Янгиликлар
МОДЕРНИЗАЦИЯ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ ДАСТУРИ: «Фарғона» подстанциясида юқори қувватли автотрансформаторни ўрнатиш ишлари якунланди
  • 29.11.2021
  • 519

 «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали тасаруффидаги 220/110/10 кВли «Фарғона» подстанциясида, «Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» номли инвестиция лойиҳаси доирасида, қуввати 125000 кВАли автотрансформатор янги ва замонавий — қуввати 200000 кВАли автотрансформатоига алмаштириш ишлари якунланди.

 

 Лойиҳа доирасида янги ўрнатилган автотрансформаторга тегишли бўлган 220 кВли ва 110 кВли ячейкаларидаги маънан ва жисмонан эскирган ўчиргичлар замонавий элегазли ўчиргичларга алмаштирилиб, релели ҳимоя тизими микропроцессорли шкафлар билан таъминланган ҳолда ишга туширилди. Шунингдек, янги автотрансформатор учун «автоматик ўт ўчириш» стационар тизимли қурилмаси барпо этилди ва ишга туширилди.

 Жорий йилнинг 27 ноябрь куни, қурилиш-монтаж ва созлаш ишлари тўлиқ якунланиб, тасдиқланган ишга қўйиш дастури асосида, янги автотрансформатор 72 соат давом этадиган синов режими асосида ишга қўйилди. Бажарилган ишларнинг якунига кўра, 220/110/10 кВли «Фарғона» подстанциясида электр энергияси қувватини ўтказиш имконияти қўшимча 75000 кВА ҳисобига ортди.

 

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Фарғона» подстанцияси орқали Фарғона ва Марғилон шаҳри, шунингдек, вилоятнинг Қўштепа, Ёзёвон, Фарғона туманларида жойлашган истеъмолчилар учун электр энергияси етказиб берилади.

 Маълумот ўрнида, «Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» номли инвестиция лойиҳаси доирасида «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали таркибидаги 3 та: «Сокин», «Ўзгариш» ва «Фарғона» подстанцияларида қурилиш-монтаж ва ишга тушириш ишлари олиб борилмокда. Модернизация ва реконструкция ишлари бошланишидан аввал мазкур подстанцияларда ўрнатилган автотрансформаторларнинг умумий қуввати 1050000 кВАни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ўрнатилган автотрансформаторларнинг умумий қуввати 1500000 кВА ни ташкил этмоқда. Яъни подстанциялар орқали электр энергия қувватини ўтказиш имконияти 43% ёки 450 МВА ҳисобига ортди.

 

 Шунингдек, мазкур подстанцияларда маънан ва жисмонан эскирган ўчиргичлар ҳамда ўлчов трансформаторларини замонавийларига алмаштириш ишлари, бундан ташқари, бино-иншоотларнинг эстетик ҳолатини яхшилаш мақсадида таъмирлаш-бутлаш ишлари олиб борилмоқда.

 Филиал ишчи-ходимларининг саъй-ҳаракатлари замирида самарали ва беталофат иш муҳитини яратиш ҳамда Президентимизнинг 2017 йил 16 сентябрь санасида тасдиқлаган ПҚ–3284-сонли қарори ижросини таъминлашга қаратилган асосий мақсад мужассам.

   ✍️ Ғайратжон Шерматов, «Ўзбекистон МЭТ» акциядорлик жамиятининг «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали  директори

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>