АОКАда 30 август, душанба куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон қайси давлатлардан электр импорт қилиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси Дадажон Исақуловнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон, Россия билан тармоқ орқали уланган. Шунингдек, улар билан параллель равишда ишланади.

  «Бизнинг энергия системадаги частоталаримизни МДҲ давлатлари электр энергия тизими бир-бирини ростлаб туради. Электр станцияларда бирор блок ўчиб қолса, бизда частотани ушлаб қолиш қийин. Уларда ҳам, бизда ҳам станция автоматик назорат қилинади. Блок ўчиб қолса,  энергия тизими бир-бирига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун улар билан параллель ишлаймиз», — деди Дадажон Исақулов.

  Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Туркманистон ва Тожикистондан электр импорт қилади. Бундан ташқари, қиш ойларида шу электрдан Афғонистонга экспорт қилади.

  «Ҳозирда биз Туркманистондан электр оламиз. Улар билан олдин параллель равишда ишлаганмиз. Хусусан, ўша 512 линия сақланиб қолган. Линия Туркманистондан бизнинг 'Қоракўл' подстанциясига келади ва у ердан узатилади. Тожикистон билан эса илгариги 507 линия бор эди. Уни ҳозирда қайта тиклаяпмиз. 2021 йилнинг ноябрь ойидан ишга тушиши мўлжалланяпти.

  Ҳозир бизга Тожикистондан электр импорт қилиш чегараланган. Биз фақат Сурхондарё учун электр оламиз. Чунки Қашқадарёдан Сурхондарё энергия тизимига тўғридан-тўғри узатишнинг имкони йўқ. Шунинг учун бугунги кунда 'Сурхон' подстанциясига Тожикистон электр узатади. Биз ундан камроқ қисмини Афғонистонга экспорт қиламиз», — деди у.

  Мутахассиснинг таъкидлашича, Тожикистондан электр олиб, Афғонистонга экспорт қилиш Ўзбекистон учун фойдали ҳисобланади.

  Аввалроқ Ўзбекистонда 17 та электр подстанциясининг қуввати 1568 мегаваттга оширилиши ва Энергетика вазирлигининг Ўзбекистон тарихидаги 10 та энг йирик лойиҳаси ҳақида маълумот берилганди.

 

https://bugun.uz/

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati