Икки томон масъуллари ва мутахассислари иштирок этаётган мазкур учрашувнинг асосий мавзуси юқори кучланишли электр тармоқларидаги электр ускуна ва жиҳозларининг замонавий турларини амалда қўллаб кўриш ва синов таҳлили натижаларини муҳокама этишга қаратилган.
Шунингдек, йиғилишда юқори кучланишли электр тармоқларини ривожлантиришда Россия Федерациясининг тажрибасини ўрганиш, магистрал электр тармоқларида янги турдаги изоляторлардан кенг фойдаланиш, уларнинг “Оренбургэнерго” томонидан ўтказилган синовларини илмий-муҳандислик хулосаларини таҳлил этиш, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан харид қилиниб қурилиш-монтаж жараёнида синовдан ўтказилган изоляторларнинг мустаҳкамлик ва ишончлилик хусусиятларини таҳлил этиш масалалари муҳокама марказида бўлаётир.
Тадбир иштирокчиси «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Улуғбек Урунов йиғилиш мазмун-моҳияти ва мақсади ҳақида бизга қўйидагича маълумот берди.
– «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда Россия Федерациясининг «Россети» акциядорлик компанияси стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича Йўл харитасини тасдиқлаган эди, – деди «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Улуғбек Урунов. – Ҳамкорликнинг дастлабки келишувлари 2019 йил 2–4 октябрь кунлари Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида ўтказилаётган «Россия энергетика ҳафталиги» (РЭҲ) халқаро форуми доирасида амалга оширилганди. Шунингдек, Тошкентда ўтказилаётган “Инно Пром” саноат кўргазмасида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ раҳбарияти Россия Федерациясининг “Жанубий Урал арматура ва изолятор заводи” АЖ билан ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан келишув имзолаган. Бундан ташқари, 2021 йил 2–5 июнь кунлари Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раиси Д.А.Исақулов “Жанубий Урал арматура ва изолятор заводи” АЖ стратегик лойиҳалар департаменти бошлиғи Роман Еловенко билан учрашиб, ҳамкорликнинг навбатдаги босқичларини муҳокама қилган эди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Телеграм каналига аъзо бўлиш учун t.me/uzmetaxborotxizmati