Янгиликлар
Хавфсизлик техникаси ойлиги: 2021 йил 1 июлдан 1 августгача хавфсизлик техникаси бўйича кўрик тадбирларини кузатиб боринг!
  • 13.07.2021
  • 973

  Аввал хабар берганимиздек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг 2021 йил 14 июндаги «Хавфсизлик техникаси бўйича кўрик ўтказиш тўғрисида»ги 186-сонли буйруғига асосан 2021 йил 1 июлдан 1 августгача «Ўзбекистон МЭТ» АЖ барча корхоналарида тегишли тартибга мувофиқ хавфсизлик техникаси бўйича кўрик ойлиги ўтказилиши белгиланган эди.

 
Кўрикка тайёрланиш даври 2021 йилнинг 15 июндан 1 июлгача этиб белгиланган.

  Мавжуд анъанага мувофиқ Хавфсизлик техникаси кўригига тайёрланиш, уни ўтказиш ва натижаларини баҳолаш учун Акциядорлик жамияти маъмуриятида Марказий комиссия тузилган бўлиб, Комиссия раиси сифатида кўрик жараёни ишини мувофиқлаштириш «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Х.Б.Элмуродовга юклатилган.

  Шунингдек, мазкур комиссиянинг яна 7 нафар аъзолари Хавфсиз иш шароитларининг таъминлаш ва жароҳатланишларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишларини кучайтириш ҳамда «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг 2021 йил 29 январдаги 33-сонли буйруғининг 11-иловаси, 1-бандини бажариш мақсадида ташкил этилган Хавфсизлик техникаси ойлиги кўригининг дастлабки хулосаларини 2021 йил 10 августгача, якуний хулосаларини 2022 йил 10 январигача тақдим этиши белгиланган.

  Хўш, кўрик ойлигини ўтказишдан кўзланган мақсад нима?

  Кўрикнинг асосий мақсади деб қуйидагилар белгиланган:

·  Ходимларнинг меҳнат, ишлаб чиқариш ва технологик интизомга риоя қилишлари устидан назоратни кучайтириш;
·  Бехатар иш шароитларини ташкил этиш кўникмаларини ҳосил қилиш учун касб маҳорати конкурсларини ўтказиш ва бу билан ходимларнинг билим даражасини ошириш;
· Ходимлар билан олиб бориладиган ишларнинг амалдаги ҳужжатларга мувофиқ ҳолда ташкиллаштирилишига масъул раҳбар ходимлар ва иш жойида хавфсизлик техникаси қоидалари талабларини сўзсиз бажариши учун ҳар бир ишловчининг масъулиятини ошириш.

  Шу билан бирга, ташкилий ишларни тегишли тартибда бажариш учун «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг ишлаб чиқариш, бошқарма ва хизматлари бошлиқларига қуйидаги вазифалар юклатилган:

кўрикни ташкил қилиш ва ўтказишда фаол қатнашиш;
жойларда ХТ бўйича бевосита ишларда (ХТ кунлари, иш жойларини текшириш, ХТ бўйича танловлар, билимлар текшируви, хавфли жойларни аниқлаш) иштирок этиш;
хавфсизлик техникаси масалалари юзасидан чиқарилган буйруқ ва шарҳларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш.
 

  Бунда, Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати кўрик даврида филиаллар ўртасида хавфсизлик техникаси, ходимлар билан ишлаш ҳолатлари ва кўрик ўтиб бориши бўйича ўзаро текширувларни ташкил этади.  Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси томонидан кўрик якунлари бўйича Марказий комиссиянинг қарорига мувофиқ корхоналарни мукофотлаш учун 60,0 млн. сўм миқдоридаги пул маблағи ажратилиши белгиланган.

  Соврин жамғармасининг миқдори корхоналар гуруҳи бўйича, Магистрал электр тармоқлари филиаллари гуруҳига: 1-ўрин — 20 000 000 сўм; 2-ўрин — 15 000 000 сўм; 3-ўрин — 13 000 000 сўм. «ENERGO-IT», Қурилиш-монтаж ташкилотлари ва ижтимоий соҳа объектлари гуруҳи: 1-ўрин — 5 000 000 сўм; 2-ўрин — 4 000 000 сўм; 3-ўрин — 3 000 000 сўм.

 

 

  Хавфсизлик техникаси кўрик ойлигида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ва баҳолашда қуйидаги кўрсаткич ва амалиётлар самарадорлигига эътибор берилади:

Хавфсизлик техникаси кўрик ойлиги бўйича филиал буйруғи, кўрикни ўтказиш учун комиссия тузилгани ва иш режасининг мавжудлиги. Филиал ва бўлинмаларда кўрик бўйича керакли ҳужжатлар ва ташвиқот ишларининг олиб борилиши.

  Иш жойларини текшириш, жумладан:

·   Хавфсизлик техникаси қоидалари талаби бузилган ҳолда иш олиб борилаётган жойларни аниқлаш;
·  Наряднинг мавжудлиги ва тўғри тўлдирилганлигини текшириш, ишларни хавфсиз бажаришда кўрилган чораларнинг етарлилиги;
·  Диспетчерлик номларни нарядда кўрсатиб ўтилган қурилмаларнинг ҳақиқий номларига мос келиши.
·  Наряд ёки фармойишнинг тўғри расмийлаштирилишини жорий этиш ва ишга тўғри қўйишни текшириш;
·  Барча ходимларни хавфсизлик техникаси бўйича ҳужжатлар билан таништирилишини журналларда қайд этиш.
 

