Янгиликлар
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ: Автотранспорт ва механизмлар куз-қиш мавсумига тайёр ҳолда фаолият юритмоқда
  • 06.10.2021
  • 491

  2021 йил 9 ойлик якунлари бўйича Автотранспорт ва механизмлар хизмати фаолиятидан ҳисобот маълумотлари.

  Ҳар бир соҳанинг амалга ошираётган инвестицион лойиҳалари, капитал қурилишлари, эксплуатацион тадбирлари бевосита транспорт соҳаси билан чамбарчас боғлиқдир. Бу соҳани доимий шай ҳолатда сақлаш, ҳар қандай турдаги фавқулодда ҳолатлар олдини олиш, тезкорлик билан бартараф этиш, қурилиш-монтаж ишларида оператив вазифаларни ўз вақтида бажариш доимий назорат ва эътиборни талаб қилади. Ҳозирги даврда юртимиз магистрал ва ички йўлларида автотранспорт воситаларининг сони сезиларли даражада кўпайиши транспорт соҳаси мутахассисларига юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида катта масъулият юкламоқда.

 

  2021 йилнинг ўтган 9 ойида Акциядорлик жамиятимизнинг транспорт хизмати учун бир қатор ишлар амалга оширилди, жумладан:

  Инвестицион дастурлар доирасида, шунингдек Жамиятнинг ўз маблағлари ҳисобидан Магистрал электр тармоқ филиалларимиз учун жами 30 дона автотранспорт ва механизмлар харид қилинди. Жумладан:

- 6 та бригада автомашинаси;
- 2 та “КамАЗ” русумли юқори ўтувчанликка эга тягач;
- 4 та таянч устунлари ташийдиган махсус яримтиркама (опоровоз);
- 1 та IVECO русумли ЭТЛ автомашинаси;
- 1 та УАЗ-236324 “Профи” юк автомашинаси;
- 1 та УАЗ-2363 “Патриот” русумли оператив автомашинаси;
- 1 та ЛАДА 4х4, 21310 “Нива”;
- 3 та "КамАЗ" тягач автомашиналари;
- 1 та "КамАЗ" юк автомашинаси;
- 7 та оператив хизматлар учун енгил автомашиналар;
- 2 дона "Дамас" русумли автомашина;
- 1 дона "Лабо" русумли юк автомашинаси.

  Транспорт иши бошқарувини такомиллаштириш, рақамлаштириш тизимини жорий этиш мақсадида 100 дона автотранспорт воситаларига GPS тизими ўрнатиш бўйича Таъминот бошқармасига буюртма берилди. Ҳозирда ушбу тизимни ўрната оладиган корхоналар билан шартнома тузиш шартлари ўрганилмоқда.

  Шу билан бир қаторда, “Андижон МЭТ” филиали автогаражи учун замонавий мобил туридаги ёқилғи тарқатиш контейнерли станцияси (КАЗС контейнерная автозаправочная станция) билан таъминланди. Шу йўналишда яна “Тошкент МЭТ", “Самарқанд МЭТ” ва “Фарғона МЭТ” филиаллари учун ҳам сотиб олиш режалаштирилган. Қолган филиалларда автохўжалик ҳудуди ва ёқилғи тарқатиш пунктлари ўрнатилган тартибда ташкил қилингач, харид қилиш режалаштирилган.  

“Андижон МЭТ” филиали учун харид қилинган КАЗС-10 русумли ёқилғи тарқатиш контейнери

  Энергообъектларни капитал ва жорий таъмирлаш, шунингдек энергетика объектларида фавқулодда ҳолатларни олдини олиш мақсадида Автотранспорт ва механизмлар хизмати иштирокида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда, жумладан:

  - “Сирдарё МЭТ” филиали “Гўзал” ПСдаги оқова сувлар ўзанини созлаш ва янгилаш мақсадида экскаватор техник ёрдамга жўнатилди, иш тўлиқ бажарилди;

  - Сел-тошқин даврида “Қашқадарё МЭТ” филиалининг юқори кучланишли ҳаво тармоқлари таянч устунларини мустаҳкамлаш ва сел оқими йўналишини ўзгартириш учун 1 дона экскаватор техник ёрдамга жўнатилди, белгиланган доирада ишлар бажарилди;

  - “Сурхондарё МЭТ” филиалига тегишли Л-519 ҳаво тармоғининг Панжоб дарёси бўйида жойлашган 390-сонли таянч устунининг таг қисмини мустаҳкамлаш учун 1 дона бульдозер техник ёрдамга жўнатилди, белгиланган иш тўлиқ бажарилди;

  - “Фарғона МЭТ” филиалига тегишли Л-20-Д ва Л-524 юқори кучланишли ҳаво тармоқлари таг қисмини қум барханларидан тозалаш, анкерларини мустаҳкамлаш ишлари учун бульдозер техник ёрдамга юборилди, ҳозирда режалаштирилган ишлар якунланмоқда;

  - “Фарғона МЭТ” филиалига тегишли Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтган Л-503 юқори кучланишли ҳаво тармоқларининг (таянч устунларининг) таг қисмини мустаҳкамлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун “Фарғона МЭТ” филиалининг бир қанча махсус техникалари ҳамда “Магистралтармоққурилиш” филиалининг бульдозери ёрдамида иш ҳажми тўлиқ бажарилди;

  - “Жиззах МЭТ” филиалининг “ДНС-2” подстанциясини кенгайтириш ва “Сирдарё МЭТ” филиалининг “Гўзал” подстанциясида олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишларини жадаллаштириш мақсадида “Бухоро МЭТ” филиали “Қоракўл-500” подстанциясидан электр ускуналарини ташиш учун “Магистралтармоқққурилиш” филиалининг 2 та "МАН" русумли тягачи ва “Хоразм МЭТ” филиалининг 1 та "КамАЗ" русумли тягачи техник ёрдамга жўнатилди ва ушбу автомашиналар ҳар бири Бухоро-Жиззах-Янгиер йўналишида 20 дан ортиқ қатновни амалга оширди;

