ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ: ТАРИХИ, ТАРАҚҚИЁТИ, ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА ЕТКАЗИБ БЕРИШ ТАРТИБИ
  • 29.11.2021
  • 954

  Электр энергияси лотинча «electricus» сўзидан (қадимги юнонча «ἤλεκτρον») олинган бўлиб, зарядланган эркин электрон зарраларининг ўзаро таъсири ва тартибли ҳаракати натижасида юзага келадиган ҳодисалар мажмуи ҳисобланади.

  Аввало ўрта мактаб физика дарслигини эсга олайлик... Электр энергияси ёруғлик тезлигида, сониясига 300 000 километрни масофани босиб ўтади. Демак, маҳсулотнинг алоҳида тури сифатида таснифланадиган электр энергияси ишлаб чиқарилган заҳотиёқ, яъни сониянинг бир бўлаги ичида, яъни миллисекундларда истеъмол қилиниши лозим.

  Ушбу атамани илк бор инглиз табиатшуноси Уилям Ҳилберт 1600 йилда ёзилган «Магнит, магнит жисмлар ва йирик магнит — Ер тўғрисида» асарида киритган. Муаллиф рисолада магнит компасининг иш хусусиятини батафсил тушунтиради ва магнитланган жисмлар устида ўтказган ўзининг баъзи тажрибаларни тасвирлайди.

  Умуман олганда, қадимги аждодларимиз бу табиат ҳодисасини яшин, яъни чақмоқ уриши ва баъзи электр балиқларининг хусусиятларини кузатиб билишган. Мисол учун, эрамиздан аввалги 2750 йилларга оид қадимги миср ёзувларида электр хусусиятли балиқлари «Нил момоқалдироқлари» деб номланган. Бундан ташқари, Плиний оқсоқол қайдномаларида электр балиғида “фалажловчи нур” борлигини ёзиб қолдирган.

  Шунингдек, қадимги аждодларимиз қаҳрабо дарахтининг қуриган шохларни мушук мўйнасига ишлақаб, сўнг енгилроқ нарсаларни тортиб олиш мумкинлигини билишган...

  Шундай қилиб, 1600 йилда Уилям Ҳилберт электр атамасини ўзининг асарида «амбер», яъни юнон тилида ἤλεκτρον: «электрон» — «қаҳрабо» деб атаб, унинг хусусиятларини ёзганидан сўнг бу табиат неъмати илмий асарларда тез-тез учрайдиган бўлди. Сўнгра XVII аср бошида «электр» атамаси эл орасида машҳур бўлиб, турли тажриба-синовлар ўтказиш бошланди.

  1747 йилда таниқли олим, давлат арбоби Бенжамин Франклин ўзининг «Электр билан тажрибалар ва кузатишлар» асарида электр энергияси «номоддий суюқлик», «кўринмас оқим» дея таърифланган. Шунингдек, у ўз асарида мусбат ва манфий заряд тушунчасини киритади ва уларни (+) → мусбат ҳамда (–) → манфий математик белгилар билан ифодалайди.  Бенжамин Франклин яшин уришига қарши восита — яшинўтказгични ихтиро қилади ва унинг ёрдамида чақмоқнинг электр энергияси билан ҳамоҳанглигини исботлайди, электр энергияси назариясини яратади.

  Шундай қилиб, 1785 йилда француз ҳарбий муҳандиси Шарль де Кулон, италиялик олим Майкл Фарадей, Луижи Гальвани, Алессандро Вольта яна бошқа бир нечта олимларнинг кашфиётлари туфайли электр энергияси ҳақидаги тушунча такомиллашиб боради. Рус олими  Василий Петров, Павел Яблочков ҳамда Александр Лодигин, нормандиялик олим Уоррен Де ла-Рю, Генрих Гебель, Жозеф Сван ва 1879 йилда эса ихтирочи Томас Эдисон томонидан ўтказилган тажрибалар туфайли биринчи электр лампочкалари пайдо бўлади.

  Туркистон ўлкасига электр таъминотининг дастлабки ускуна-жиҳозлари, умуман олганда ушбу атаманинг ўзи ҳам  XX асрнинг бошларида кириб келган. 1917 йилгача Чор Россияси мустамлакаси остида бўлган Ўзбекистонда йилига ўртача 3,3 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. 1920–1930 йилларга келиб дизель ёқилғисида ишлайдиган электр станциялари Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларда қурилган.

  Бугунги кунда Ўзбекистон электр энергетика тармоғига асосан 4 та ташкилот масъул бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тармоқда истиқболдаги режалар стратегиясини белгиловчи — мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

  Электр энергияси мамлакатимизда асосан «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти, қисман «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти, шунингдек, ҳозирда бироз кичик қувватда ишлаётган ва фойдаланишга топширилаётган қуёш фотоэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади. У «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг юқори кучланишли электр тармоқлари ҳамда подстанциялар орқали узатилиб, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан истеъмолчиларга тақсимлаб етказиб берилади.

  Соддароқ тушунтирадиган бўлсак, гидроиншоотларда сув омборига йиғилган сув қуйи ҳавзаларга оқизиб юборилишида айланма механик ҳаракат эвазига магнит майдони ҳосил қилиб, электр энергияси ишлаб чиқарилади. Иссиқлик электр станцияларида эса табиий газ, ерости гази, кўмир ва мазут ёқилиб, сувни юқори ҳарорага келтирилади, сўнг иссиқлик энергияси механик энергияга (турбиналар ҳаракати билан), механик энергия эса электр энергиясига айлантирилади.

  Хулоса ўрнида

  Аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, ўрта ва кичик бизнес вакиллари ва йирик саноат корхоналарига электр энергияси етказиб беришга хизмат қилувчи ташкилотлар қаторининг энг бошида геологлар, геология-қидирув бошқармалари, кончилар, қазиб олувчилар, нефть маҳсулотларини қайта ишловчилар, лойиҳалаш институтлари, табиий газ, ерости гази, кўмир ва бошқа нефть маҳсулотлари етказиб берувчи — «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот» ва «Ўзбеккўмир» каби ташкилотлар туради ва бу бўғуннинг энг сўнгги нуқтаси электр энергияси истеъмолчилари билан тугайди.

  Юқорида номлари санаб ўтилган ташкилотларнинг асосий мақсади истеъмолчиларни сифатли ва ишончли электр энергияси билан узлуксиз таъминлашдан иборат.

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ  Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>