Бугун “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 85-мактабда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни мазкур мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича тарғиботчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ориф Тўхташ олиб борди.
Даставвал муҳтарам ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги йўлланди. Тадбирга меҳмон тариқасида таклиф этилган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг ахборот хизмати раҳбари, ижодкор, адиб Улуғбек Урунов Энергетика вазирлиги ташаббуси билан нашр этилган ва соҳа ташкилотларига тақдим қилинган, энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги мавзусидаги махсус китоблар, шунингдек, фанларга оид савол-жавоблардан ташкил топган қўлланма ва ўзининг қаламига мансуб туркум китобларни энг фаол ва билимдон ўқувчиларга тақдим этди.
Шунингдек, тадбирда адабиёт ва шеъриятга ихлоси баланд ёшларнинг ўзлари ёзган шеърлари тингланди ва устозларни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Бундан ташқари, 2021 йил мобайнида ижодий ва билим жиҳатидан ўзини намойиш этолган ҳамда кўрик-танловларда совринли ўринларни қўлга киритган иқтидорли бир гуруҳ ўқувчиларга туман Халқ таълими бўлими, шунингдек, мазкур мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Тадбир сўнггида мактаб ўқувчилари томонидан "Энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги" мавзусида "Қувноқлар ва зукколар" мусобақасини ташкил этиб, тадбирга "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятидан мутахассислар ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан ижодкорларни таклиф этиш истаги билдирилди.
✍️ "Ўзбекистон МЭТ" АЖ Ахборот хизмати