Ёшлар сиёсати
ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ВА ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ
  • 01.07.2021
  • 755

  Ёшлар ва талабалар форумида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев йигит-қизларимизнинг турли соҳалардаги муваффақиятлари билан танишди ва ёшлар билан очиқ мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев:

  Ипотека дастури доирасида уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга қўшимча 2 мингта квота ажратилади ва ушбу мақсадлар учун бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

  Шунингдек, ёш оилаларнинг ипотека кредитини қайтаришга тўлаган маблағлари даромад солиғидан тўлиқ озод қилинади.

  “Дафтарлар”га кирган оилаларнинг янги турмуш қураётган фарзандларига ўз хонадонида қўшимча уй-жой тиклаши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади.

  Шунингдек, “Темир дафтар”да қайд этилган оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун август ойида 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилади.

  Шавкат Мирзиёев:

  Ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлади.

  Фарзандларимизга мўлжалланган бадиий адабиётларни кўпайтириш ва уларнинг муаллифларини рағбатлантириш мақсадида “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танловини ўтказиш йўлга қўйилади.

  Бунда, муаллифлар учун биринчи ўринга – 100 миллион сўм, иккинчи ўринга – 75 миллион сўм, учинчи ўринга – 50 миллион сўм мукофот берилади.

Шавкат Мирзиёев:

  Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон металлургия комбинатининг “Ёшлик оромгоҳи” негизида йил давомида фаолият юритадиган Республика иқтидорли ёшлар оромгоҳи ташкил этилади.

Бу масканда ёшларимиз йил давомида аниқ фанлар билан бирга, бадиий адабиёт, тасвирий санъат ва мусиқа бўйича ҳам билим ва малакасини оширадилар.

Ҳар бир вилоят ва туманда “Чавандозлар мактаби” фаолияти йўлга қўйилади.

Жойларда спорт тўгаракларини ташкил қилаётган мураббийларга инвентар сотиб олиш учун субсидия ажратилади, бўш турган бинолар имтиёзли асосда ижарага берилади.

Шунингдек, камида 100 нафар ёшларни спортга мунтазам жалб қилган мураббийларга бюджетдан ойлик тўлаш тартиби жорий этилади.

  Илгари муҳтож бўлиб, умидсизликка тушиб қолган, "Ёшлар дафтари" орқали ўз ишини бошлаган Азиза Самиғова энди замонавий уйда яшайди. Унга ҳурматли Президентимиз 3 хонали уй совға қилди.

  Шавкат Мирзиёев:

  Юртимиз бўйлаб 6 миллионга яқин ғайрати баланд, интилувчан ўғил-қизларимиз иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваллар, барча ёшларимиз учун етуклик ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлди.

  Ушбу фестиваллар бундан буён нафақат вилоят марказларида, балки ҳар бир туман ва шаҳарда ўтказиб борилади, уларда кўтарилган масалалар ечими бўйича ҳар йили Ҳукумат алоҳида дастурлар қабул қилади.

  Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида сиз, азиз ёшларимизнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётганингиз алоҳида таҳсинга сазовордир.

Шавкат Мирзиёев:

  Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ алломалар, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби шоир ва мутафаккирлар, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийдек маърифатпарвар адиб ва олимлар ўзларининг машҳур илмий кашфиётларини, ўлмас бадиий асарларини айнан сизларнинг ёшингизда яратганларини ҳаммамиз яхши биламиз ва бу билан фахрланамиз.

Бизнинг томирларимизда ана шундай улуғ боболаримизнинг қони оқар экан, уларнинг муносиб ворислари бўлиш, улар каби юксак мақсадлар сари интилиб яшаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Эндиги муҳим вазифамиз – мана шундай фарзандларимиз орасидан янги авлод Берунийларини, Ибн Сино ва Улуғбекларини, Хоразмий ва Фарғонийларини тарбиялаб, вояга етказишдан иборат.

Бу йўналишда “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” каби кўрик-танловлар ўтказиб, ғолибларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

  Шавкат Мирзиёев:

Сўнгги йилларда ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Хабарингиз бор, яқинда таниқли сиёсатчи, Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг бошлиқ расмий делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.

Суҳбат чоғида у киши бир фикрни афсус билан таъкидлади. Яъни, сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас экан.

Олий мартабали меҳмон Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолади.

Сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этамиз.

Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидоий ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилади.