  - “Тошкент МЭТ” филиали Л-19-Д ҳаво тармоғидан 2 та 110 кВли электр тармоғини қурилиш ишларини жадаллаштириш мақсадида, “Бухоро МЭТ” филиалидан 60 дона СК-22 русумли таянч устунларини ташишда “Тошкент МЭТ” филиалининг 2 дона таянч устунларини ташишга мўлжалланган тягач, 2 дона махсус ярим тиркама, “Навоий МЭТ” филиалининг автокрани, “Бухоро МЭТ” филиалининг автокрани ва бошқа махсус техникалар жалб қилинди.

  - “Тошкент МЭТ” филиалининг Л-19-Д юқори кучланишли электр тармоғи қурилиши ишларини жадаллаштириш мақсадида 15 дан ортиқ махсус техникалар жалб қилинди.

 

Л-519 ҳаво тармоғининг Панжоб дарёси бўйида жойлашган 390-сонли таянч устунининг таг қисмини мустаҳкамлаш иш жараёни

 

“Сирдарё МЭТ” филиали “Гўзал” ПСдаги оқова сувлар ўзанини созлаш иш жараёни

 

 

 

 

“Бухоро МЭТ” филиалидан 60 дона СК-22 русумли таянч устунларини демонтаж қилиш ва ташиш жараёни

  Юк ва пассажир ташишда, юк кўтаришда ҳамда махсус ишларни бажаришда аввало ҳаёт хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатлар олдини олиш мақсадида таъмирлаш иқтисодий самара бермайдиган, маънан эскирган: “Қашқадарё МЭТ” филиали балансидан 1 дона енгил, 1 дона автобус автотраспорти, “Тошкент МЭТ” филиали ҳисобидан 2 дона енгил ва 1 трактор транспорт воситаси, “Хоразм МЭТ” филиали балансидан ҳар хил турдаги 7 дона механизмлар ва “Самарқанд МЭТ” филиали балансидан 3 та юк автомашинаси, 1 дона бульдозер ва 1 дона трактор прицепи асосий воситалар ҳисобидан чиқарилди.

  Жамият филиаллари таркибидаги автохўжаликлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида ҳудудларга чиқиб доимий равишда амалий ёрдам бериб келинмоқди. Жумладан, “Қашқадарё МЭТ”, “Сурхондарё МЭТ”, “Энергомахсусавто” МЧЖ, “Магистралтармоққурилиш”, “Сирдарё МЭТ”, “Жиззах МЭТ” ва “Самарқанд МЭТ” филиаллар фаолиятлари ўрганилди, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар берилди.

  2021 йил 9 ойи давомида нефть маҳсулотларини иқтисод қилиш мақсадида 7 дона автомашинани газ ёқилғисига қайта жихозлаш режалаштирилган бўлиб, режа 100% тўлиқ бажарилди.

  Логистика йўналишида инвестицион дастурларни хамда таъмирлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш мақсадида оғир юк машиналар орқали ҳар хил турдаги металл конструкциялар, энергоускуналар, катта ҳажмли ва оғир вазнга эга бўлган юқори кучланишли трансформаторлар республика бўйлаб бетўхтов ва оператив равишда етказиб бериш ишлари амалга оширилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Хавфли ва катта ҳажмли (габаритли) юкларни ташиш жараёнидан лавҳалар

  Автотранспорт воситалари шай ҳолатда ва бетўхтов оператив вазифаларни амалга ошириш мақсадида, филиаллар учун электрон харидлар орқали жами 58 дона ҳар хил турдаги аккумулятор батареялари ва 200 дона ҳар хил турдаги автошиналар харид қилиниб, талабномалар асосида филиалларга тарқатилди.

  Шунингдек, юк кўтариш механизмлари учун хавфсиз юк кўтариш ишларини бажариш мақсадида 200 метр тросс, 12 турдаги юк кўтариш мосламалари, стропалар билан таъминланди. 2021 йил 4 чораги ва 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида филиаллар учун яна  74 дона аккумулятор батареялари ва 241 дона автошиналарга талабнома берилди.

 

 

Филиаллар учун харид қилинган стропа, автошина ва аккумулятор батареялари

  Албатта, йўл қўйилган хато ва камчиликларимиздан тегишли хулоса чиқариш, келгусидаги иш жараёнларида уларни такрорламаслик — Автотранспорт ва механизлар хизматининг асосий иш принципи ҳисобланади. Шу мақсадда, йил охиригача олдимизга улкан вазифаларни режа қилиб қўйдик. 2021-2022 йил куз-қиш мавсумига муносиб тайёргарлик кўрилди. Махсус техникаларни доимий шай ҳолатда сақлаш, таъмирлаш иқтисодий самара бермайдиган техникаларни ҳисобдан чиқариш, нефть маҳсулотларини иқтисод қилиш мақсадида газ ёқилғисига қайта жихозлаш, GPS-тизими ўрнатиш, автохўжаликларимизни янги ва замонавий турдаги ёқилғи тарқатиш колонкалари билан таъминлаш, доимий равишда жорий ва мукаммал таъмирлаш ишларини ўтказиш, меъёрий ҳужжатларнинг тўғри юритилишини таъминлаш, барча турдаги техникаларни доимий шай ҳолатга келтириш каби вазифалар асосий мақсад сифатида белгилаб олинди.

  Нодир Азимов,  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Автотранспорт ва механизлар хизмати бошлиғи

 

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>