Янгиликлар
«ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ: САНОАТ ВА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАШ МАВЗУСИДА ЎҚУВ СЕМИНАРИ ҲАМДА 500 КВ КУЧЛАНИШЛИ «СЎҒДИЁНА» ПОДСТАНЦИЯСИДА КЎРГАЗМАЛИ МАШҒУЛОТ ЎТКАЗИЛДИ
  • 23.08.2021
  • 662

  Жорий йилнинг 19–20 август кунлари «Самарқанд магистрал электр тармоқлари» филиалида «Муҳим объектларни муҳандис-техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозланиши ҳамда саноат ва ёнғин хавфсизлиги таъминлашни ташкиллаштириш» мавзусида ўқув семинари ҳамда 500 кВ кучланишли «Сўғдиёна» подстанциясида кўргазмали машғулот бўлиб ўтди.

  Режага мувофиқ тадбирнинг биринчи кунида семинар иштирокчилари Самарқанд шаҳрида кутиб олинди. Таркибида 500 кВ кучланишли подстанция мавжуд бўлган 7 та вилоят магистрал электр тармоқларидан филиал директорлари ҳамда хавфсизлик ва махсус ишлар бўйича филиалларнинг мутахассис ходимлари «GRAND SOGDIANA» меҳмонхонасига жойлаштирилиб, куннинг иккинчи ярмида маданий тадбир — шаҳри азим Самарқанднинг тарихий обидалари, диққатга сазовор қадамжолари зиёрат қилинди. Дастлаб «Гўри Амир» мақбараси, сўнгра «Регистон» ансамбли, «Бибихоним» жоъме масжиди, «Ислом ота» мақбараси, «Шоҳи Зинда» мақбаралар маскани зиёрат қилинди.

  ✔️ Тадбирнинг иккинчи куни «GRAND SOGDIANA» меҳмонхонасининг мажлислар залида семинар иштирокчиларини рўйхатга олиш, сўнг семинар тарқатма материаллар тақдим этиш билан бошланди. Соат 9:00 дан 11:00 гача давом этган семинарда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси бошлиғи Ҳайдаров Сарваржон Пазладдинович, Самарқанд вилояти ҳокимияти вакили Яздонов Олмос Аслонович, Самарқанд вилояти миллий гвардияси Қўриқлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Турсунов Акмал Пардаевич, Самарқанд вилояти ФВБ бошлиғининг ўринбосари Аҳроров Умид Зайнуллаевич, «Самарқанд магистрал электр тармоқлари» филиали директори Қурбонов Файзулла Зубайдуллаевич, Самарқанд вилояти прокуратурасидан вакиллар ҳамда 7 та вилоят магистрал электр тармоқларидан ташриф буюрган мутахассис ходимлар иштирок этишди.

✔️  Шунингдек, тадбирда ОАВ вакиллари, жумладан Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг Самарқанд вилояти мухбири, «Зарафшон» газетаси таҳририяти (zarnews.uz электрон нашри) мухбири ҳамда Самарқанд вилояти миллий гвардияси Қўриқлаш бошқармаси матбуот хизмати ва Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати ходимлари иштирок этишди.

  Тадбирни «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси бошлиғи С.П.Ҳайдаров очиб берди ва биринчи маъруза учун сўз Самарқанд вилояти ҳокимияти вакили О.А.Яздоновга берилди. Вилоят ҳокимияти вакили Самарқанд вилоятда саноат ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар юзасидан қисқача маълумот бериб, келгусида муҳим объектларни муҳандис-техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозланиши бўйича режага мувофиқ қандай ишлар амалга ошилиши тўғрисида ахборот берди.

  ✔️Сўнгра Самарқанд вилояти миллий гвардияси Қўриқлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.П.Турсунов муҳим объектларни қўриқлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини юксалтириш, уларга муносиб меҳнат ва махсус хизмат талабларига мувофиқ шарт-шароитларини яратиш юзасидан қилинаётган ишлар, эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида маъруза қилиб, семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.

 Семинар Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари У.З.Аҳроровнинг электрон слайд тақдимоти ва ҳисобот-маълумотномаси билан давом эттирилди. Унда ФВВ, хусусан вилоят бошқармаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва улар ташкил этиладиган ташкилотларни белгилаш тартиби тўғрисидаги Низоми»га асосан амалга оширилаётган ишлар, барча иқтисодиёт объектларида Фуқаро муҳофазаси вазифаларини бажариш мақсадида ушбу объектларнинг географик жойлашуви, технологик жараёни ва ишлатиладиган хомашёларнинг турлари ва миқдори, объектларда юзага келиши мумкин бўлган вазиятлар ва мавжуд шарт-шароитлар, ишчи-хизматчилар ҳамда аҳолининг сони ва зичлиги ҳисобга олган ҳолда Фуқаро муҳофазаси тузилмаларини ташкил этиш юзасидан мавзуга оид ахборот тақдим этилди.

