Янгиликлар
ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ МАМЛАКАТИМИЗ ТАДБИРКОРЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТИ
  • 20.08.2021
  • 499

  Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари нутқ сўзламоқда.

  – Кейинги йилларда сизлар иқтисодиётимиз ва ислоҳотларимиз таянчига ҳамда локомотивига айландингиз, деб айтишга барча асосларимиз бор. Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз чин маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.

  Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Уларда ҳозирги кунда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилмоқдалар. Агар биз иқтисодиётимизни янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур.

  Кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги-янги имконият ва шароитларни яратдик. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди.

  Энг асосийси, эл орасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрў ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган, ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шакллана бошлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

  Давлатимиз раҳбари тадбиркор ёшлар ва аёллар сафи кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

  – Мен бугун ушбу залда ва жойлардаги студияларда қатнашаётган юзлаб тадбиркор ёшлар ва опа-сингилларимизни кўриб турганимдан бениҳоят хурсандман.

  Биз кейинги 2 йилнинг ўзида, фақатгина хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга 500 миллион доллар маблағ йўналтирдик. Уларни ўз бизнесини бошлаши, жумладан касб ва тадбиркорликни пухта ўрганиши учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Сўнгги 5 йилда ёш тадбиркорлар 5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 500 мингдан ошди.

  Тадбиркор аёллар ва ёшлар сафини янада кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам иқтисодий сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади, – деди Президент.

  Давлатимиз раҳбари шижоатли ва фидойи тадбиркорларнинг айримларини тилга олиб, халқимизга мададкор бўлаётгани учун уларга миннатдорчилик билдирди.

  - Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркор-ларимизни, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз  ва уларни қадрлаймиз.

  Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов  ва қийинчиликлар пайтида ҳам, халқимизга мададкор бўлиб,  ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган  ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган  тадбиркор дўстларимга  бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман.

  Ана шундай фаол  ва фидойи тадбиркорларнинг 100 нафарига чуқур миннатдорчилик рамзи сифатида,  биринчи маротаба  Ўзбекистон Республикаси Президентининг миннатдорчилик хатини имзоладим.

  Фурсатдан фойдаланиб,  ана шундай эътирофга сазовор бўлган фидойи, ватанпарвар, саховатпеша ва ғайратли тадбиркор ва ишбилармонларга,  такроран чуқур ташаккур билдираман  ва чизларнинг сафингиз, бутун мамлакатимиз бўйлаб,  кун сайин ошиб боришига астойдил ишонаман, - деди Президент.

  Президент Шавкат Мирзиёев:

  Тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ савол,  таклиф ва ташаббуслар келиб тушди  ва шу кунгача,  жойларда уларнинг кўпчилиги ҳал этилди.

  Айниқса Андижон, Наманган ва Сурхондарёда  ишлар тизимли ташкил қилиниб,  тадбиркорларимизнинг 90 фоиз муаммолари  қисқа фурсатларда ҳал қилиб берилгани,  албатта қувонарли ҳол.

  Қаерда муҳит яхши бўлса, ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари Президент талабини тўғри тушунган бўлса, ўша ерда ишлаш услуби,  тадбиркорларга муносабат ўзгарган.

  Аксинча, тадбиркор дарди билан яшамаган,  улар кўтарган муаммоларнинг ичига кирмасдан,  кўмак бермаган раҳбарлар фаолиятига эса,  халқимизнинг ўзи баҳо беради ва бундай раҳбарларга  бизнинг сафимизда ўрин йўқ  ва келажакда ҳам шундай бўлади.

  Бир нарсани барчамиз  аниқ тушуниб олишимиз лозим. Тадбиркорларимизнинг ушбу мурожаатлари,  амалдаги ислоҳотларимиз кўзгусидир.

  Шу боис, ҳар бир вазирлик ва идора раҳбари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари келиб тушган мурожаатларни  ўзларининг фаолиятига баҳо деб билишлари,  бундан тўғри хулоса чиқариб, кескин ўзгаришлар қилишлари  зарур ва шарт.

  Ташаббус кўрсата олмайдиган, янги-янги ғояларни кўтариб чиқишга, ўзгариш қилишга интилиши бўлмаган раҳбарларга нисбатан жуда қаттиқ талаб ва чоралар бўлади.

  Президент тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди.

  – Мен сизлар томонингиздан кўтарилган масалалар билан атрофлича танишиб чиқдим. Шу боис, сизларни қийнаётган барча муаммо ва саволлардан тўла хабардорман.

