Янгиликлар
Ўзбекистонда биринчи марта аҳоли хонадони томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш бошланди
  • 03.11.2021
  • 314

  Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи Расулов Раҳимжон хонадонида 6 кВт қувватли кичик қуёш фото электр станцияси ўрнатиб, ушбу станция орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишни бошлади. 
 

 
 

  Ушбу станция орқали йилига 7 000 дан 10 000 кВт.соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади.

  Бугун, 3 ноябрь куни мазкур хонадон эгаси ва Энергетика вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ўртасида “Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида” шартнома имзоланди.
 

 
 

  Эндиликда ушбу хонадонда ишлаб чиқарилган электр энергиясини ҳудудий электр таъминоти корхонаси томонидан кафолатланган тарзда сотиб олинади.

  Ушбу шартнома умумий ўрнатилган қуввати 1 МВт гача (ўзгарувчан ток ) бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари объектларидан, (микро ва кичик гидроэлектр станциялардан ташқари) электр энериясини харид қилишга тааллуқлидир.

  Эслатиб ўтамиз, мазкур амалиёт Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги 610-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергияси, шу жумладан, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субектларини ягона электр энергетика тизимига улаш регламенти”га асосан амалга оширилади.
 

 
 


  Бунда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан электр энергиясини сотиб олиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги ПҚ-4779-сонли қарорида белгиланган тарифга асосан амалга оширилади.

  Аҳамиятлиси, шу каби ишлаб чиқарилган электр энергиясини умумий тармоққа сотиш – АСКУЭ тизими доирасида ўрнатилган замонавий электрон ҳисоблагичлар орқали амалга оширилади.
 

 
 


  Маълумот учун: Шахсий қуёш фотоэлектр станцияларини (1 МВт гача) ўрнатиш истагида бўлган фуқаролар станцияларини ягона энергетика тизимига уланган ҳолда фойдаланишлари ҳамда ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига юқоридаги қарорларга асосан шартнома асосида сотишлари мумкин.

  Ушбу хонадон эгаси қилинган харажатларининг бир қисмини қоплаб берилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 217-сон қарорида кўзда тутилган компенсация ажратилиши бўйича туман ҳокимиятига мурожаат қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/1568

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>