  ✔️ «Самарқанд магистрал электр тармоқлари» филиали директори Ф.З.Қурбоновнинг маърузаси вилоят тасарруфидаги юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларда амалга оширилаётган қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишлари тўғрисидаги ҳисобот билан бошланиб, Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг топшириқ ва кўрсатмаларига биноан подстанцияларда ишчи-ходимларга яратилаётган шарт-шароитлар, иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида харид қилиниб топширилаётган жиҳоз ва ускуналар ҳақида ахборот берди. Филиал директорининг фикрича, Акциядорлик жамияти ташкил этилгандан буён электр объектлари ишчи-ходимлари учун 20–30 йил давомида яратилмаган шароитлар яратилмоқда, бино ва иншоотларнинг таъмири, том қисмлари ёпилиши, бетон супалар, подстанцияларнинг кириш қисмидаги қўриқлаш хизмати ходимларига замонавий техника ва технология, диспетчерлик хонаси ва бошқа ёрдамчи хўжалик биноларидаги меҳнат шароити замон талабларига мос равишда яратиб берилмоқда.

  Семинар якунида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси семинар иштирокчиларига энергетика соҳасига, жумладан электр энергетика тармоғига рақамли технологиялар шиддат билан кириб келаётгани, бу ҳам меҳнат самарадорлиги, ҳам хавфсизликни таъминлаш учун катта имкониятлар туҳфа этиши, аммо киберхавфсизлик бўйича бир қанча кутилмаган муаммолар туғдириши ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни ўртага ташлади. Маърузачи айниқса кибернетика бўйича мутахассисларни тайёрлаш, махсус ташкилотларда устоз-шогирд анъаналарига содиқ ҳолда ўзига хос мактаб яратиш лозимлиги бўйича айрим тавсияларни берди.

  Тадбир «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси бошлиғининг якуний маърузаси, семинар иштирокчиларига иштироки учун, Акциядорлик жамияти раҳбариятига ташкилий ишлардаги ёрдами учун ташаккур сўзлари билан якунланди.

 

Шундан сўнг семинар иштирокчилари автобусда, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси автомобилининг кузатувида 500 кВ кучланишли «Сўғдиёна» подстанциясига йўл олишди.

  Самарқанд вилоятининг Урут тумани ҳудудида жойлашган юқори кучланишли «Сўғдиёна» подстанцияси кириш қисмида семинар иштирокчилари подстанция бошлиғи ва Миллий гвардияси қўриқлаш бўлинмасининг бошлиғи томонидан кутиб олиниб, тадбир иштирокчилари махсус йўриқнома тушунтиришлари ўтказилди. Қайдномалар дафтарига қайд қилинган тадбир иштирокчилари юқори кучланишли подстанциянинг кучланиш остидаги қурилмалар жойлашган ҳудудида қўйилмаслиги, ҳарбий тайёргарлик ўқув-тактик машғулотлари махсус қуриб битказилган айвон атрофида ўтказилиши тушунтирилди. Шу боис иштирокчиларга махсус кийим-бош — каска ва бошқа ҳимоя жиҳозлари тарқатилмади.

  ✔️ Хавфсизлик техникаси йўриқномасидан сўнг «Сўғдиёна» подстанцияси бошлиғи тадбир иштирокчиларига электр объектининг қисқача тарихи, электр таъминоти умумтизимидаги аҳамияти, ишчи-ходимлар сони, амалга оширилган капитал ва жорий таъмирлаш ишлари, шунингдек, ишчи-ходимларга яратилган шароитлар, дам олиш, овқатланиш, махсус жиҳозларни сақлаш хоналари, олиб борилган ободончилик ишлари хусусида ахборот бериб, бу ишларни амалга оширишга кўмак берган раҳбар ходимларга, Акциядорлик жамияти тасарруфидаги қурилиш-монтаж ташкилотларига, хусусан «4-сонли монтаж бошқармаси» АЖнинг қурилиш бригадасига  ўз миннатдорлигини билдирди.

