Янгиликлар
“Сўғдиёна” қандай қўриқланмоқда?
  • 22.08.2021
  • 276

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Самарқанд магистрал электр тармоқлари” филиалида “Муҳим объектларни инженер-техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозланиши ҳамда саноат ва ёнғин хавфсизлиги таъминлашни ташкиллаштириш” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда республикамизнинг етти вилояти магистрал электр тармоқлари корхоналари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Миллий гвардия қўриқлаш ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармалари масъул ходимлари қатнашди.

  Бугунги кунда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфида 84 та юқори кучланишли подстанциялар бўлиб улардан 7 таси 500 кВ кучланишли подстанция ҳисобланади. Мазкур объектларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг билим ва малакасини, ҳарбий тайёргарлик даражасини ошириш, саноат ва ёнғин хавфсизлиги масалалари юзасидан тегишли ўқув семинарлари ҳамда машғулотлар ўтказиш белгиланган.

  Ўқув семинарда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси бошлиғи С.Ҳайдаров, Самарқанд вилоятидаги Миллий гвардия қўриқлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Турсуновлар вилоятдаги муҳим объектларни қўриқлаш, ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий тайёргарлигини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

  – Вилоятимиз ҳудудида турли тоифадаги 7 та подстанция аҳолига электр энергияси етказиб бермоқда, – дейди “Самарқанд магистраль электр тармоқлари” филиали директори Файзулла Қурбонов. – Улардан энг йириги Ургут туманидаги “Сўғдиёна-500” подстанцияси бўлиб минтақимизнинг асосий қон томирларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли мазкур объект махсус хизматлар томонидан қўриқланади.

  Семинар иштирокчилари “Сўғдиёна” подстанциясида бўлиб, ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг тоифаланган объектларини қўриқлаш ва мудофаа қилиш бўйича семинар машғулотлари ҳамда махсус тактик-ўқув машқларини кузатди.

  Тадбир якунида иштирокчиларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>