  Шунингдек, жиҳозланган техник ўқув хоналарини кўздан кечириш. жумладан, уларнинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги, шу билан бирга, иш режалари, машғулот ўтказиш мавзуларининг мавжудлиги ва бажарилиши, жумладан, бахтсиз ҳодисалар бўйича хабарномалар ва буйруқларни ишлаб чиқиш тартиби бўйича ижро интизомини ўрганиш юзасидан тегишли амалиётлар олиб борилиши белгиланган.

  Бундан ташқари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тренажерларнинг мавжудлиги, хавфсизлик техникаси бўйича ишларни ташкиллаштиришда тезкор ходимларнинг иштироки ва улар томонидан ТЭҚ, лавозим ва ишлаб чиқариш йўриқномалари талабларига амал қилиниши, бир чизиқли схемаларнинг мавжудлиги ва тўғрилиги, филиал ёки қурилиш-монтаж ташкилоти раҳбарлари, ишлаб чиқариш хизматларини ўқув хоналарида тасдиқланган жадвал асосида машғулотларнинг ўтказилиши ва йўриқномалар билан ходимларни таништириш ишларини олиб бориш каби кўрсаткичлар ўрганилади.

 

  Регионал диспетчерлик хизматларида (РДХ) ускуналарнинг тезкор-диспетчерлик эксплуатацияси бўйича ишларни ташкиллаштириш:

·   Тасдиқланган лавозим ва ишлаб чиқариш йўриқномаларининг мавжудлиги;
·  Алоқа воситалари билан таъминланганлиги, объектлар билан тўғридан-тўғри диспетчерлик алоқа каналларининг мавжудлиги ва ундан фойдаланилиши;
·  Авариявий тиклаш ва таъмирлаш ишларининг олиб борилишида ускуналарнинг тезкор-диспетчерлик бошқаруви бўйича қоида талабларига амал қилиниши;
·   Техник ҳужжатларнинг ва тезкор журналларнинг мавжудлиги ва тўғри юритилиши.
 

  Ходимлар билан ишлаш:

·    Ходимлар билан ишлашнинг йиллик иш режасининг мавжудлиги ва бажарилиши.
·    «Энергетика ишлаб чиқариш корхоналарида ходимлар билан ишлашни ташкил қилиш қоидалари»га асосан янги ишга кирган ва бошқа иш жойига ўтказилган ходимларни тайёрлаш бўйича дастурларнинг мавжудлиги.
·   Ишларни хавфсиз бажариш учун жавобгар шахсларнинг тасдиқланган рўйхатини мавжудлиги.
·  Билим синовидан озод этилган лавозимларнинг тасдиқланган рўйхатининг мавжудлиги.
·  Аварияга ва ёнғинга қарши машғулотлар: жадвали, ҳисобга олиш журнали, рўйхати, мавзулари, иштирокчилари, мавзуларининг тўғри тўлдирилиши ва баҳоланиши.
·  Билим синови: билим синовини ўтказиш жадвали, журналнинг юритилиши.
·  Махсус ишларни бажарадиган ходимларни билим синовидан ўтказиш: ваколатли комиссия ва журналнинг мавжудлиги ҳамда гувоҳномада белгиланганлиги.
 

  Хавфсизлик техникаси ойлиги давомида йўриқномаларнинг юритилиш ҳолати ҳам ўрганилади. Мисол учун, кириш ва бирламчи йўриқномаларнинг дастури, даврий йўриқномаларнинг тасдиқланган мавзуси, навбатдан ташқари йўриқномаларнинг ўтказилиши ҳамда журналлари:                        

·    Ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтказилганлиги.
·    Техник ўқиш: дастур, журнал, якуни (раҳбарларнинг қатнашгани). Махсус тайёргарлик: ходимлар билан авария ва фавқулодда ўчишларда йўл қўйилган камчиликларни ишлаб чиқиш, чора-тадбир тузиш.
·  Семинарлар ва касб маҳоратини ўтказиш ва ОАВда ёритиш.
·   Меҳнат муҳофазаси бўйича бириктирилган ходимларнинг иш режасининг мавжудлиги.            
·   «Хавфсизлик техникаси кўрик ойлиги»ни ўтказилиши тўғрисида жойларда шиорларнинг мавжудлиги.
· Ходимларни махсус кийим бош ва пойабзаллар билан таъминланганлиги. МБ-6 формасини юритилиши, махсус кийимбош ва пойабзалларнинг ҳолати.
 

  Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, электр энергияси таъминоти тизими мураккаб техник-муҳандислик амалиёти бўлиб, у ишлаб чиқариш, юқори ҳамда паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда подстанциялари орқали етказиб бериш ва истеъмолчиларга тақсимлашдан иборат, ва, албатта, бу жараёнлар хавфсизлик техникаси қоидаларига сўзсиз амал қилган ҳолда амалга оширилиши шарт.

 

  Бугунги пандемия шароитидаги карантин вақтида ходимлардан гигиена-санитария тартибларига амал қилган ҳолда хавфсизлик техникаси қоидалари, меҳнат муҳофазаси ва техник эксплуатация қоидалари билан яна бир бор танишиб чиқиш сўралади. Энергетика соҳасида, хусусан юқори кучланишли электр тармоқлари ҳамда подстанцияларга хизмат кўрсатиш чоғида турли бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслик учун хавфсизлик қоидаларини яхши ўзлаштириш ва унга амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Хавфсизлик техникаси ойлиги давомида ўтказилган тадбирлар Ахборот хизмати томонидан ёритиб борилади.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>