  Бугунга қадар энг долзарб муаммоларни тизимлаштириб, уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик.

  Биринчи йўналиш. Сизлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ.

  Жумладан, ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги, ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган.

  Ҳақиқатдан ҳам, тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди.

  Шунингдек, банклар томонидан йиллик 8-10 фоиздан хорижий валютада 18 мингга яқин тадбиркорларга берилган кредит валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобига қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда.

  Бу ҳақда мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани ҳам ушбу масалалар тадбиркорликни ривожлантириш учун оғир юк бўлиб турганини кўрсатмоқда.

  Шу боис, тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади.

  Биринчидан, банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун, келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади.

  Бу маблағлар танлов асосида ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади.

  Президент Шавкат Мирзиёев:

  Иккинчидан, юқоридаги маблағларни жалб қилмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилади.

  Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 триллион сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади.

  Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган, замонавий технологияларга эга йирик хорижий банкларни кириб келишига кенг имкониятлар яратамиз.

  Бу ҳам, ўз навбатида, тадбиркорларимиз учун қулай шароитлар тақдим этади ва банк тизимида биз учун ниҳоятда керак бўлган соғлом рақобат пайдо бўлади.

  Учинчидан, банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – сўмда ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади.

  Валютада кредит олган ва бугун қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларимиз ушбу масалани ўз мурожаатларида кўтарганлар.

  Шу боис, Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади.

  Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўгириб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади.

  Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди.

  Тўртинчидан, бундан буён Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади.

  Бешинчидан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб, илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг  жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказиб берилади.

  Умуман, юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобига, тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30-40 триллион сўмлик миллий валютадаги, узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади.

  Булар ҳисобига, тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан камида 5 фоиз арзон олиш имкониятига эга бўладилар.

  Мен ўйлайманки, бу янги имкониятлар мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига катта туртки беради.

Шавкат Мирзиёев кредитлашни бозор механизмларига ўтказиш ҳақида:

– Мен яхши тушунаман, ҳамма арзон кредит олишни хоҳлайди. Лекин, кредит фоиз ставкаларини сунъий пасайтирсак, пул бозоридаги мувозанат бузилади. Шунинг учун, иқтисодиётга арзон кредит берамиз деб, макроиқтисодий барқарорликни унутиб қўймаслигимиз лозим. Барқарорлик бўлмаса, иқтисодий ўсиш бўйича кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз.

  Бу борада, фоиз ставкаларига бевосита таъсир этадиган инфляцияни ва яна такрор айтаман, инфляцияни пасайтириш ҳамда банк орқали кредитлаш жараёнини тўлиқ бозор механизмларига ўтказишга қаратилган ишларни изчил давом эттирамиз.

  Замонавий бозор тамойилларида ишлаш учун ҳудудларда банклар лойиҳа фабрикалари ва тадбиркорликка ўқитиш марказларини ташкил этиб, хорижий мутахассисларни жалб қилмоқда.

  Ушбу марказлар тадбиркорларга, айниқса ёшларга ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиш, бизнес режаларни ишлаб чиқиш, маблағлар жалб қилишга ёрдамлашади ҳамда уларга бизнес жараёнининг барча занжирида кўмакдош бўлади.

  Умуман, инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилганмиз. Бу эса, табиий равишда кредит ставкаларини ҳам мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини беради.

  Олтинчидан, ислоҳотларимиз учун ўта муҳим бўлган оилавий тадбиркорлик йўналишида ҳам 2 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган.

  Энди, бу янги тизимда одамларимиз тадбиркорлик учун кредит оламан деб ҳокимиятга, банкка ёки бошқа идорага бориб юрмайди, асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун таъминотчини қаердан топаман деб, бош қотиришга зарурат қолмайди.

  Кредитни расмийлаштиришдан тортиб, маҳсулотни олиш-сотишгача бўлган барча жараёнлар электрон тарзда, онлайн ҳал этилади. Ўз навбатида, ушбу платформа таъминотчи корхоналар учун ҳам камида 10 триллион сўмлик бозор яратади.

  Иқтисодий комплекс раҳбарлари Қўчқоров, Нурмуратов, тижорат банклари уч ой муддатда жойларда, тадбиркор ва аҳолимизга ушбу қулайликларни кенг тушунтириб, ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйишни ташкил этишлари зарур.

  Бу борада, маҳаллабай иш ташкил этиш бўйича “Андижон тажрибаси”ни бутун мамлакат бўйлаб кенг қўллаш лозим бўлади.

