ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг 2021 йил 1–5 июнь кунлари Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (СПХИФ) доирасидаги хорижий ҳамкорлар билан учрашуви натижалари бўйича ҳисоботи
  • 06.06.2021
  • 345

  1-кун (2021 йил 1 июнь санаси):

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов ҳамда Бошқарув раисининг инвестициялар бўйича ўринбосари Ф.М.Қурбонов 2021 йил 1 июнь куни тунда Ўзбекистон ҳаво йўлларининг Тошкент–Санк-Петербург йўналишидаги рейси орқали  Санк-Петербург шаҳрига етиб борди.

  2-кун (2021 йил 2 июнь санаси):

  Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларини ҳисобга олган ҳолда, Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган қатъий тартибли дастур асосида, коронавирус инфекциясининг (COVID–19) тарқалишининг олдини олиш бўйича хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилгани боис Форумнинг биринчи куни ташкилий масалаларни ҳал этиш ишлари билан ўтди. Жумладан, Ташкилий қўмитанинг махсус https://roscongress.org электрон платформаси орқали “COVID–19” юқуми касаллигига Ўзбекистонда топширилган таҳлил натижалари бириктирилиб, сўнгра Санк-Петербург шаҳрида топширилган тест таҳлиллари натижалари киритилиб, электрон платформадан ID рақамлар олинди. ID рақам ташкилотчилар томонидан махсус текширувдан ўтганидан сўнг Форум майдонига киришга махсус рухсатнома — бейжик олинди.

  Куннинг иккинчи ярмида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти вакиллари Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Петербург энергетика малака ошириш институтига (ПЭИПИ) ташриф буюрди. Институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчи — ўқув ишлари бўйича проректор В.В.Старовойтенко ҳамда педагогик жамоа билан учрашув ўтказилди. Учрашув чоғида 2021 йил 15 март куни Тошкент шаҳрида институтнинг собиқ ректори, профессор А.Н.Назаричёв ва Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов томонидан имзоланган малака ошириш ишлари бўйича 3 босқичли ҳамкорлик меморандумининг барча бандлари қайта кўриб чиқилди, тузатиш ва қўшимчалар киритилди. Учрашув давомида муҳокама этилган масалалар хулосасига кўра Меморандумга илова тарзда бириктириладиган иш режаси — “Йўл харитаси” имзоланди. Ташриф чоғидаги келишувларга биноан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ўрта буғин раҳбар кадрларидан иборат бир гуруҳ мутахассислар Санкт-Петербург шаҳрига малака ошириш учун юборилади.

  3-кун (2021 йил 3 июнь санаси):

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбарияти Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг очилиш маросимида иштирок этишди.

  Сўнгра Форум доирасида сессияларга бўлиб ўтказилган тор доирадаги учрашувларда иштирок этилди, дунёнинг етакчи давлатларидан ташриф буюрган мутахассисларнинг маърузалари тингланди. Форум майдонидаги энергетика соҳа ташкилотларининг тақдимотларида иштирок этилди.

  Мисол учун, Форум доирасида 2002 йилда ташкил этилган «Глобал энергия» ассоциациясининг 2003 йилдан буён дунёнинг 15 дан ортиқ мамлакатлари сазовор бўлган халқаро энергетика мукофоти лауриятлари амалга оширган ишлар бўйича тақдимоти намойиш этилди. «Яшил энергия»ни ривожлантиришга қаратилган комплекс ишларни амалга оширувчи мазкур ассоциациянинг 2020 йилдаги мукофот фонди 39 миллион россия рубли даражасига чиққани Форумда алоҳида эътироф этилди. 2021 йилги мукофот соҳибини, мавжуд анъанага кўра, дунёнинг 14 та давлатида яшаб изланишлар олиб борадиган 20 нафар обрўли соҳа мутахассислари — олимлар аниқлайди.

  Куннинг иккинчи ярмида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов “Жанубий Урал арматура ва изолятор заводи” АЖ стратегик лойиҳалар департаменти бошлиғи Роман Еловенко билан учрашди.

  2021 йил 5-6 апрель кунлари Тошкентда ўтказилган “Инно Пром” саноат кўргазмаси доирасида «Жанубий Урал арматура ва изолятор заводи» АЖ билан дастлабки ҳамкорлик келишувлари ўзбекистонлик мутахассисларни Россиянинг мазкур компанияси тасарруфидаги амалий машғулот курсларида ўқитиб, юқори кучланишли электр тармоқларини экспуатация қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган мутахассисларга янги турдаги изолятор ва бошқа электр қурилмаларидан тўғри фойдаланиш бўйича малака ошириш амалиётларини ўз ичига олганди. Энди эса, Форум доирасидаги учрашувларда, хорижий ҳамкор вакили айни пайтда завод томонидан ишлаб чиқарилаётган янги турдаги изолятор ҳамда электр тармоқлари таянч устунлари бошқа жиҳозларининг афзалликлари, чидамлилиги ҳақида тўлиқ маълумот бериб, Ҳукуматлараро келишувларга асосан эълон қилинаётган тендер савдоларида иштирок этиш истагини билдирди.

