Янгиликлар
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг 24–25 август кунлари амалга оширилган хизмат сафари тафсилотлари
  • 26.08.2021
  • 692

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг хизмат сафари Тошкент–Бухоро йўналишида ҳаракатланадиган «Афросиёб» тезюрар поездининг тонгги рейсидан бошланди.

 

  Бошқарув раисини Самарқанд шаҳри вокзалида «Самарқанд магистрал электр тармоқлари» филиали директори. Ф.З.Қурбонов кутиб олиб, Самарқанд вилоятидаги магистрал электр тармоқлари ва юқори кучланишли подстанцияларда амалга оширилаётган капитал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари, вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик тўғрисида ҳақида ҳисобот берди.

 

  Шу билан бирга, Ф.З.Қурбонов «Самарқанд магистрал электр тармоқлари» филиали томонидан қурилиш-монтаж ташкилотлари иштирокида “Самарқанд”, “Чўпон-ота”, “Каттақўрғон” ва “Суғдиёна” подстанциялари бўйича амалга оширилаётган модернизация-реконструкция, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари хусусида ҳисобот берди.

  Бошқарув раиси Самарқанд–Қарши йўналишидаги подстанция ва электр тармоқларида бригадалари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишганидан сўнг, «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали тасарруфидаги янги қурилиб, фойдаланишга топширилаётган «Амир Темур» подстанциясига ташриф буюрди.

 

  Маълумки, 220/110/10 кВ кучланишли “Амир Темур” подстанциясининг қурилиш-монтаж ишлари айни пайтда жадал суръатларда олиб борилмоқда. Лойиҳанинг молиялаштириш манбаи: “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан, лойиҳалаштирувчи ташкилот — “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ, пудратчи ташкилот эса “4-сонли монтаж бошқармаси” АЖ.

  Эслатиб ўтамиз,  500 кВ кучланишли «Ғузор» подстанциясидан чиқувчи янги қурилган 2 дона 220 кВли электр узатиш ҳаво тармоқларига “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг 13/2237-сонли топшириқномасига асосан “Л-Амир Темур-1” ва “Л-Амир Темур-2” шартли диспетчерлик номларини берилиб, қурилиш-монтаж ишлари прудратчи ташкилот — “Ўзқишлоқэлектрқурилиш” АЖ томонидан, лойиҳалаштириш ишлари эса “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ томонидан амалга оширилмоқда.

 

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов “Амир Темур” подстанциясининг қурилиши давом этаётган диспетчерлик биносининг ичида хорижлик мутахассисларлар билан (Хитой Халқ Республикаси) сайёр қабул ўтказди. Хорижлик мутахассислар янги қурилаётган подстанция ва юқори кучланишли линияларда амалга оширилаётган ишлар хусусида ишчи тартибдаги масалаларни ҳал этишди. 

 

 Эслатиб ўтамиз, янги қурилаётган юқори кучланишли электр тармоқлари ҳамда «Амир Темур» подстанцияси, даставвал, Шаҳрисабз туманининг электр таъминоти ишончлилигини (ўтказувчанлик қувватини) оширади, сўнг Қашқадарё вилояти электр таъминотида юртиқча юклама туфайли келиб чиқадиган турли носозликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 Бундан ташқари, «Амир Темур» подстанцияси Шаҳрисабз туманида қурилаётган янги цемент заводи ҳамда бошқа кичик ва ўрта бизнес вакиллари — ишлаб чиқариш корхоналарининг асосий электр таъминоти манбаига айланиши назарда тутилган.

 

Шу билан бирга, янги 220 кВли электр тармоғи ва подстанция Қашқадарё вилоятининг Китоб, Чироқчи ва Қамаши туманлари истеъмолчиларининг электр таъминоти яхшиланишига, унинг сифат кўрсаткичлари оширилишига хизмат қилади.

 

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг навбатдаги манзили Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Денов туманларидаги инвестиция дастури бўйича қурилиш йўналишидаги — Ўзбекистон Ресубликасидаги амалдаги қонунлар талабларига мувофиқ бузиб кўчирилиши лозим бўлган хонадонларда бўлди.

Айни кунда Ўзбекистон энергетика тизими Тожикистон энергетика тизими билан параллел равишда ишламайди. Бундан бир неча йил олдин 64 км узунликка эга 500 кВ кучланишли линия демонтаж қилинган эди. Ўтган вақт оралиғида линия ҳимоя зонаси остида маҳаллий ҳокимлик қарори билан турар-жойлар қурилган. Эндиликда ушбу линия қайта тикланмоқда. Бу лойиҳанинг қайта тикланиши Тожикистонда сувдан олинган электр билан кечки максимумларни қоплашга ва Тожикистон энергетика тизими билан параллел ишлаш учун қулай шароит яратади.