  Президент Шавкат Мирзиёев микромолия ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ҳақида:

  Еттинчидан, кўплаб мурожаатларда бизнесни молиялаштириш манбаларини янада кўпайтириш мақсадида нобанк кредит ташкилотларини очиш ва юритишга бўлган мавжуд талабларни камайтириш ва енгиллаштириш сўралган. Бу таклифлар бизга жуда маъқул.

  Шунинг учун, жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Энди, улар фаолиятини бошлаши учун фақатгина Марказий банк реестрига киришлари кифоя.

  Шунингдек, бундан буён уларга касса хоналари ташкил этиш, ҳудудларда филиаллар очиш учун Марказий банкнинг розилигини олиш шарт бўлмайди.

  Улар томонидан тадбиркорларга бериладиган микрокредит (300 миллион сўм) ва микролизинг (600 миллион сўм) учун амалдаги чекловлар ҳам олиб ташланади.

  Шу билан бирга, микромолия ташкилотларига бошқа ташкилотлардан маблағлар жалб қилиш, облигациялар чиқариш ҳуқуқлари ҳам берилади.

  Шунингдек, ушбу ташкилотлар худди банклар каби тўловларни қабул қилиш ваколатига ҳам эга бўладилар.

  Умуман, ушбу янги имкониятлар ҳисобидан ҳам кредит бозорида тадбиркорларимиз учун йилига қўшимча 10 триллион сўм маблағ шаклланади.

  Иккинчи йўналиш – солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди:

  – Маълумки, сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Кўпчиликнинг эсидан чиққан бўлиши мумкин, яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди.

  Ушбу йиғимлар корхоналарнинг фойдасидан қатъий назар, оборотдан олиниб, уларнинг миқдори корхоналарнинг камида 20-25 фоиз фойдасига тенг бўлган.

  Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобига, 7 мингга яқин корхона ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлдилар.

  Молк-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга камайтирилди. Аниқ мисоллар билан гапирадиган бўлсак, транспорт соҳасида солиқ юки – 3 баробар, озиқ-овқат саноатида – 2 баробар, тўқимачилик ва электротехника саноатида эса, 20 фоизгача камайди.

  Айниқса, пандемия даврида харажатларимиз кескин ошганига қарамай, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди.

  Бу эса, ўз навбатида тадбиркорлар ихтиёрида қолган 2 триллион сўм маблағни бизнес фаолиятига сарфлаш имконини берди.

  Лекин, солиқ ставкалари ва солиқ маъмурчилиги бўйича тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган ҳақли саволлар ҳали жуда кўп.

  Биринчидан, ўтган йили янги Солиқ кодекси амалга киритилганидан кейин, 23 та махсус иқтисодий зона иштирокчилари аввалги имтиёзларимиз сақланиб қоладими ёки йўқми, деб безовта бўлмоқдалар.

  Бу борада бир фикрни аниқ қилиб айтмоқчиман: 2020 йил февраль ойида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинади.

  Шунингдек, ички бозорда тенг рақобат бўлиши учун экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга олиб келинган хом ашё импорт божидан озод этилади.

Лекин, бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш бўйича катта ислоҳотларни олиб бораяпмиз.

  Шу боис, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади.

  Ушбу тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради.

  Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди, - деди Президент.

Президент бухоролик тадбиркорга: "Вообще" йўқотма ўзингни!"

Манба: https://t.me/Press_Secretary_Uz/553

  Давлатимиз раҳбари солиқ тизимини такомиллаштиришга оид иккинчи йўналишни давом эттирди:

  Иккинчидан, мамлакатимизда қурилиш соҳасида ҳам, катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

  Маҳсулот таннархини камайтириш бўйича  50 дан зиёд қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналардан таклифлар келиб тушган.

  Масалан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ цементнинг таннархида – 14 фоиз, асфальтда – 10 фоиз, қум-шағал аралашмасида – 7 фоизни ташкил этади.

  Шу боис, норуда қазилмаларга (қум-шағал, оҳактош, гипс, доломит каби) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга камайтирилади. Бунинг ҳисобига, 1,5 мингга яқин корхоналар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм маблағ қолади.

  Учинчидан, биз хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Янги иш ўринларини қисқа муддатларда яратадиган соҳалардан бири ҳам сервис соҳаси ҳисобланади.

  Пандемия давом этаяпти ва бу хизматлар соҳаси, айниқса умумий овқатланиш ва туризм корхоналари учун қанчалик оғир бўлаётганини барчамиз кўриб турибмиз, албатта.