  «Жанубий Урал арматура ва изолятор заводи» АЖ Стратегик лойиҳалар департаменти бошлиғи Роман Еловенкога «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг uzbekistonmet.uz веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида танлов ва тендер эълонлари бериб борилаётгани, таклиф этилаётган электр жиҳози ва қурилмаларига Ўзбекистонда мавжуд стандарт талабларга мувофиқ сертификатлар тақдим этилиб, амалдаги қонунчилик асосида қурилиш-монтаж ишларида ҳам ҳамкорликни давом эттириш мумкинлиги билдирилди.

  Шунингдек, Форумнинг учинчи кунида Россия Федерацияси электр энергетика иш режимини мувофиқлаштириш бўйича илмий-амалий таҳлил маркази — «Ягона энергетика тизимининг илмий-техник маркази» акциядорлик жамияти бош директори В.В.Крицкий ҳамда Илмий-техник марказнинг Реле ҳимояси ва автоматика бошқармаси бошлиғи А.А.Лисицын билан дастлабки танишув учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар электр таъминоти тизимида барқарор иш режимини сақлаш, жумладан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибидаги Марказий диспетчерлик маркази (МДМ) фаолияти, Марказий Осиё давлатлари электр таъминоти тизимини мувофиқлаштириш маркази фаолияти, Марказнинг худди шу каби функцияларини бажарувчи Россия Федерациясида тузилмалар иш тартиби, мутахассисларнинг малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, энергетика соҳасига татбиқ этилаётган рақамли технологияларнинг янги стандартларига мослашиш, юзага келаётган жиддий муаммоларга ечим топиш каби масалалар муҳокама этилди.

  Бош директори В.В.Крицкий соҳа йўналишида олиб борилган тадқиқотлар жамланмасини электрон шаклда тақдим этди ва ушбу тақдимот материаллари ўзбекистонлик мутахассислар томонидан атрофлича ўрганилганидан сўнг икки томон мутахассисларига семинар шаклидаги учрашув ташкил этиш таклифини билдирди. Таклиф «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов томонидан илиқ кутиб олинди.

  4-кун (2021 йил 4 июнь санаси):

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия Федерацияси Президенти иштирокида ўтган сессия йиғилишида иштирок этди.

  Сессия иши якунлангач, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда Россия Федерациясининг «Россети» акциядорлик компанияси стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

  Мазкур ҳужжат Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов ва «Россети» акциядорлик компанияси бош директори Андрей Рюмин томонидан имзоланди.

  Ўзбекистон магистрал электр тармоқлари ҳамда юқори кучланишли подстанцияларни ривожлантириш, янги-янги лойиҳаларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш — имзоланган “Йўл харитаси”нинг асосий таркибий қисмини ташкил этади ва у аввал имзоланган Битимнинг чора-тадбирлар режаси ҳисобланади.

  2020 йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 21-йиғилиши доирасида «Россети» АК ва «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган эди. Унда Ўзбекистоннинг электр тармоқлари инфратузилмасини қуриш ва модернизация қилиш, шу жумладан соҳада илғор технологик ечимлар — рақамли технологияларни жорий этиш, бундан ташқари, Ўзбекистон электр энергетика тармоғини ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда қўшни давлатларнинг энергетика тизимлари жойлашуви ва истиқболдаги ривожини ҳисобга олиш бўйича зарур маълумотларни таҳлил этиш каби амалиётларда яқин ҳамкорликни амалга ошириш кўзда тутилган эди.

  5-кун (2021 йил 5 июнь санаси):

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов ва Бошқарув раисининг инвестициялар бўйича ўринбосари Ф.М.Қурбонов 2021 йил 5 июнь куни “Аэрофлот” компаниясининг рейси билан Санк-Петербург–Москва, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясининг рейси билан Москва–Тошкент йўналишида парвоз қилиб, Ўзбекистонга қайтди.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг 2021 йил 1–5 июнь кунлари Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (СПХИФ) доирасидаги хорижий ҳамкорлар билан учрашуви Ахборот хизмати томонидан ёритиб борилди.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (СПХИФ) доирасида учрашган хорижий ҳамкорлар ҳақида маълумот

  Андрей Валерьевич Рюмин, «Россети» акциядорлик компанияси бош директори;

  Виктор Валентинович Старовойтенко, Петербург энергетика малака ошириш институтига ректори вазифасини вақтинча бажарувчи — ўқув ишлари бўйича проректор;

  Роман Еловенко, “Жанубий Урал арматура ва изолятор заводи” акциядорлик жамияти Стратегик лойиҳалар департаменти бошлиғи;

  Виктор Анатольевич Крицкий, «Ягона энергетика тизимининг илмий-техник маркази» акциядорлик жамияти бош директори («НТЦ ЕЭС» — Противоаварийная автоматика);

 Лисицын Андрей Андреевич, Ягона энергетика тизимининг илмий-техник маркази» акциядорлик жамияти Реле ҳимояси ва автоматика бошқармаси бошлиғи («НТЦ ЕЭС» — Противоаварийная автоматика).

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>