Шу билан бирга маҳаллий кенгашларда ҳам худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев:

Иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантирамиз.

Шу билан бирга, кўплаб иқтидорли ўғил-қизларимиз хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқимоқда, илм-фан билан шуғулланмоқда, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бормоқда.

Биз ана шундай юксак билим ва малакага эга ёшларимизни Ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиб берамиз.

Уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгилаш, уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизимни жорий этамиз.

  Шавкат Мирзиёев:

  Ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.

Бунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайдилар.

Жорий йилдан бошлаб бундай иқтидорли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди.

Шунингдек, халқаро нуфузли рейтингларда минѓталикка кирган олийгоҳни туггатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади.

  Шавкат Мирзиёев:

  Хабарингиз бор, кейинги пайтларда келажагимиз эгалари билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” ҳаётга татбиқ этилмоқда.

  Олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 8 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Жумладан, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабаларнинг контракт пули тўлаб берилди.

  Бундан буён, ҳар қандай инвестиция лойиҳасининг бош мақсади аввало ёшлар бандлиги масаласини ҳал этишга қаратилиши керак. Бу ҳамма жойда, ўзгармас қоидага айланиши зарур.

  Шавкат Мирзиёев:

  Мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Бундан буён, мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлади.

Бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилади.

  Шавкат Мирзиёев:

  Жорий йил якунига қадар Қорақалпоғистон, Андижон, Самарқанд, Сирдарё ва Навоийда ёшлар технопарклари фойдаланишга топширилади.

Келгуси йили Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Хоразм ва Сурхондарёда ҳам шундай технопарклар барпо этилади.

Шунингдек, ёшларнинг стартап ғояларини саралаб олишнинг очиқ-ошкора тизими йўлга қўйилиб, энг яхши лойиҳаларни молиялаштиришга келгуси йилда бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратамиз.

Вилоят ҳокимлари ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап лойиҳалари танловини жорий этиб, ҳар бир тумандан камида учтадан ғолибларга маҳаллий бюджетдан грантлар бериб боради.

Битта грантнинг суммаси ўртача 50 миллион сўмни ташкил этади.

  Шавкат Мирзиёев:

  Ёшларни бизнесга ўқитиш, “Лойиҳалар фабрика”ларида янги ғоялар асосида инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва молиялаштириш бўйича доимий ишлайдиган ҳамда ёшларга қулай ва қизиқарли бўлган янги тизимни яратиш зарур.

  Хориждаги ёшларимизга Ватанимизга қайтиб ишлаш, ўз бизнесини ташкил этиш, уларни уй-жой шароитларига ёрдам бериш йўлга қўйилиши керак.

  Ушбу ишларни молиялаштириш мақсадида, бюджетдан қўшимча 100 миллион доллар маблағ ажратилади.

  Миллий банк, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо саноат палатаси нуфузли хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ёшларни тадбиркорликка ўргатиш бўйича янги бизнес мактаб ташкил этсин.

  Келгуси йилдан ушбу бизнес мактабнинг барча ҳудудларда филиаллари очилади.

  Шавкат Мирзиёев:

Иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратамиз.

Маълумки, бугунги кунда ота-оналар фарзандини олийгоҳда ўқитиш учун 22-28 фоиз ставкада таълим кредитини 3 йил муддатга олмоқдалар.

Лекин бу ҳаммага, айниқса, узоқ ва чекка жойларда яшайдиган оилаларга оғирлик қилаётгани ҳам бор гап.

Шуни ҳисобга олиб, янги ўқув йилидан барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни жорий йилда 14 фоиз ставкада ажратилади.

Бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан ҳам озод қилинади.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун, контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.

  "Янги умид" – Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг навбатдаги лойиҳаси. Лойиҳа қаҳрамонлари "Аёллар дафтари" уларга янги умид бағишлагани ҳақида ҳикоя қилади.

  "Янги умид" лойиҳасининг иккинчи сони. Лойиҳа қаҳрамони- Андижон вилоятида истиқомат қилувчи ёлғиз она Шоира Жўрабоева  "Аёллар дафтари"да кўзда тутилган ижтимоий ҳимоя унинг ҳаётига қандай енгилликлар олиб киргани ҳақида сўзлайди.

Манба: https://t.me/Press_Secretary_Uz

 

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун 

t.me/uzmetaxborotxizmati

>