  Бу борада, умумий овқатланиш ва туризм корхоналаридан ўтган йили берилган имтиёзларни узайтириш бўйича 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.

  Шу боис, жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонасини йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қиламиз. Бу имконият уларга 30 миллиард сўм қўшимча кўмак деганидир.

  Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари муддатлари жорий йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади.

  Шу билан бирга, туризм компаниялари ва меҳмонхоналарни туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилсак, нима дейсизлар?

  Бу – ҳозирги қийин шароитда тушуми камайиб кетган 2 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 150 миллиард сўм қолади, дегани.

  Тўртинчидан, бугунги кунда 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд.

  Пандемия сабабли ушбу тадбиркорларга жарима солиш ва бугунги кунгача қўлланилган 6 триллион сўмлик жарималарни ундириш жорий йил якунига қадар тўхтатилади.

  Президент Шавкат Мирзиёев.

  Бешинчидан, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, солиқ идораларининг назорат функцияларини такомиллаштириш юзасидан жиддий чораларни амалга оширишимиз зарур.

  Келгуси йил 1 январдан бошлаб солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди.

  Ҳозирда, 228 мингта кичик тадбиркорларда бухгалтер йўқ. Оқибатда, солиқ ҳисоботларини камчиликлар билан топширган 32 мингга яқин тадбиркорга молиявий жарима солинган.

  Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби эса тўлиқ бекор қилинади.

  Шунингдек, солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани, мени хавотирга солмоқда. Ўтган йили камерал назорати натижасида 336 та корхонага 51 миллиард сўм молиявий жарима қўлланилган бўлса, жорий йил 6 ойда 3 мингдан зиёд тадбиркорларга 900 миллиард сўмдан ортиқ жарима белгиланган.

  Шунинг учун Қўчқоров, Ишметов, Қудбиев, Давлетов, Қосимов бир ой муддатда, солиқ идораларининг камерал назорати натижасига кўра, молиявий жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш бўйича таклиф киритсин.

  Олтинчидан, амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобот топшириши билан бирга, ундаги фарқни қайтариш учун солиқ идораларига алоҳида мурожаат қилишга мажбур.

  Бу – 14 минг тадбиркорнинг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлиб, улар учун қўшимча вақт, ортиқча сарсонгарчилик дегани.

  Ишметов, Қудбиев бу масалани чуқур ўрганиб, келгуси йилдан қўшилган қиймат солиғини қўшимча ҳужжатсиз қайтариш тартибини амалиётга жорий этсин.

  Еттинчидан, “Саг-Агро” корхонаси раҳбари Камол Абдуллаев ва бошқа 200 дан ортиқ тадбиркорлар солиқ ва божхона идораларига тўланган қўшилган қиймат солиғини “зачёт”га олиш, яъни ўзаро ҳисоб-китоб қилиш имкониятини сўраган.

  “Саг-Агро” корхонасининг солиқ базасида 700 миллион сўм ортиқча тўлови бўла туриб, божхонада 1,4 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қўшимча тўлашга мажбур бўлган.

  Шунинг учун, келгуси йилдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади.

  Яъни, солиқ идораларида мавжуд қўшилган қиймат солиғи ортиқча тўловлар божхона тўловларини амалга ошираётганда ҳам инобатга олинади. Ушбу енгилликдан 10 мингдан зиёд тадбиркор фойдаланиши мумкин бўлади.

Шавкат Мирзиёев: Адолатли меҳнат қилса, марҳамат, бой бўлсин. Халқ бой бўлмаса, давлат ҳеч қачон бой бўлмайди

Манба: https://t.me/Press_Secretary_Uz/568

Манба: O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot kotibining rasmiy kanali

https://t.me/Press_Secretary_Uz/539

https://t.me/Press_Secretary_Uz/540

https://t.me/Press_Secretary_Uz/541

https://t.me/Press_Secretary_Uz/542

https://t.me/Press_Secretary_Uz/543

https://t.me/Press_Secretary_Uz/548

https://t.me/Press_Secretary_Uz/549

https://t.me/Press_Secretary_Uz/550

https://t.me/Press_Secretary_Uz/551

https://t.me/Press_Secretary_Uz/552

https://t.me/Press_Secretary_Uz/553   (видео файл)

https://t.me/Press_Secretary_Uz/554

https://t.me/Press_Secretary_Uz/555

https://t.me/Press_Secretary_Uz/568  (видео файл)

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>