 

Бир сўз билан айтганда, Тожикистоннинг "Регар" подстанцияси билан юқори кучланишли "Сурхон" подстанцияси боғланади.

Ушбу лойиҳанинг аҳамияти Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг вегетация — суғориш мавсумида мамлакатимиз ҳудудига қўшни республикалардан кириб келадиган табиий сув оқимларининг ҳажмига ҳам таъсир этади.

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов Денов туманининг “Ойбарак” маҳалласига туташ ҳудудлар, Сариосиё туманининг “Себзор”, “Боғистон” ва “Маржона” маҳалласидаги хонадон эгалари билан бевосита учрашиб, қайта тикланаётган лойиҳанинг аҳамияти, лойиҳа чизиғи остида (ҳимоя зонасида) бўлган хонадон эгаларига ер ажратиш ва компесация тўловлари амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини тўғрисида сайёр қабул суҳбатларини ўтказди. Инвестицион лойиҳанинг босқичлари, ҳуқуқий асослари ва фуқароларнинг турар-жой масалалари билан боғлиқ масалалар мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.

 

Қўшимча маълумот:

2021 йилда Тожикистон билан узилган 64 км электр линия қайта тикланади, лойиҳа қиймати 14,7 млн доллар

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/838

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Бошқарув раиси 500 кВ кучланишли электр тармоғи қурилиш жараёнини билан бевосита танишиб чиққач, лойиҳалаштириш институти мутахассис ходимларини ушбу манзилга такроран келиши ва халқаро молиялаштириш институти вакиллари билан келишган ҳолда муҳим аҳамиятга эга лойиҳанинг сифат кўрсаткичларини ошириш билан бирга муддатларини режадан кечиктирмаган ҳолда қуриб топшириш учун зарур топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Бир сўз билан айтганда, Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси 64 км узунликка эга 500 кВ кучланишли Ғузор-Регар электр тармоғининг аҳоли пунктларини кесиб ўтувчи қир-адирлик, тепалик ва жарлик рельефини бирма-бир юриб ўрганиб чиқди. Мутахассисларга шу пайтгача лойиҳа муддатини ортга суришга сабабчи бўлиши мумкин бўлган айрим муаммоларга тезкор ва самарали ечим топиб берди.

 

Қўшимча маълумот:

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Ягона телефон рақами орқали А-76-сонли қайднома (23.08.2021) билан рўйхатга олинган фуқаролар мурожаатига жавоб

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/1345

Хизмат сафарининг иккинчи куни ҳам Денов ва Сариосиё туманидаги маҳаллалар ва унинг атрофини ўрганиш,  юқори кучланишли электр тармоғи қурилиши линиясининг ҳимоя зонаси остига тушган маҳаллалардаги хонадон эгалари билан бевосита мулоқот билан давом эттирилди.

Қўшимча маълумот:

ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН–ТОЖИКИСТОН ҲАМКОРЛИГИ ҲАР ИККИ ДАВЛАТ ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/522

 

Куннинг иккинчи ярмида «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиалининг Қарши шаҳрида барпо этилаётган маъмурий биноси — Бошқарув раиси Д.А.Исақулов хизмат сафарининг навбатдаги манзили бўлди.

 

Унда Акциядорлик жамияти раҳбари янги қурилиб, фойдаланишга топширилаётган маъмурий бинонинг қурилиш-пардоз ишлари билан танишди. Шунингдек, маъмурий бино атрофидаги ободончилик ва боғдорчилик ишлари якуни бўйича ўз тавсияларини берди. Шу билан бирга, бошқарув раиси Қарши шаҳрида жойлашган 220 кВ кучланишли «Қарши» подстанциясида амалга оширилаётган модернизация ишлари билан бевосита танишиб, ўз тавсияларини берди.

 

Қўшимча маълумот:

Қашқадарё вилояти истеъмолчиларининг электр таъминоти яхшиланиши учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/866

Маълумот ўрнида: «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиалининг Қарши шаҳрида барпо этилаётган маъмурий биноси 1 сентябрь — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик юбилейи арафасида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

 

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг хизмат сафари Қарши–Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган «Афросиёб» тезюрар поездининг кечки рейси билан тугалланди.

✍️ Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>