниямиз учун яна бир муҳим ютуқ бўлди, чунки бу Ўзбекистон ҳукумати билан ўсиб бораётган алоқаларимизни ва мамлакатнинг энергетика соҳасида либерал бозорга ўтиш жараёнини жадаллаштириш бўйича мажбуриятимизни мустаҳкамлайди”, - деди “ACWA Power” компанияси ижрочи вице-президенти Том Тирлинк.

  Қорақалпоғистон Республикасидаги ушбу ШЭС лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат энергетика балансини диверсификация қилиш ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланган ҳолда қувватини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. 2026 йилга бориб қуёш ва шамол энергиясининг умумий қуввати 8 ГВтни ташкил этиши режалаштирилган.
 


  Ўзбекистон Республикаси
  Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

  https://minenergy.uz/uz/news/view/1678

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>