ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
БАЙРОҒИМИЗ — ФАХРИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ
  • 18.11.2021
  • 713

Бугун ватанимизнинг барча гўшаларида байроғимиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ушбу тадбирлар Тошкент шаҳрида ҳам ўзгача шуқуҳда давом эттирилмоқда.

 

Хусусан, “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиалида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Ф.М.Қурбонов, Ишларни юритиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.З.Умарова хамда Ўзбекистонда Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод ҳамда "Қах-қаха" ҳажвий кўрсатуви актёри, эл ардоғидаги санъаткор Тоҳир Раҳимовлар иштирок этдилар. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар энергетика соҳаси ишчи-ходимларини байрам муносабати билан муборакбод этишди.

 

Ҳар бир халқ, миллат учун ўз ватанининг рамзлари муқаддас ҳисобланади. Боиси уларда ўша халқнинг шонли ўтмиши ва буюк келажаги, асрий анъана ва урф-одатлари ўз аксини топади. Ана шундай рамзлардан бири бу давлат байроғидир.

Шак-шубҳасиз жонажон Ўзбекистонимиз байроғи дунёдаги энг чиройли ва кўркам байроқлардан биридир. У бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва асло кам бўлмаслигимизни ифода этади. Ҳар сафар спорт ареналарида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида юртимиз байроғи юқори кўтарилганда қалбимизни қиёси йўқ ғурур ва ифтихор ҳислари эгаллаб олади.

 

Байроғимиздаги мовий ранг — мусаффо осмонимиз ҳамда оби-ҳаёт рамзидир. Оқ ранг — давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлигидан далолатдир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан хормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.

 

Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

 Албатта, бу каби тадбирлар ходимларимизда давлат рамзига бўлган ҳурмат янада мустаҳкамлайди.

Ҳурмат билан,

✍️ “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти аъзолари

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>