  ✔️ Тадбирнинг иккинчи қисми махсус қурилган айвон атрофида саф тортган «Сўғдиёна» подстанцияси муҳандис ва мотёрлари, Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаси ходимлари, «Сўғдиёна» подстанцияси Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмаси, Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлинмаси, махсус жанговар бўлинма аскарлари, Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бўлинмаси — ўт ўчирувчилар бригадаси, Ички ишлар бошқармасининг тезкор бўлинмаси ва тергов бўлими мутахассислари ҳамда Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси шифокорлари ва бошқа махсус тайёргарликка эга мутахассисларнинг ҳисоботини тинглаш билан бошланди.

  ✔️Саф тортган бўлинма мутахассислари турли вазиятларда қай тартибда ҳаракат қилиши, ихтиёрида қандай автомобиль ва механизмлар, замонавий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар борлиги, республика миқёсида ўтказиладиган мусобақа ва танловларда қандай ўринлар олишга муяссар бўлгани ҳақида сўзлаб беришди. Сўнг семинар ва кўргазмали машғулот иштирокчилари ўртасида савол-жавоблар муҳокамаси янграб, ўзаро фикр алмашинилди.

  ✔️ Жангарилар бартараф этилгани, қўриқланаётган электр объекти иш фаолияти барқарор эканлиги бўйича ҳисобот берилди ва қўриқчиларнинг муҳим жанговар ҳолати махсус комиссия хулосасидан сўнг юмшатилиши мумкинлиги эълон қилинди.

  Албатта, кўргазмали машғулотларда айрим семинар иштирокчилари ва ОАВ ходимлари илғамаган жузъий хатолар бўйича танбеҳ ва тавсиялар берилди. Мисол учун, шовқинни эшитиб воқеа жойига келиши мумкин бўлган аҳоли вакилларини ҳимоялаш (ҳудудга киргизмаслик) бўйича тегишли тартибга амал қилинмагани, шунингдек, тез тиббий ёрдам шифокорлари аввал тан жароҳати олган қўриқчиларни тиббий кўрикдан ўтказиб, кейин қўлига кишан тақилган шартли жангариларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши кераклиги йўл қўйилган камчиликлар сифатида тилга олинди. Бошқа барча жараёнлар аъло баҳоларга бажарилиб, саҳналаштирилган ўқув машғулотининг даражаси семинар иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. ОАВ вакиллари мутахассислар билан ўз таассуротларини бўлишиб, саволларига жавоб олишди.

⚔️ Дастлаб қуролланган шартли жангарилар подстанциянинг ташқи томонида турувчи навбатчи бўлинма — назоратчи аскарларини қўқисдан ўққа тутиб, кириш тақиқланган ҳудудни эгаллаб олишади. Бу пайтда подстанциянинг дарвозаси блокланиб, атроф ҳудуди ҳимояга олинади. Сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этган жангарилар сафидаги бир неча кишини йўқотиб, аммо ҳарбий қўриқчиларни зарарсизлантириб (шартли равишда йўқ қилиб), уларнинг либосларини кийиб олишади. Етиб келган махсус бўлинма ҳужум уюштириб, кузатув пунктини эгаллаб олишди. Бу жараёнга подстанцияни ичкаридан блоклаган ҳарбий хизматчилар ёрдам беришди. Шундан сўнг тергов бўлинмаси ва тез тиббий ёрдам шифокорлари воқеа жойига етиб келиб, қўлга олинганларни тергов изоляторига, воқеа жойида нобуд бўлган қўриқчи ва жангариларни шифокорлар хулосаси ҳамда терговчилар амалиётидан сўнг тиббий экспертизага юборишди.

✅ Мамлакатимизнинг саноат ва ёнғин хавфсизлиги масалалари доимий тартибда ўтказиладиган семинар ва ўқув машғулотлари, идоралараро мусобақа тадбирлари, фавқулодда текшириш ва ўрганишлар ўтказиш, энг муҳими, ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ҳамда махсус тайёргарликка эга ҳарбий хизматчиларнинг билим-савияси, ўз устида ишлаши, жисмоний тайёргарлигидан тортиб маънавий дунёси, ватанпарварлиги, инсонпарварлиги, оилапарварлиги ва бошқа юзлар таъсир омилларига боғлиқлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

  Бу каби семинар ва машғулотлар бошқа электр объектларида давом эттирилиши айтилиб, тадбир якунланди. Мамлакатимизда электр таъминотининг барқарорлиги иқтисодиёт таянчи эканлиги алоҳида эътироф этилди.

✍️ Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>