Янгиликлар
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ маҳаллийлаштириш дастури доирасида таклиф ва имкониятларини саноат ярмаркасида тақдим этмоқда
  • 16.12.2021
  • 254

  Республика тармоқлараро саноат ярмаркасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Харидлар, маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш бошқармаси ҳамда «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали жамият амалиётида фойдаланилаётган электр ускуна-жиҳозлари, эҳтиёт қисмларни саноат корхоналари ва тадбиркорларга намойиш этмоқда.

  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Улуғбек Уруновнинг маълум қилишича, саноат ярмаркасининг иши ва акциядорлик жамиятининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлиги расмий веб-сайт ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида мунтазам ёритиб бормоқда.

  – Бу йилги саноат ярмаркаси ўзига хос ва янгича кўринишда ўтказилмоқда. Барча вилоятларда ўтказилган ҳудудий ярмаркаларнинг давоми ва якуни сифатида Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси ўзида 3 минг 185 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона 5 минг 169 турдаги маҳсулотлари намойишини ифода этмоқда.

  Аҳамиятлиси шундаки, мазкур ярмаркада «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳам ўз стендлари билан иштирок этмоқда. Ярмарка иши билан акциядорлик жамият бошқаруви раиси Дадажон Исақулов, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Собиржон Артиков ҳамда бошқа мутахассислар яқиндан танишиб чиқди.

  Дадажон Исақулов электр ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари ҳамда тадбиркорларнинг кўргазмага олиб келинган маҳсулотларини кўздан кечириб, ишлаб чиқарувчиларга сифат, самарадорлик кўрсаткичлари ва техник-муҳандислик ечимлари юзасидан ўз тавсияларини бериб ўтди.

  Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ томонидан модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж, маҳаллийлаштириш ҳамда инвестиция дастурлари доирасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг сони ошиб бориши, юртдошларимизнинг электр ускуна ва жиҳозларидан фойдаланиш кўламининг йилдан-йилга кенгайиб бораётгани, шу билан бирга, республикамизда кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг имкониятлар берилаётгани, қатор инвестиция дастурлари ҳисобига йирик саноат корхоналари очилаётгани — электр энергияси истеъмоли кун сайин ошиб боришига сабаб бўлмоқда. Демакки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш тармоқлари изчил ривожланиб бориши, янги объектлар қурилиб, мавжудлари янгиланиб бориши лозим.

  Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб 2030 йилга келиб 100 тераватт•соатдан ошиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, 2018 йилдаги 61 ТВт•соатдан сезиларли даражада ўсиш дегани.

  Ўзбекистон электр энергетика тармоғидаги юқори кучланишли  — 110, 220 ва 500 киловольт магистрал электр узатиш тармоқлари узунлигининг 2005 йилдан 2021 йилгача изчил ошиб борган. Мисол учун, 2005–2016 йиллар давомида, яъни 11 йил давомида 898,8 км юқори кучланишли электр тармоқлари янгидан қурилган бўлса, 2017–2021 йилларда, яъни охирги 5 йил давомида узунлиги 1833,2 км бўлган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари фойдаланишга топширилган. 

  Шунингдек, мамлакатимиз электр энергетика балансидаги 110, 220 ва 500 киловольт кучланишли подстанциялар сони 2005–2021 йиллар оралиғида 17 тага кўпайиб, электр таъминотининг ишончлилиги ошириб борилган. Мисол учун, 2005–2016 йилларда,  яъни 11 йил давомида 8 та подстанция қурилган бўлса, 2017–2021 йиллар, яъни 5 йил давомида 8 та юқори кучланишли подстанция фойдаланишга топширилган.

  Юқоридаги таҳлил ва таққослашларнинг ўзи соҳада қилинган ва қилинаётган ишлар кўламини қанчалик катта эканлигини англатиши билан бирга ҳали мамлакатимиз энергетиклари олдида турган улкан вазифа ва мажбуриятлар борлигини кўрсатади. 

  Айниқса, бу ишлар замон билан ҳамнафасликда, соҳага рақамли технологияларни  олиб кириш ва иш самарадорлигини бирмунча ошириш билан ўз аксини бериши лозим,  – деди Улуғбек Урунов.

  Эслатиб ўтамиз, пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар марказида бўлиб ўтаётган Республика тармоқлараро саноат ярмаркасида бир қатор тақдимотлар бўлиб ўтмоқда ва ярмарка ўз ишини яна 2 кун давом эттиради.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

https://uza.uz/uz/

✍️Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>