ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Муборакбод этамиз!
  • 19.09.2021
  • 393

Туғилган кун

ОРИФ ТЎХТАШ

 Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва тележурналист Ориф Тўхташ таваллуд топган кун.
Ориф Тўхташ 1976 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган.
Ориф Тўхташ “Ғунчалар табассуми”, “Қуёш йўли”, “Кўнгилга ташриф”, “Ватан атри” ва “Ажабтовур арзномалар” номли шеърий тўпламлар муаллифи.
   2018 йилдан Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Ўзбек болалар ва ўсмирлар адабиёти” кенгаши раиси сифатида фаолият олиб боради. Ориф Тўхташ қаламига мансуб бир қанча шеърлар бугунги кун бошланғич таълим дарсликларига ҳам киритилган бўлиб, унинг кўплаб шеърларини ёш авлод вакиллари яхши билишади.
   Ўзининг публицистик мақолалари ва ижодий асарлари билан республикамизнинг барча нашрлари ҳамда телерадио эфирларида мунтазам иштирок этиб келади.
   У тележурналист сифатида “Тўртинчи ҳокимият”, “Ёзувчи ва замон”, “Адабий жараён”, “Ёнимиздаги одам”, “Уйга қайтиб...” ва “Тундаликлар” сингари кўрсатувларга турли даврларда муаллифлик қилган.
   Ориф Тўхташ 1993-1998 йиллар мобайнида Самарқанд Давлат университетида журналистика ихтисослиги бўйича таҳсил олган. 2001-2020 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг турли тизимларида хизмат қилиб келди.
   2020 йилнинг март ойидан то бугунги кунга қадар Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
   Ориф Тўхташ мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан жорий йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
   Ижодкор фаолиятига доир янгиликлар ҳамда янги ёзилган шеърлари билан https://t.me/Orif_Toxtash_ijodi телеграм канали орқали танишишингиз мумкин.
   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси Ориф Тўхташни бугунги сана билан муборакбод этиб, келгуси ижоди ва меҳнат фаолиятида зафарлар ёр бўлишини тилайди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

https://t.me/yozuvchilar_uz/7084

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>