ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Электр таъминоти тизимининг долзарб муаммолари муҳокама қилинди
  • 26.11.2021
  • 329

Фото: "Халқ сўзи"

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Тошкент давлат техника университетида «Электр таъминоти» кафедраси ташкил топганининг 50 йиллиги муносабати билан «Электр таъминоти тизимининг долзарб муаммолари мавзусида халқаро илмий-техник анжуман бошланди.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад — электр таъминоти тизимининг долзарб муаммолари, хусусан, унинг ишончлилиги ва энергия самарадорлигини ошириш, оптимал лойиҳалаш, электр энергия сифатини таъминлаш йўналишида маҳаллий ва халқаро илмий мактаблар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар бўйича ғоя ва фикрлар алмашиш, шунингдек, электр таъминоти тизимини трансформациялаш, интеллектуаллаштириш ва рақамлаштириш каби инновацион ишланмаларни жорий этишнинг имкониятларини таҳлил қилишдан иборатдир.

Анжуманда Германия, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Беларус, Словения, Италия, Испания ва бир қатор МДҲ мамлакатларидан нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий марказлари профессорлари, ходимлари, энергетика компаниялари вакиллари ҳамда маҳаллий олимлар, ёш олимлар, докторантлар, аспирантлар, магистрантлар ва бакалавриат даражасида таҳсил олаётган ҳамда илмий изланишда бўлган талабалар иштирок этди.

«Электр таъминоти» кафедраси республикада шу йўналишдаги таянч кафедра ҳисобланиб, ташкил этилганидан бугунги кунга қадар ўн мингдан ортиқ ёшлар тамомлаган. Турдош олий таълим муассасаларида электр таъминоти йўналиши ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнининг самарали ташкил этилишида, уларни зарур меъёрий ҳужжатлар билан таъминланишида кафедранинг ҳиссаси юқоридир.

 

Фото: "Халқ сўзи"

Сўнгги уч йилда кафедрада 5 та докторлик ва номзодлик диссертацияларининг муваффақиятли ҳимоя қилинган, илмий салоҳият 35 фоиздан 56 фоизга ошган. Рақамлар таҳлили шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда кафедра профессор-ўқитувчиларининг нашр фаоллиги сезиларли равишда ошди. Жумладан, улар томонидан сўнгги уч йилда 8 та монография, хорижнинг нуфузли журналларида 38 та мақола, Скопус маълумотлар базасига кирган журнал ва тўпламларда 79 та мақола, маҳаллий журналларда 56 та мақола, маҳаллий ва халқаро анжуманларда 136 та тезис ва мақолалар, 6 та ихтирога патентлар, 42 та ЭҲМ учун дастурга гувоҳномалар, 6 та дарсликлар, 10 та ўқув қўлланмалар ва 24 та услубий кўрсатмалар тайёрланиб, чоп этилган. Ўқув ва илмий фаолиятдаги фаоллик натижасини кафедранинг 2020 йил натижалари бўйича турли йўналишлардаги муваффақиятларида ҳамда университет кафедралари рейтингида фахрли 1-ўринни эгаллаганлигида кўриш мумкин.

Сўнгги йилларда республикамизнинг саноат тармоқларига «яшил иқтисодиёт» тизимини жорий қилиш, ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бугун ўтказилаётган анжуманда шу йўналишда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари олий таълим ва ишлаб чиқариш соҳаси мутахассислари иштирокида кенг муҳокама қилиниб, мазкур илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш имкониятлари ўрганилади.

Анжуман давомида электр таъминоти тизимининг ишончлилиги ва энергия самарадорлигини ошириш, электр таъминоти тизимини оптимал лойиҳалаштириш ва эксплуатация қилиш, электр энергияси сифатини таъминлаш, электр таъминоти тизимига инновацион ишланмаларни (трансформациялаш, интеллектуаллаштириш ва рақамлаштириш) жорий этиш йўналишида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари муҳокама қилинмоқда.

Анжуман бугун ҳам ўз ишини давом эттиради.

Манба: https://xs.uz/uzkr/68314

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>